Линклар

Қозоғистонда 3 апрел куни ўтказилган президентлик сайловида Нурсултон Назарбоевнинг ғолиб бўлиши кутилмоқда.

Сайлов участкалари чиқишида ҳукуматга тарафдор ташкилотлар ўтказган сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 90 фоиздан кўпи 70 яшар президент Нурсултон Назарбоев учун овоз берган.

Расмий маълумотларга кўра, якшанба кунги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг салкам 90 фоизи қатнашган. Қозоғистондаги президентлик сайловининг дастлабки натижалари бугун кечроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайловда яна уч номзод иштирок этди. Бироқ уларнинг ҳаммаси очиқчасига Назарбоевнинг мамлакатни бошқаришни давом эттириши истагини билдирган.

Мухолифат вакиллари фуқароларни 20 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Назарбоевнинг президентлик муддатини яна 5 йилга узайтирадиган мазкур сайловни бойкот қилишга чақирган.

Ассосиэйтед пресс ахборот агентлиги овоз бериш жараёнида қонун бузилиши ҳоллари қайд этилгани тўғрисида иддаолар бўлганини хабар қилди.

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қозоғистондаги президентлик сайлови ҳақида ўз хулосаларини эълон қилиши кутилмоқда.

Халқаро кузатувчилар Қозоғистонда шу пайтгача ўтказилган бирорта сайловни эркин ва адолатли деб баҳоламаган.
XS
SM
MD
LG