Линклар

Назарбоев яна ғолиб


3 апрел кунги сайловларни бойкот қилишга чақирган қозоқ мухолифати мамлакатнинг турли жойларига мана шундай ташвиқот варақаларини ёпиштириб кетганди.

3 апрел кунги сайловларни бойкот қилишга чақирган қозоқ мухолифати мамлакатнинг турли жойларига мана шундай ташвиқот варақаларини ёпиштириб кетганди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, якшанба кунги сайловда Нурсултон Назарбоев 95,5 фоиз овоз йиққан.

3 апрел куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари дастлабки натижаларини эълон қилган Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қуандиқ Турғанқулов унда амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ғалаба қозонганини билдирди.

- Ҳозирги пайтгача сайловчилар берган овоз қуйидагича тақсимланди: Жамбил Ахметбеков учун сайловчиларнинг 1,4 фоизи, Мэлс Елеусизов учун 1,2 фоизи, Ғани Қосимов учун 1,9 фоизи, Нурсултон Назарбоев учун эса 95,5 фоизи овоз берди, - деди душанба куни ўтказилган брифинг чоғида Қуандиқ Турғанқулов.

Марказий сайлов комиссиясига ҳудудий сайлов комиссияларидан ҳали ҳам протоколлар келиб турганини қайд этган раис Турғанқулов муддатдан аввалги президентлик сайловлари натижаларини 9 апрелдан кечикмай эълон қилинишини айтди.

Кеча тунда Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси президентлик сайловларида сайловчиларнинг 90 фоизи қатнашганини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, муддатидан икки йил аввал ўтказилган президентлик сайловида 4 номзод - амалдаги президент Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Коммунистик халқ партияси раиси Жамбил Ахметбеков, Ватанпарварлар партияси етакчиси, сенатор Ғани Қосимов ва “Табиғат” жамоатчилик ҳаракати раҳбари Мэлс Елеусизовлар иштирок этди.

Айни пайтда бу номзодлар қозонган овозлар бўйича ExitPoll натижалари ҳам МСК маълумотларидан кўп фарқ қилмайди.

Қозоғистон социологлари ва сиёсатшунослари ассоциацияси президенти Бахитжамал Бектурганова сайлов куни ўтказилган ижтимоий сўров натижалари бўйича Нурсултон Назарбоев 94,8 фоиз, Ғани Қосимов 2,7 фоиз, Жамбил Ахметбеков 1,57 фоиз, Мэлс Елеусизов 1,44 фоиз овоз олганини айтди.

- Интервьюерларимиз Қозоғистоннинг 14 вилояти, Остона ва Олмаота шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлишди. Сўров 100 мингдан зиёд сайловчи орасида ўтказилди, - деди Бахитжамал Бектурганова.

Якшанба куни ўзказилган сайловни, маълумотларга кўра, ЕХҲТдан 357 нафар, МДҲдан 426 нафар, ШҲТдан 13 нафар, бошқа тўрт халқаро ташкилотдан 100 нафар ва 25 давлат вакили бўлмиш 163 нафар кузатувчи кузатиб борган.

Бу ташкилотлар вакилларининг Қозоғистондаги навбатдан ташқари сайловлар ҳақидаги хулосалари бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Халқаро кузатувчилар Қозоғистонда шу пайтгача ўтказилган бирорта сайловни эркин ва адолатли, деб баҳоламаган.

Айни пайтда қозоқ мухолифат вакиллари фуқароларни 20 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Назарбоевнинг президентлик муддатини яна 5 йилга узайтирадиган бу галги сайловни бойкот қилишга чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG