Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:25

Қуръоннинг ёқилганидан норозилар яна кўчага чиқди


Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида АҚШлик руҳоний Қуръонни ёқиб юборганига норозилик якшанба куни ҳам давом этди.


Намойишда рўй берган тўқнашувда полициянинг икки ходими ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Қандаҳор вилоят кенгаши матбуот хизмати жароҳатланганлар орасида полиция ходимлари, намойишчилар, жумладан, икки нафар ёш бола ҳам борлиги айтди.

Бир кун олдин Қандаҳорда бўлиб ўтган норозилик намойишида камида 10 киши нобуд бўлган эди.

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат шарқидаги Жалолобод шаҳрида ҳам норозилик намойиши бўлиб ўтган.

Асосан ёшлардан иборат бўлган юзлаб намойишчилар Қандаҳор кўчаларида “АҚШга ўлим!”, “Карзайга ўлим!” каби шиорларни кўтариб чиқдилар.

АҚШда Қуръон китоби нусҳасининг ёқиб юборилганига қарши норозилик намойишлари Афғонистон бўйлаб давом этмоқда.

Сўнгги уч кун ичида Афғонистондаги тартибсизликлар оқибатида йигирмадан ортиқ одам нобуд бўлди, жумладан, 1 апрел куни Мозори Шариф шаҳридаги БМТнинг етти нафар хорижлик ходими ўлдирилди.

Афғонистондаги БМТ Миссияси матбуот котиби Дан Мак Нортон 3 апрел куни Озодликка БМТ ўз ходимларини эвакуация қилиш ниятида эмаслигини, бироқ давом этаётган норозиликларни диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

- Менимча, ҳозир бошқа намойишлар мамлакатнинг қайси минтақасида бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Мозори Шарифдаги идорамизга уюштирилган ҳужумдан кўрдикки, бундай ҳужумлар мамлакатнинг ҳамма ерида содир бўлиши мумкин. Ўз ходимларимиз ҳимоясини таъминлаш учун биз хавфсизлик чораларини кучайтириш борасида иш олиб борамиз. Қуролсиз ходимларимиз афғонистонликлар келажаги яхшироқ бўлиши учун, Афғонистон халқига ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун бу ерга келишган,- деди БМТ расмийси.

Толибон жанггарилари баёнот эълон қилиб, унда афғонистонликларни норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди. Айни пайтда толиблар содир бўлган зўравонликлар учун Афғонистон ҳукумати кучларини айблади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШ Конгрессини Қуръоннинг ёқиб юборилганини қоралашга чақирди.

Карзайнинг идораси расмийларига кўра, Афғонистон президенти бу гапни АҚШнинг Кобулдаги элчиси Карл Эйкенбери ҳамда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондони Дэвид Петреус билан якшанба кунги учрашув пайтида айтган.

Афғонистондаги намойишларга муносабат билдирган АҚШ президенти Барак Обама ҳар икки ҳаракатни, яъни муқаддас Қуръон китоби нусхасининг АҚШда ёқилганини ва Афғонистондаги намойишларда бегуноҳ одамлар ўлдирилганини қоралади.

Афғонистондаги норозиликларга март ойида АҚШнинг Флорида штатидаги черковда экстремист насроний руҳонийси Терри Жоунс бошчилигида муқаддас Қуръон китобининг ёқиб юборилгани сабаб бўлди.

Афғонистондаги зўравонликларни “фожиавий” деб атаган Терри Жоунс воқеалар учун ўзи эмас, балки радикал исломий унсурларни айблаб, уларни қоралади.
XS
SM
MD
LG