Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:12

Имомали Раҳмон террорчиликка қарши курашни кучайтирмоқда


Тожикистон президентига кўра, мамлакат хавфсизлигига террорчи гуруҳлар таҳдид туғдирмоқда.
Тожикистон президентига кўра, мамлакат хавфсизлигига террорчи гуруҳлар таҳдид туғдирмоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон республикада террорчи унсурларнинг мавжудлигини тан олди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Сўғд вилоятига сафари чоғида бугунги кунда мамлакат хавфсизлигига ноқонуний наркотик моддалар савдоси эмас, балки республиканинг айрим ҳудудларида жонланаётган экстремистик гуруҳлар катта хавф туғдираётганини айтди.

- Бугун жамиятимиз ва умуман давлатимизга героин, наша ва бошқа ноқонуний наркотик моддалар эмас, республиканинг айрим ҳудудларида жонланаётган экстремистик гуруҳлар катта хатар туғдирмоқда. Охирги йилларда мамлакатимизда, хусусан Сўғд вилоятининг баъзи шаҳар ва туманларида бизга бегона бўлган айрим йўналишлар фаолият доираси кенгйиб бормоқдаки, бу гуруҳлар халқимиз маънавий, мазғабий руҳиятига салбий таъсир етказмоқда.

Хўжанд ва Исфара шаҳарларида рўй берган қонли воқеалар, Хўжанд шаҳри ва Истаравшан туманида олди олинган терорчилик амалиётлари фикрим далилидир. Вилотядаги мактабларда, жумладан, Исфара, Истаравшан, Қайроққум, Жаббор Расулов, Хўжанд, Табошар ва Конибодомда баъзи диний йўналишлар ноқонуний тарғибот ишларини олиб боришмоқда, - деди Тожикистон президенти.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева эса жорий йил 15 март куни Тожикистондаги вазиятдан жиддий ташвиш билдирган эди. Қўшни давлат раҳбарининг иддаоларига кўра, Тожикистондаги вазият жиддийлигича қолмоқда.

- Республиканинг чегара олди қишлоқларида террорчи унсурларнинг тўпланаётганлиги сезилмоқда, - деган эди Роза Ўтунбоева Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бироқ Тожикистон расмийлари, ўшанда Қирғизистон раҳбари Роза Ўтунбаеванинг иддаолари асоссизлигига урғу беришган эди.

- Агар Қирғизистон раҳбарлари Рашт ва Исфарадаги вазиятни назарда тутиб шундай фикрга келган бўлса, бу гаплар замирида асос йўқ. Чунки Раштда ҳам, республика шимолидаги Исфарада ҳам осойишталик ҳукм сурмоқда. Тожикистоннинг барча чегаралари мустаҳкам қўриқланмоқда ва аҳоли хавфсизлиги таъминланмоқда, - деган эди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Маҳмадулло Асадуллоев.

Республика президенти Сўғддаги чиқишида, шунингдек, мамлакатда фаолият юритаётган экстремистик гуруҳлар ўз хорижлик раҳнамолари томонидан сармояланиши ҳақида гапирди.

Сўнгги етти ойда Тожикистонда диний-экстремизмга қарши қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Жумладан, Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан 16 феврал куни тасдиқланган қонуннинг асосий мақсади республика банкларида ноқонуний пул айланмаларини назорат қилиш ва бундай маблағларнинг террорчилар фаолиятини сармоялашига қарши қаратилган. Шунингдек депутатлар «Хавфсизлик хақидаги» қонунни ҳам кўриб чиқишди.

- Дарҳақиқат, илгари республика банкларида ноқонуний пул айланмалари назорат қилинмас эди. Эндиликда бундай маблағларнинг террорчилар фаолиятини сармоялашига қарши қаратилган чоралар кўрилган. Масалан, Бирлашган Араб Амирликлари ёки бошқа мамлакатга пул жўнатмоқчисиз. Илгари ҳеч ким бу билан қизиқмас эди.Эндиликда, пул қаерга, кимнинг номига ва қайси мақсадларда жўнатилаётганлиги ҳақида тўлиқ мълумот беришингизга тўғри келади, -деди республика Миллий банк раиси Шариф Раҳимзода.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил ва жорий йилнинг икки ойи давомида мамлакатда юзга яқин тожикистонлик террорчилик, Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Ҳизбут-Таҳрир, Таблиғ жамоати, Ал-Қоида каби диний- экстремистик ташкилотларига аъзоликда айбланиб, қўлга олинди. Уларнинг аксарияти узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG