Линклар

logo-print

Мухолифатчилар 3 апрел кунги сайловда Нурсултон Назарбоев 90 фоиздан кўпроқ овоз олишини башорат қилмоқда.

Шу йил январ ойида навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилиши ҳақида эълон қилинганидан кейин мухолифатчилар томонидан бир неча бор сайловни бойкот қилиш ва сайлов бюллетенида “Номзодларнинг барчасига қарши овоз бераман” бандини қайта тиклаш бўйича чақириқлар янграганди.

Мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган Нурсултан Назарбоев президентлик сайловларида тўртинчи бор иштирок этмоқда.

22 йилдан буён унга бирор мухолиф ҳаракати бас кела олганича йўқ: у ўтган сайловларда уч маротаба ғолиб чиққан ва бир марта унинг президентлик бошқарув муддати 5 йилга узайтирилган.

Қозоғистон мухолифати бу галги сайловни бойкот қилганини эълон қилган ва бюллетенда “барчага қарши” овоз беришга даъват этган.

Қизиғи, 3 апрел кунги президент сайловларидаги сайлов бюллетенларидан “барчага қарши” устуни умуман олиб ташланган, яъни сайловга келган фуқаро албатта қайсидир номзод учун овоз бериши шарт.

Айни пайтда Қозоғистон мухолифати сайловда иштирок этаётган Назарбоевнинг рақиблари орасида ўз вакиллари йўқлигини таъкидламоқдалар.

Бу борада Озодликка сўзлаган “АЗАТ” Умуммиллий социал-демократик партияси раисдоши Жармахон Туёқбой бу сайловларни ҳатто "сайлов" деб аташга тили бормаётганини айтади.

- Бирор танловнинг йўқлиги, жиддий сиёсий оппонентларнинг сайловда иштирок этмаётгани уни олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган тадбирга айлантириб қўйди. Президентга номзодларнинг барчаси “қўғирчоқ мухолифатчилар” экани ҳеч ким учун сир эмас. Номзодлар сиёсий саҳнада мутлақо номаълум, ўз қарашларини тез-тез ўзгартириб турадиган ва айтарли бир сиёсий кучга эга эмас шахслардир. Уларнинг бирортаси мухолифатчи эмас! Чунки бу “сайлов”да на сиёсий, на ижтимоий-иқтисодий ва на ҳуқуқий тенглик кафолатланган. Биз таклиф қилган халқаро қоидаларга мос сайлов талаблари Марказий сайлов комиссияси томонидан рад этилганидан кейин биз унда иштирок этишдан бош тортдик, - дейди 2005 йилги сайловларда президентликка номзоди кўрсатилган “АЗАТ” Умуммиллий социал-демократик партияси раисдоши Жармахон Туёқбой.

Яна бир мухолифатчи, расман рўйхатдан ўтмаган “Олға” партияси раиси Владимир Козлов фикрича, 3 апрел куни ўтажак президент сайловларида “Ким президент бўлади?” саволига эмас, балки “Қанча одам Назарбоев учун овоз беради?” деган саволга жавоб изланади.

- Бу сайловда, менимча, 90 фоиздан кам бўлмаган давомат таъминланади, чунки ўтган президент сайловларида президент 91 фоиз жамлаган бўлса, эндиликда “Миллат раҳнамоси” сифатида у 94 фоиздан кам йиғмаслиги лозим-ку! Бунинг учун эса сайловчилар миқдори, тахминларимга кўра, 76 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Бугун эрталаб сайлов участкаларидан бирида автобусларда студентлар олиб келиниб, сайлов учаскаларида навбат кутиб турибди. Тасаввур қила оласизми?! Якшанба куни қор-ёмғир ёғаётган бир пайтда талабаларни уйқудан турғазиб, сайлов участкасига олиб келиб бўладими? Шунга қарамасдан, бу сайлов Назарбоевнинг ҳокимиятдан кетишини янада яқинлаштирди. Чунки кейинги сайловларда Қозоғистон истеблишменти Назарбоевни ҳокимиятга яқинлаштирмаслиги аллақачон тайин бўлди. Шунинг учун ҳам биз кейинги сайловгача куч йиғиш мақсадида бу сайловни бойкот қилдик, - деди Озодликка мухолиф “Олға” партияси раиси Владимир Козлов.

Ҳозирда президентликка номзодларнинг барчаси сайловда иштирок этиб бўлгани хабар қилинмоқда.

Президентликка номзодлардан бири - “Табиғат” Экологик ҳаракати етакчиси Мэлс Елеусизов ўз овозини Нурсултан Назарбоевга берганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG