Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:43

Тожикистонда янги ўзбек мактаблари қурилмоқда


Сўнгги йилларда ўзбек мактабларида ўқиш истиқболли бўлмагани учун айрим сўғдликлар фарзандларини тожик ёки рус тилида ўқитиладиган мактабларга бермоқдалар.
Сўнгги йилларда ўзбек мактабларида ўқиш истиқболли бўлмагани учун айрим сўғдликлар фарзандларини тожик ёки рус тилида ўқитиладиган мактабларга бермоқдалар.

Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманида бирданига учта ўзбек мактаби қурилиши бошланди.

Мазкур билим масканларини бунёд этиш учун вилоят бюджетидан 420 минг сомоний (қарийб 100 минг АҚШ доллари – таҳр.) ажратилди.

- Бюджетдан ажратилган маблағ бироз камлиқ қилди. Шунда Қоражингил қишлоғи аҳли ташаббус билан чиқиб, яна 15 минг АҚШ доллари тўплаб, ўз ҳиссасини қўшди. Бу ердаги мактаб қурилиши тез суръатларда олиб борилмоқда ва унинг бир ой ичида ишга туширилиши кўзда тутилган, - дейди Бобожон Ғафуров туман халқ маорифи мудири Насимжон Муродов.

Унинг сўзларига кўра, қурилаётган мактабларнинг ҳар бири 500 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, улар республика президенти кўрсатмаси асосида бунёд этилмоқда.

Аввалроқ Сўғд вилояти фаоллари билан учрашган президент Имомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга, ҳамкорликни ривожлантиришга доим интилгани ва бундан буён ҳам интилажаги ҳақида гапирганди.

- Сўғд вилояти ўтган асрнинг 20-йилларида Тожикистон ҳудудига қўшилди ва бугун бу ерда ўзбек миллатига мансуб буюк Навойининг ворислари истиқомат қилмоқда. Шу йиллар давомида вилоят аҳолиси қўшни Ўзбекистон аҳолиси билан яхши қўшничилик анъаналари, тожигу ўзбек дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда. Тожикистон қўшни Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга, ҳамкорликни ривожлантиришга доим интилган ва интилмоқда. Зеро, тожик ва ўзбек халқлари азал-азалдан қондош ва қардошдир. Ўзбегу тожиклар асрлар давомида ён қўшни - жон қўшни бўлиб яшамоқда. Келажакда ҳам Ўзбекистон билан бўлган иқтисодий ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораверади, - деганди Имомали Раҳмон.

Кузатувчиларнинг айтишларича, мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Тожикистон сиёсий муносабатлари яхши бўлган. Йўллар очик, иқтисодий алоқалар ҳам кўнгилдагидек эди. Лекин орадан йиллар ўтиб, бу икки қўшни давлат муносабатларида совуқлик пайдо бўла бошлади.

Аввалига Ўзбекистон томони исломий жангариларга йул очиб бергани учун Тожикистонни танқид қилди ва тоғли чегара ҳудудларни миналаштириб чиқди.

1998 йилда тожик исёнчи полковниги Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятига бостириб кириши ана шу илиқ муносабатларга якун ясади, деса хам бўлади. Чунки тожик расмийлари Худойбердиев жангариларининг Ўзбекистон худудидан бостириб кирганлиги хақида гапирди. Оқибатда икки мамлакат ўртасида тарихда бўлмаган виза тартиби жорий килинди.

- Тожикистон президентининг айнан Ўзбекистон билан қўшни вилоятга ташриф буюриши катта аҳамиятга эга. Чунки вилоят аҳолисининг 35фоизини ўзбеклар ташкил қилади. Янги мактаблар қурилишига вилоят бюджетидан маблағ ажратилгани ҳам республикада истиқомат қилаётган ўзбекларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бири, деб ҳисоблайман. Истардимки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Имомали Раҳмондан ўрнак олиб, илгариги ҳамкорликни тикласа, чегараларни очиб ташласа, - дейди сўғдлик зиёли Анвар Валиев.

Бобожон Ғафуров туманида яшовчи суҳбатдошимизнинг айтишича, бугунги кунда икки мамлакат томонидан бир-бирига қўйилаётган айбловлар вазиятни юмшатмасдан, баттар таранглаштириб юборяпти.

- Агар икки мамлакат рахбарлари шахсий амбицияларини унутиб, ўз халқининг тақдирини ўйлайдиган бўлса, гина-адоватларни унутиб, дўстона музокарада барча муаммоларни хал қилиб олишлари лозим. Чунки бу совуқ муносабатлар оқибатида биз - Тожикистонда яшаётган ўзбеклар Ўзбекистоннинг санъати, адабиёти, маданиятидан четда қолиб кетяпмиз, - дейди бу аёл.

Расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятида бугунги кунда 352 та ўзбек, ўзбек-тожик ва ўзбек-рус мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Бу мактабларда 200 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади.

Шўролар даврида вилоятда ўзбек мактаблари сони мингга яқин эди. Тожикистон мустақилликка эришганидан кейин ўзбек мактабларида ўқиш истиқболсиз бўлиб қолгани сабабли одамлар фарзандларини бу мактаблардан олиб тожик ёки рус синфларига бера бошлаганлар. Боз устига, маош камлиги сабаб ўқитувчилар ўзбек мактабларини ташлаб кетмоқдалар. Бироқ айни муаммо тожик мактаблари учун ҳам хосдир.
XS
SM
MD
LG