Линклар

logo-print

Қозоғистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловлари деярли ҳеч қандай муаммоларсиз ва қонунбузарликларсиз ўтаётгани айтилмоқда.

Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатда 3 апрел куни ўтказилаётган сайловлар давомида айрим қонунбузарликлар содир этилганини ва улар юзасидан 13 маъмурий ҳуқуқбузарлик иши очилганини эълон қилди.

- Бош прокуратура, айрим майда қонун бузилишларини ҳисобга олмаганда, мазкур сайлов жараёни тинч ҳолатда ўтказилаётганини таъкидлайди, - деди Остонада берилган матбуот анжуманида Қозоғистон Бош прокуратураси расмий вакили Андрей Кравченко.

Унинг сўзларига кўра, президентликка номзодларнинг 77 плакати, жумладан, Назарбоевнинг “Нур Ўтан” партиясига тегишли 72 плакат юлиб ташлангани аниқланган.

Сайловларда кузатувчилик қилаётган Остона шаҳар ҳокимияти расмийси Серикбай Ашенов Озодликка ҳақиқатан сайловлар давомида бирорта қонунбузарлик кузатилмаганини айтади.

- Мен ҳозир Жамбул вилоятининг Қўлдай туманидаман. Мен кўриб кузатиб чиққан бир нечта сайлов участкаларида бирорта муаммо вужудга келгани йўқ. Барчасида сайлов маҳаллий ва халқаро кузатувчилар назорати остида олиб борилмоқда. Умуман олганда, бу сайловларда Қозоғистон фуқаролари ўз хоҳиш-иродасини ифода этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган, - дейди ҳокимият кузатувчиси Серикбай Ашенов.

Қозоғистондаги президент сайловларини кузатиб бораётган айрим қозоғистонлик экспертлар бу сайловларнинг тинч ўтиши олдиндан маълум бўлганини айтадилар.

Хатарларни баҳолаш гуруҳи директори, сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаев бу сайловларда амалдаги расмийлар учун салбий бўлган ҳар қандай кўринишнинг олди олинганини гапиради.

- Сайлов кутилганидек жуда тинч ўтаяпти. Ҳар ким ўзининг ролини бажараяпти. Энг долзарб масала - сайловчилар давоматини таъминлаш. Сайлов олдидан ҳам ҳукумат томонидан сайловчилар сонини оширишга қаратилган фаол ташвиқот кампанияси олиб борилди. Лекин ташкилотчиларнинг режаларига об-ҳаво жиддий таъсир ўтказади: масалан, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири Олмаотада қор ёғаяпти. Умуман олганда, мухолиф кучлар иштирок этмаётгани боис сайловда бирор нохуш вазият юзага келади, деб ўйламайман, - дейди қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаев.

Аснода Шанҳай Ҳамкорлиги Ташкилоти расмийлари Қозоғистондаги муддатдан олдин президент сайловлари тинч ўтаётганидан мамнун эканликларини маълум қилдилар.

- Қозоғистондаги сайловлар барқарор вазиятда, турли нохушликларсиз ўтаётгани нафақат қозоғистонликларни, балки қўшниларни ҳам қувонтириши керак. Интриганинг йўқлиги эса шахсан мени жуда хурсанд қилди, - деди ШҲТ Бош котиби Муратбек Иманалиев журналистлар олдида қилган чиқишида.
XS
SM
MD
LG