Линклар

logo-print
Япониядаги Фукусима-Дайичи атом электр станциясида икки ишчининг жасади топилгани тасдиқланди.

Токиодаги Электр энергияси компанияси берган маълумотга кўра, бу икки ишчи 11 мартда табиий офат содир бўлганидан буён қидирилаётган эди.

Бу Фукусимадаги атом станциясида содир бўлган ҳалокат боис одамлардан қурбон берилганига оид илк тасдиқланган расмий маълумотдир.

Айни пайтда атом станциясидан тарқалаётган радиацияни тўхтатиш ҳаракатлари давом этмоқда. Расмийларга кўра, реакторда пайдо бўлган ёриқни цемент қоришмаси билан ёпишга уриниш натижа бермаган.

Айни пайтда иккинчи реактордан денгизга оқиб чиқаётган радиация миқдори станциядан 40 километр олисдаги сув таркибида ҳам аниқланди.

Япония ҳукумати бу ҳудудда денгиз жониворлари йўқлиги боис, бундан аҳоли соғлигига зарар етмаслигини айтмоқда.

Бироқ, халқаро жамоатчиликда сув, ҳаво ва тупроқ таркибига сингиб бораётган нурланиш келгусида мамлакат халқи ва иқтисодига катта зарар етказиши мумкинлигидан хавотирлар кучайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG