Линклар

Навоий буюм бозори ëниб кул бўлди

  • Садриддин Ашур

Бозордаги савдо расталаридан қолгани¸ бир уюм ахлат ва кул бўлди¸ дейишмоқда гувоҳлар.

Бозордаги савдо расталаридан қолгани¸ бир уюм ахлат ва кул бўлди¸ дейишмоқда гувоҳлар.

Навоий марказидаги кийим-кечак ва буюм бозорининг ёниб кул бўлгани хабари Озодликка 1 апрел куни етиб келди.



"6 мартдан 7 мартга ўтар кечаси Навоий шаҳридаги катта буюм бозорида 180 дан зиëд катта-кичик магазинлар ëниб кулга айланди. Савдо ходимларининг тахминича¸ 1500000000 дан зиëд моддий талафот етган. 3 киши юрак хурушидан вафот этди. Айримлар 60-70милионлик нарсаларидан айрилди. Нега бу хабар Озодликка етиб бормади¸ ҳайронман."


Бу хабар Озодликнинг электрон почта қутисига 1 апрел куни келди ва биз дарҳол унинг тафсилотларини ўрганишга киришдик.

Исми сир қолишини сўраган навоийлик тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, бу бозорда 150 дан ортиқ дўкон бўлган. 8 март байрами арафасида барча дўкондорлар савдо учун жуда кўп мол олиб келган. Бироқ, ярим тунда чиққан ёнғин, елимдан ясалган ва бир-бирига жуда яқин қурилган дўконларни бир зумда кулини кўкка совурган:

- Бутунлай ëниб кетган. Ҳеч нарса қолмаган. Ҳаммаси жабр кўрган. Бирор нарса қолмади. Металларгача эриб кетди. У ерга пожарнийлар кирадиган йўллар бўлмаган. Ҳамма нарса кул бўлиб кетди. Одамларга жуда жабр бўлди. Одамлар байрам олдидан деб товарларни олиб келиб қўйган. Пуллари ҳам бўлган бечораларнинг. 100-200 миллионгача товарлар, пуллар ëнган, дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир тутилишини сўраган навоийлик тадбиркор.

Навоий марказидаги буюм бозори яқинидаги хонадонлардан бирида яшовчи Света исмли аёл Озодлик билан суҳбатда 7 мартга ўтар кечаси қаттиқ бақир-чақирлардан уйғониб кетганини айтади:

- Жуда ёмон бўлди, бирданига ҳамма томон ёришиб, қасира-қусур товушлар чиқа бошлади. Ҳамма кўчага чиқди. Бир зумдан кейин пожарнийлар келди. Бироқ улар ҳам ҳеч нарса қила олмади.Олов бир зумда бутун бозорни қоплаб олди, дейди Света.

Суҳбатдошга кўра, жуда кўп мол- мулкидан ажралган камида икки нафар тадбиркор юрак хуружидан вафот этган:

- Катта пул йўқотганлар болницага тушган. 20-30 кишини эрталаб тез ëрдам олиб кетган. Икки савдогар болницада вафот этган. Молидан ажралгандан кейин, энди кўп нарсани йўқотди-ку, 100-150 миллионлик товарни бирдан йўқотгандан кейин, ёмон бўлган-да, дейди навоийлик тадбиркор.

Айни пайтда Навоийдаги буюм бозори директори устидан жиноий иш қўзғалгани айтилмоқда.

Озодлик манбаларининг айтишича, бозорга ўт кетиши ортида икки сабабдан бири бўлиши тахмин қилинмоқда.

Биринчиси, электр тизимидаги носозликдан ёнғин келиб чиқиши ва иккинчиси¸ қасддан ўт қўйиш.

Навоий шаҳридаги буюм бозорининг куйиб кетгани ҳақидаги хабар тафсилотларини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири шаҳар ва вилоят Ички ишлар бошқармаси¸ прокуратураси ва ҳокимлигига сим қоқди. Учала идора расмийлари бу борада бирор тайинли гап айтиш ўрнига¸ Озодликни ўз ораларида "копток" қилишди.

Ички ишлар бошқармаси ҳокимликка¸ ҳокимлик прокуратурага¸ прокуратура қайтариб яна Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Ички ишлар бошқармаси навбатчисидан олинган ягона маълумот¸ ëнғин юзасидан учала тизим расмийларидан иборат махсус Ишчи гуруҳ тузилгани бўлди¸ холос.

Навоий буюм бозорида савдо қилган тадбиркорлар¸ улар яқинлари ва ëнғин тафсилотларидан хабардор шахслар бу воқеага оид фактларни Озодликка юборишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG