Линклар

Қозоғистонда 3 апрел куни ўтказиладиган президентлик сайлови ана шу савол атрофида мулоҳаза юритишга ундади.


Нурсултон Назарбоев, Мелис Елеусизов¸ Жамбул Акметбеков, Ғани Қосимов.

3 апрел куни ўтказиладиган Қозоғистон президенти сайловида иштирок этиш учун овоз бериш участкаларига борадиган қозоғистонликлар сайлов бюллетенларида мана шу тўртта исмни кўради.

Сайлов натижалари яна рўйхатдаги биринчи арбоб - иқтидордаги президент фойдасига бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

Қозоғистон президенти сайловлари тарихи таҳлили мана шундай фикрга асос бўлиш билан бирга Ўзбекистон президенти сайловларини ёдга солади.

Иккала мамлакат президент сайловлари тарихининг мухтасар таҳлили билан танишинг.


Рўйхатдаги биринчи номзод - Нурсултон Назарбоевни ўзбекистонликлар яхши танийди.

Таҳлилчилар фикрича, "Табиат" экологик уюшмаси раиси Мелис Елеусизов, Коммунистик халқ партияси етакчиси Жамбул Акматбеков, "Ватанпарварлар" партияси етакчиси, сенатор Ғани Қосимовлар шу кунда ўзбекистонликлар учун қанчалик нотаниш бўлса, сайловдан кейин ҳам шунчалик нотанишлигича қолиб кетаверади.

Нурсултон Назарбоевнинг ҳам, Ислом Каримовнинг ҳам сайловлари бир қарашда рисоладагидай ўтганга ўхшайди.

Бироқ таҳлилчилар масалага чуқурроқ, легаллик ва легитимлик нуқтаи назаридан ёндошадилар.

Келинг, аввало, мавзуни ўрганишимиз осон бўлсин учун легаллик ва легитимлик тушунчалари маъносини ёдга солайлик.

Бу ишда бизга социолог ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ёрдам беради.

Легаллик нима?

- Легаллик – қонунийлик, юридик ҳуқуқий мувофиқлик деган маънолар беради. Масалан Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон қонунларидан келиб чиқиб бу ҳатти-ҳаракатлар қанчалик тўғри нотўғри, яъни қонунга мувофиқ, мувофиқ эмаслигини аниқлаб беради. Бу легаллик. Легал дегани қонуний дегани.

Легитимлик нима?

- Легитимлик бу анча кенг тушунча. Легитимлик дегани жамият томонидан тан олиниш даражаси. Жамият тасаввури ва қадриятларига мувофиқлик даражаси ëки аҳолининг ҳокимиятга бўйсунишга ишонч даражаси. Яъни ҳокимият, ҳукумат ëки бирор-бир гуруҳ ëки сиëсий шахс қанчалик легитим бўлар экан шунчалик халқ томонидан тан олинади ва унга шунчалик бир табиий равишда қўрқувларсиз, мажбуриятларсиз одамлар, жамият унга бўйсунади. Легитимлик қонун даражасида бўлсин бўлмасин, масалан зиддиятлар пайдо бўлади. Легаллик билан легитимлик. Айтайлик, қонун даражасида сайловлар ўтди ва маълум бир муддатдан кейин халқ томонидан ўша ҳокимият, масалан мана Араб давлатларида кўраяпмиз, у ағдариб ташланди. Лекин бутун халқ иштирок этганлиги учун бу ҳокимият кейинги сайловларгача легал ҳокимият эмас. Яъни қонунлар даражасида фаолият кўрсатаëтган ҳокимият эмас. Лекин у легитим. Яъни халқ томонидан тан олинган ва халқнинг иродаси билан ҳукуматга келган ҳукумат ҳисобланади, дейди Камолиддин Раббимов.

Социолог ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг ёрдами билан легаллик ва легитимлик нима эканлиги тўғрисида бироз тасаввурга эга бўлдик.

Мана энди Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримовлар номлари билан боғлиқ сайловларнинг, уларнинг президентлик лавозимига келишининг, бу лавозимни эгаллаб туришининг легаллиги ва легитимлиги тўғрисидаги фикрларга ўтамиз.

Қозоғистон

1990 йилнинг апрелида Қозоғистон совет социалистик республикаси Олий совети Коммунистик партия биринчи котиби Нурсултон Назарбоевни президентликка сайлади.

Тарихчи олим ва сиёсатшунос, Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири Султанхан Жусупнинг фикрича, ўша сайлов легал ва легитим бўлган.

Ўзбекистон

Ислом Каримов Ўзбекистон президенти лавозимига илк бор 1990 йил, 24 мартда сайланган эди. Ислом Каримов ҳам қўшнисидай "Коммунистик партия биринчи котиби" деган лавозим номини "президент" деган атамага алмаштирганди.

Камолиддин Раббимов:

- Бу халқ сайловлари эмас. Бу ўша даврдаги Олий Кенгаш томонидан Каримовни президент этиб сайлаши ҳақида гап кетади. Лекин буни сайлов дейиш қийин. Чунки бу биринчидан халқ сайлови эмас. Иккинчидан, бу номни ўзгартириш, рус тилида переименование десак кўпроқ тўғри бўлар, дейди Камолиддин Раббимов.

Қозоғистон

1991 йилнинг 1 декабрида – ҳали ҳануз Қозоғистон ССР, деган ном билан яшаётган республикада биринчи умумхалқ президент сайлови ўтказилди. Қозоғистон ўзини мустақил деб эълон қилишига яна 16 кун бор эди.

1 декабр кунги сайловда Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ССР президенти этиб сайланганди.

Султанхан Жусупнинг фикрича, ўша сайлов легал ва легитим бўлган.

Бироқ 16 декабрдан сўнг пайдо бўлган вазиятда Назарбоевнинг президент лавозимида қолишининг легаллиги ва легитимлиги масаласи кун тартибига чиқиб қолганди.

Султанхан Жусупнинг фикрича,

- Назарбоевнинг мустақил Қозоғистон республикаси президенти бўлиб қолишга ҳаққи йўқ эди. У қайта сайлов ўтказиши лозим эди, лекин бу ишни қилгани йўқ.

Ўзбекистон

1991 йил, 29 декабрда биринчи Ўзбекистон президенти сайлови, Камолиддин Раббимовнинг фикрича, легал сайлов бўлган. Лекин легитим бўлмаган.

- Бу қонун доирасидаги сайловлар эди.

Озодлик: Легал сайлов-а?

- Легал сайлов. Ва унда ҳукумат урғу берадики, бу муқобиллик асосида ўтди дейилади. Биз биламизки, Каримовдан ташқари Муҳаммад Солиҳ ҳам иштирок этган эди. Легаллик нуқтаи назардан мана шу сайловларда Каримов ютиб чиқди. Лекин бунинг легитимлигига кўпгина шубҳалар билдириш мумкин. Яъни халқ томондан тан олиниш даражаси. Агар сайловлар ҳақиқатан эркин бўлганида ва маъмурий имкониятлар ишлатилмаганида, муқобил бўлган номзоднинг имкониятлари қирқилмаганида эди, Муҳаммад Солиҳнинг олган овозлари анча юқори бўлиши мумкин эди. Агар сайлов жараëни узоқ муддат давом этиб, ҳақиқатан эркин сайловлар бўлганда, Муҳаммад Солиҳ балки 51 фоиз ëки ундан кўпроқ овоз олиши мумкин эди. Сиëсий жараëн қандай бўлишига кўп нарса боғлиқ, дейди Камолиддин Раббимов.

Қозоғистон

Нурсултон Назарбоев 1993 йили мамлакат парламентини тарқатиб юборди. Бу иш 1995 йили яна такрорланди.

1995 йилнинг апрелида Қозоғистонда умумхалқ референдуми ўтказилганди ва Назарбоевнинг ваколатлари 2000 йилгача узайтирилганди.

Бу иш ҳам, Султанхан Жусупнинг фикрича,

- Нолегал ва нолегитим иш бўлди. Чунки референдум ўтказиш учун парламент рухсати керак эди, парламентни эса Назарбоевнинг ўзи тарқатиб юборган.

Нолегал ва нолегитим, деб ҳисобланаётган биринчи сайловдан келиб чиқилганда ҳам Қозоғистон президенти сайлови 1996 йил декабрида ўтказилиши керак эди. Назарбоев эса, 1995 йилги референдум орқали ваколатларини 2000 йилгача узайтириб олди, дейди Султанхан Жусуп.

Ўзбекистон

Яна Ўзбекистонга қайтамиз. 1995 йил, 26 мартда бу мамлакатда умумхалқ референдуми ўтказилган эди. Бу тадбирни балки легал дейиш мумкиндир, бироқ у легитим бўлмаган.

- У пайтда мен студент эдим. Бизни ҳам референдумга таклиф қилишган эди. Биз фақатгина паспортимизни кўрсатиб, рўйхатдан ўтган эдик. Яъни биз сайловда иштирок этмаган эдик. Референдумда биз учун овоз беришган эди. Буни ҳатто яширишмаган эди ҳам. 1995 йил 26 мартда референдум эълон қилинади ва унда битта масала қўйилади. Ислом Каримовнинг президентлик ваколатини 2000 йилгача, 2000 йилни ичига қамраб олмайди, 1999 йил декбаргача чўзиш масаласи қўйилади. Референдум натижаларига мувофиқ Каримовнинг ваколатлари чўзилади.

Озодлик: Ўша референдум легал бўлганми?

- Биласизми, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ референдумда кўрилиши мумкин бўлмаган масалалар бор. Масалан Ўзбекистон ҳудудларини кўриб чиқиш ëки бир қанча шунга ўхшаган масалалар бор. Лекин президентнинг ваколатларини чўзиш ман қилинган мавзуларга кирмайди. Қонунийлик нуқтаи назаридан бу референдумни Ўзбекистон қонунчилигида тўғри деб баҳолаш мумкин.

Озодлик: Легитимлигичи?

- Легитимлиги дунë тажрибасида, нима десам экан, буни легитим деб бўлмайди. Чунки биласиз энг авторитар бўлган, энг диктатура давлатлардагина мана шундай тажриба мавжуд биринчидан. Иккинчидан, Ўзбекистон шароитидаги сиëсий вазиятни ҳам инобатга олиш керак. Чунки референдум ташаббуси билан фақатгина парламент чиқа олади, президентнинг ўзи чиқа олади ва халқ ҳам мана шундай ташаббус билан чиқиши мумкин. Лекин бу механизм жуда ҳам мураккаб. Сайлов ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг беш фоизи имзо йиғиши керак ва бу барча аҳоли пунктларида тенг йиғилиши керак. Ўзбекистон шароитида буни қилиб бўлмайди.

Озодлик: Демак, ўша референдум нолегитим бўлган.

- Мен буни нолегитим деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистон шароитида оммавий ахборот воситалари эркин эмас. Мухолифат рўйхатдан ўтмаган ва ҳеч қандай сиëсий эътироз билдириш шароити, имконияти бўлмаган шароитда Каримов ўзининг ваколатини чўзиб олаяпти ва ташаббус сиëсий партиялардан, Каримов назоратида бўлган сиëсий партиялардан чиққан эди ва 1999 йил декабргача Каримовнинг ваколатлари чўзилган эди, дейди Камолиддин Раббимов.

Қозоғистон

1995 йилнинг апрелида ўтказилган умумхалқ референдумида ваколатларини 2000 йилгача узайтириб олган президент Назарбоев ваколатлари муддати тугамай, яъни 1999 йили президент сайлови эълон қилди. Сайлов йил бошида – 10 январда ўтказилди.

Назарбоев референдумда белгилаб қўйилган муддатдан

- Бир ойи кам икки йил олдин сайлов ўтказди ва бу сайловни ҳам нолегал ва нолегитим, деб аташга ҳақлимиз, деди Султанхан Жусуп.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда навбатдаги президент сайлови 1999 йил декабрида ўтказилди. Бу сайлов легал, лекин нолегитим эди.

- Бу ҳам муқобиллик асосида бўлди. Яъни Каримовдан ташқари Каримов узоқ йиллар партия аъзоси бўлган партия ўзининг номзодини кўрсатди. 1999 йилда янги партия тузилган эди Фидокорлар деган. Фидокорлар миллий демократик партияси. Лекин Каримовнинг собиқ партияси Ўзбекистон халқ демократик партияси ўзининг номзодини кўрсатган эди. Яъни Абдулҳафиз Жалоловни. Биз биламизки Абдулҳафиз Жалолов сайлов участкасидан чиқиб тахминан 30-40тага яқин халқаро журналистларга интервью бериб, “Мен Каримовга овоз бердим” деган эди.

Озодлик: Легал бўлганми ўша сайлов?

- Сайлов легал бўлган. Қонунчилик доирасида навбатдаги сайловлар бўлган эди.

Озодлик: Легитимлигичи?

- Легитимлиги албатта бу легитим эмас. Буни ҳеч қанақа легитим деб ҳисоблаб бўлмайди. Абдулҳафиз Жалолов яширмаган эдики, “Мен сайловларда иштирок этишни хоҳламаган эдим, лекин мендан шуни сўрашди” деб юмшоқ қилиб айтганда. Муқобил шахснинг ўзининг Каримовга овоз беришининг ўзи жамиятдаги, сиëсий доиралардаги атмосферанинг, муҳитнинг қанчалик таранг эканлигини билдиради, дейди Камолиддин Раббимов.

Қозоғистон

Умуман, бу мамлакат президенти сайловлари тарихига эътибор қаратилса, Нурсултан Назарбоевнинг ҳар гал муддатидан аввал сайлов ўтказиб келаётгани гувоҳи бўлиш мумкин.

Муддатидан аввал ўтказилган сўнгги сайлов натижаларига кўра яна президент бўлиб қолган Назарбоев бу гал 2012 йилнинг декабригача лавозимда қолиши керак эди.

Лекин у яна шошилди. Бу гал сайлов келаётган якшанбада – 3 апрель куни ўтказилади.

- Бу ҳам нолегал, ҳамда нолегитим сайловдир, деди Султанхан Жусуп.

Ўзбекистон

2002 йили Ўзбекистонда яна умумхалқ референдуми ўтказилди. Бу тадбирнинг легаллиги ва легитимлигига эътироз билдириб бўлмайди. Лекин...

Энг катта гап мана шу "лекин"да.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан ўтказганимиз суҳбатнинг бу қисмида 2007 йили ўтказилган президент сайлови ҳақида ҳам сўз борадики, бу сайловни алоҳида абзацга бўлмаганимиз сабабини ўзингиз тушуниб оласиз.

Ислом Каримовни нима учун нолегал ва нолегитим президент эканлигини тушуниб олмоқчи бўлсангиз, суҳбат давомини диққат билан тингланг.

- Лекин Каримовнинг ваколатлари бу ерда кўрилмаган эди. Бу ерда иккита масала кўрилган эдики, биринчиси Олий Мажлисни икки палатали профессионал парламент шакллантириш, иккинчиси президентлик ваколатини, Каримовнинг ваколатларини эмас, президентлик ваколатлари, бу ерда шунга эътибор бериш керак, президентлик конституцион ваколатларини 5 йилдан 7 йилга чўзиш масаласи қўйилган эди. Иккала масалага ҳам халқ хўп деб жавоб берган. Яъни кўпчилик ўша таклифларни қўллаб-қувватлаган.

Озодлик: Бу сиëсий тадбир легалмиди нолегалмиди?

- Бу албатта легал. Чунки Ўзбекистон қонунчилиги бўйича давлат тизимига алоқадор бўлган муҳим масалалар референдум орқали ҳал қилиниши керак.

Озодлик: Легитимлигичи?

- Легитимлигига бу ерда эътироз билдириб бўлмайди. Чунки менинг назаримда мана шу иккала масалада ҳам халқнинг принципиал эътирози бўлиши мумкин эмас эди. Яъни битта масала бўйича, икки палатали парламентга ўтиш маслааси бўйича. Лекин беш йилдан етти йилга чўзиш масаласи бу анча зиддиятли, лекин Ўзбекистон жамиятининг ҳақиқий муносабатини билмаймиз. Бу масалалар бўйича социологик тадқиқотлар ўтказилмаган. Ўтказилган бўлса-да уларга ишониш қийин ва бошқа муқобил маълумотларни текшириш имкониятига эга эмасмиз. Лекин...

Озодлик: Лекин шунга қарамай легитим деяпсиз.

- Мен буни кўпроқ легитим деб биламан. Чунки бу асосан Ўзбекистон конституциясидаги иккита катта бир бўлимни ўзгартирган эди. Ўшанда айтилган эдики, референдумни ўтказиш бўйича махсус комиссиянинг бир қанча вакиллари, жумладан мана Рустамбоев бор, олдин сенатор эди ва Юридик институтнинг ректори, ўша киши ҳам айтган эди, мақолалар ҳам ëзилган эдики, етти йиллик ваколатнинг чўзилишининг жорий президентга алоқаси йўқ деган эди. Яъни Каримовга алоқаси йўқ дейилган эди. Бу жиддий айтилган эди. Бу бир қанча оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилган эди. "Халқ сўзи" газетасида ҳам бу мақолалар чиққан эди. Буни яхши эслайман.

Лекин шундай бўлса-да навбатдаги сайловлар 2004 йилнинг охирида бўлиши керак эди. Лекин референдум натижалари бўйича конституцион қонун эълон қилинди. Бу масала Каримовга алоқадор бўладими йўқми у ерда аниқлаштирилмади. Сайловлар 2004 йилнинг охирида бўлмади ва бутун жамият кутишни бошладики, демак 2006 йилнинг охирида бўлиши керак. Эътибор беринг. 1999 йил декабрда сайловлар бўлди. 7 йил деб ҳисоблайдиган бўлсак ҳам 2006 йил декабрда бўлиши керак эди. Шунга қарамасдан 2007 йил декабрда бўлди. Бу ерда иккита катта бузилиш бўлаяпти. Биринчиси қонунларнинг бузилиши бўлаяпти, легалликнинг бузилиши бўлаяпти. Биринчиси, етти йиллик ваколат муддати Каримовга жорий қилинаяпти. Етти йиллик жорий қилинса ҳам Каримов ҳокимиятда ортиқча бир йил ўтираяпти. 2006 йилда бўлиши керак бўлган сайловлар 2007 йилга бориб тақалаяпти. Учинчи ва энг асосий катта бузилиш, биз биламизки конституцияда чекловлар мавжуд. Президентлик муддатининг чеклови. Янги референдумдан кейинги чекловлар билан бўлганда ҳам етти йилдан икки марта Каримовнинг ўзининг номзодини кўрсатишга ҳаққи бор эди. Демак, ҳисоблайдиган бўлсак, 1991 йилда сайловлар бўлди, бу биринчи муддат ва 2000 йилгача келди шу муддат билан. Иккинчи муддат 1999 йилдан 2006 йил декабргача бўлиши керак эди. Лекин 2007 йилнинг декабрида Каримов ўзини учинчи марта номзод қилиб кўрсатди.

Озодлик: Легаллик нуқтаи назаридан ...

- Бу легаллик нуқтаи назаридан ҳам, легитимлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий конституцион бузилиш. Ўзбекистон қонунчилигида катта жиноий жавобгарликка тортишни тақозо қиладиган ҳуқуқий бузилиш ҳисобланади.

Озодлик: Энг сўннги сайловмиди бу?

- Ҳа. 2007 йил декабр сайловларида бирор-бир Ўзбекистондаги юрист тушунтириб бера олмади. Ҳокимиятга, ҳукуматга яқин бўлганн юрист тушунтириб бера олмади. Бунга ҳаракат ҳам қилмадики, Каримовнинг умуман нечанчи муддати бу? Мана шу савол ҳалигача очиқ қолаяпти. Мана халқаро ҳамжамият у-бу байрамлар билан биринчи Каримовни ва айни пайтда Ўзбекистон халқини табриклар эди. Ҳозир асосан Ўзбекистон халқини табриклайди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Каримовнинг легаллигини, яъни ҳуқуқий қонуний мувофиқлигини кўпчилик тан олмайди.

Озодлик: Демак, шу кунда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов нолегал ва нолегитим президент десак бўладими?

- Бундай дейиш учун 100 фоиз асосларимиз мавжуд. Айнан Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилиги доирасида Ўзбекистондаги юристларнинг айтган гапларини инобатга олганда ҳам унинг легаллиги тўлиқ шубҳа остида.

Озодлик: Легаллиги шубҳа остида бўлгандан кейин легитимлиги кун тартибига чиқмайди ҳам.

- Албатта. Чунки бугунги кунда Ўзбекистонда ҳокимиятни жамият тасаввури ва қадриятларга мувофиқ келади деб айтиш мутлақо ноўрин, дейди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG