Линклар

logo-print

Москванинг Домодедово аэропортида ошқозонида героин олиб келаётган ўзбек фуқароси оламдан ўтди. 25 март куни содир бўлган бу ҳодиса ҳақида Россиянинг Лента.ру нашри бугун хабар қилди.

Исми айтилмаётган Ўзбекистон фуқароси Тошкент-Москва рейси билан Россия пойтахтига учиб келган. Домодедово аэропортга келиши билан ҳушидан кетиб қолган ва касалхонада жон берган.

Кейинчалик унинг жасади ёриб кўрилганида ошқозонида 74 та капсулада 646 грамм героин бўлгани аниқланган. Бундай миқдордаги героин қорабозорда 100 минг АҚШ доллари туради.

Гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғулланадиган шахслар ҳаёти баъзида ўлим билан якунланади. Ўтган йил март ойида Москванинг Внуково аэропортида тожикистонлик йигит ошқозонидаги героин капсуласининг ёрилиши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Россия ҳудудига гиёҳванд моддалар¸ асосан¸ Афғонистондан, Марказий Осиё республикалари орқали келтирилади. Наркотикларни назорат қилиш хизматига кўра, Россияда гиёҳвандфурушлар героин савдосидан йилига 16 миллиард доллар фойда кўришади.
XS
SM
MD
LG