Линклар

logo-print

Қочоқ маҳбуслар устидан маҳкама жараёни давом этмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда ўтган йил ёзида МХХ вақтинча сақлаш изоляторидан қочган маҳбуслар устидан маҳкама давом этмоқда.

Тожикистон ва Афғонистон ҳудудида қўлга олинган тўққиз нафар қочқин маҳбус, шунингдек, улар билан ҳамкорлик қилганликда айбланаётганлар ишини республика Олий ҳарбий суд ҳайъати кўрмоқда.

Асосан Тожикистон ва Афғонистон фуқаролари бўлган 11 нафар судланувчига уюшган жиноятчилик, қамоқдан қочиш, ноқонуний қурол-яроғ сақлаганлик, чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва қуролли қаршилик кўрсатиш каби айбловлар қўйилмоқда.

Суд жараёни Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида, ёпиқ тарзда олиб борилаётгани сабабли судланувчилар яқинлари қаторида журналистлар ҳам бинога киритилмади.

Судланувчилардан бири Абдурасул Мирзоевнинг синглиси Ойша Мирзоева кўп уринишларга қарамай укасини кўрсатмаётганларидан шикоят қилди.

- Укам қайта қўлга олинганидан буён уни бирор марта кўрганим йўқ. Ҳатто оқловчиси ҳам уни яқиндан кўрмаганини айтди, - дейди Ойша Мирзоева.

Оқловчилар эса ўз ҳимоясидаги кишилар иши ўта махфийлиги боис бу борада маълумот беришга ҳақсиз эканларини таъкидламоқдалар. Ҳимоячилардан бирининг айтишича, мазкур иш билан боғлиқ тафсилотларини эълон қилмаслик ҳақида тилхат берган.

Эслатсак, 2010 йилнинг 23 августидан 24 августига ўтар кечаси Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторидан 25 маҳбус қочган эди. Улар орасида ўзбекистонлик икки фуқаро ҳам борлиги хабар қилинганди.

Қочиш пайтида уч қўриқчи ўлдирилгани ҳам хабар қилинганди.
Ўшандан сўнг жиноятчиларни қўлга олиш мақсадида республика бўйлаб бошлаб юборилган кенг кўламли махсус амалиёт бошлаб юборилган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги жорий йил январида амалиётлар натижасида 11 қочқин қўлга олиниб, уч нафари жисмонан йўқ қилинганини билдирган.

Бироқ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Нозиржон Бўриев Озодликка берган интервюсида шу кунгача қочоқ маҳбусларнинг 12 нафари қўлга олинганини билдирди.

- Амалиётларда уч нафари ўлдирилганди. 12 қочқин эса тирик қўлга олинганди. Шундан уч нафари ҳозиргача Афғонистонда қолмоқда. Яна ўнта жиноятчи озодликда қолаётир, - деди хавфсизлик ходими Бўриев.

Шуни ҳам айтиш лозимки, ўтган йил августида Тожикистон қатори бошқа поссовет ўлкаларни ҳам ҳайратга солган бу воқеанинг асл сабаблари ҳозиргача очиқлангани йўқ.

Тожикистон куч ишлатиш тизими масъуллари ва соҳа бўйича таҳлилчилар маҳбусларнинг қочишида хорижий махсус хизматларининг қўли борлигини иддао қилганди.

Бироқ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Саидамир Зуҳуров маҳбусларнинг қочиши сабабларини ҳибсхона ходимларидаги профессионалликнинг сустлигида деб билади.

- Бу ҳибсхона қўриқчиларининг ҳам, хавфсизлик ходимларининг ҳам ўз ишини яхши билмаслиги натижасидир. Ўтган асрнинг 30 йилларида қурилган ва жуда мустаҳкам бинодан қочишнинг ҳеч қандай имкони йўқ. Хорижликлардан гумон қилиш нотўғри. Хорижликлар бу ерда нима қилади? Зўр келгандан кейин хорижликларнинг этагига ёпишамиз, - дейди Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Зуҳуров.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, ўша воқеадан сўнг президент Имомали Раҳмон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Хайриддин Абдураҳмонов ва унинг уч нафар муовинини ишдан бўшатганди.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, суд ҳукми билан Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи саккиз йилга ва яна бир ходими эса икки ярим йилга кесилган.
XS
SM
MD
LG