Линклар

logo-print

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда маҳсулотлар ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархи яна ошди.

Тошкентда 1 апрелдан бошлаб марказий иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув таъминоти учун тўловлар ошди.

Сўнгги бор шу йилнинг феврал ойида ҳисоблагичи йўқ хонадонлар учун иссиқ сув нархи 20 фоизга оширилган эди.

Тошкентликлар Наврўз байрами арафасида қабул қилинган бу қарорни “ҳукуматнинг уларга аталган “байрам совғаси” эканлигини айтишган эди.

Пойтахтликлар энди марказий иситиш тизими учун ҳар бир одам бошига 436 сўму 27 тийин тўлайди. Ҳисоблагичсиз иссиқ сув одам бошига 5460 сўмни ташкил этади, деди “Тошиссиққувват” корхонаси расмийси Озодлик билан суҳбатда.

“Тошиссиққувват” расмийси тўловлар оширилгани сабабларини энергия ресурлари ва электр энергияси нархлари ошганлиги билан изоҳлади.

Озодлик суҳбатлашган пойтахтликларнинг айтишича, Тошкентда ҳар йили ўртача икки-уч марта коммунал тўловлар нархи ошиб бормоқда ва бу ҳолат халқ ижтимоий аҳволининг янада оғирлашиб боришига сабаб бўляпти.

Учтепа туманида яшовчи, ишсиз 52 яшар Шавкат Бадаловнинг айтишича, ҳукумат ҳар гал коммунал тўловлар нарх-наволарини кўтарадию, лекин аҳолининг буни тўлашга қудрати бор ёки йўқлиги билан қизиқмайди:

- Жабр бўлди лекин, фойдаланмасак бўлмайди, лекин кундан кунга оғир бўлиб боряпти. Нима қиламиз энди, додимизни кимга айтамиз? Бирорта норозилик, у-бу нарса билдирай десангиз, ҳаммасининг юраги товонида. Ҳаммаси қўрқади. Энди тишини тишига қўйиб чидаб юраверади. Бошқа нима ҳам қўлидан келарди, бечора халқнинг? дейди Озодлик суҳбатлашган тошкентликлардан бири Шавкат Бадалов.

Тошкентда 1 апрелдан бошлаб жамоатчилик транспорти нархлари 20 фоизга қимматлади

Шаҳар автобус, метро ва трамвайда юриш 100 сўмга қимматлашди ва бир марталик чипта нархи 600 сўм ¸ бир ойлик чипта нархи эса 48 минг сўм қилиб белгиланди.

“Тошшаҳархизматтранс” уюшмаси эксплуатация бўлими бошлиғи ўринбосари Егор Надеев Озодлик билан суҳбатда йўлкира ошиши сабабларини ëнилғи нархининг кўтарилгани билан боғлади:

- Ёнилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмлар нархларининг ошиб бориши сабаб биз ҳам йўлкира нархларини кўтаришга мажбур бўляпмиз, деди Егор Надеев.

Тошкентлик уч боланинг отаси, 46 яшар Солижон Абдураҳимов ҳисоб- китобича¸, энг кам маош 48 минг сўм қилиб белгиланган мамлакат пойтахтида бир одам кунига икки марта икки хил жамоат транспортидан фойдаланса¸ биргина ойлик йўлкиранинг ўзига 100 минг сўмга яқин пул сарфлашга мажбур.

-Ўзи шу 500 сўм ҳам одамларга оғирлик қилиб турган эди. Ўзи ҳар уч-тўрт ой ойда гоҳ сувга, гоҳ нонга, яна бир нарсаларга нархлар тинмай ошиб турибди. Одамлар бу ҳаётда бир яхшиликни кутишни ҳожати йўқ эканлигига тан бериб қўйган, дейди тошкентлик Солижон Абдураҳимов.

Тошкентда шаҳар транспортида йўлкира нархлари бундан роппа-роса бир йил аввал, 1 апрелда 100 сўмга оширилган эди.

Айни пайтда¸ жамоат транспорти ва сув таъминоти тўловининг оширилгани Ўзбекистон ҳукумати тошкентликларга ҳозирлаган 1 апрел "совға"сининг бари эмас.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга киритиладиган хориж унига солинадиган акциз солиқлари яна 15 фоизга оширилди.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган тропик мевалар: банан, тар ананас, авокадо, гуайава, тар манго ва мангостан, апельсин, тар мандарин ва мандарин қоқи, клементин, вилкинг ва унга ўхшаш бошқа гибрид мевалар, тар лимон ва лимон қоқилар ҳамда кивига божхона қийматининг 25 фоизи миқдорида акциз солиғи солинди.

Аммо кейингилари¸ тошкентликлардан бири айтган каби¸ "кўпга келган тўй" - ҳукуматнинг бу қарорларидан нафақат Тошкент¸ балки 28 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг барчаси "баҳраманд" бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG