Линклар

logo-print

Бугун Қозоғистон бўйлаб маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7.00 да очилган 9,7 мингдан зиёд сайлов участкасида овоз бериш жараёни бошланди.

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари президентлик сайловида тўрт нафар номзод – амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбеков, “Табиғат” экологик жамиятидан Мэлс Елеусизов ҳамда Ватанпарварлар партияси вакили Ғани Қосимовлар иштирок этмоқда.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат бўйлаб очилган 9725, хориждаги элчихоналар қошида очилган 35 сайлов участкаси сайловчиларни кечки соат 20.00 га қадар қабул қилишга юз фоиз шайлигини маълум қилган.

МСК маълумотларига кўра, сайловчилар рўйхатига мамлакат ичида 9,18 миллион, хорижда юрган 14 минг қозоғистонлик киритилган.

Озодлик радиоси қозоқ шўъбасининг хабар қилишича, 2 апрел куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қуандиқ Турғанқулов якшанба кунги сайловда сайловчилар давомати юқори бўлиши кутилаётганини айтган.

Унга кўра, 2005 йилдаги президентлик сайловида бу кўрсаткич 77 фоизни ташкил қилганди.

Бироқ, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, овоз беришда қанча одам қатнашишидан қатъий назар сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.

Қуандиқ Турғанқулов бу галги президентлик сайловларига 4,7 миллиард танга (32,192 миллион АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) маблағ ажратилганини, бу 2005 йилдаги сайловларга ажратилган маблағдан 1,7 миллиард танга (тақрибан 11,644 миллион АҚШ доллари – таҳр.) ортиқроқ эканини маълум қилди.

Шу йил январ ойида навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилиши ҳақида эълон қилинганидан кейин мухолифатчилар томонидан бир неча бор сайловни бойкот қилиш ва сайлов бюллетенида “Номзодларнинг барчасига қарши овоз бераман” бандини қайта тиклаш бўйича чақириқлар янграганди. Айни пайтда қозоқ мухолифати сайловга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли эмаслигини айтиб, президентлик сайловига ўз номзодларини кўрсатишдан бош тортганди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, бу галги президентлик сайловларини ЕХҲТдан 357 нафар, МДҲдан 426 нафар, ШҲТдан 13 нафар, бошқа тўрт халқаро ташкилотдан 100 нафар ва 25 давлат вакили бўлмиш 163 нафар кузатувчи кузатиб боради.

Шунингдек, президентлик сайловини маҳаллий журналистлардан ташқари МСК аккредитациясига эга 90 нафар хорижлик журналист ёритиб бориши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, бўлажак президент номи 12 апрелдан кеч бўлмаган муддат ичида эълон қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG