Линклар

Олий Мажлис гени ўзгартирилган маҳсулотлар масаласини муҳокама қилди

  • Абдулла Искандар

Гени ўзгартирилган донлар Ўзбекистонда озиқ-овқат тақчиллигига барҳам беради, демоқда баъзи мутахассилар.


Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилиш иштирокчилари гени ўзгартирилган маҳсулотлар Ўзбекистондаги озиқ-овқат тақчиллиги муаммосига ечим топади деган фикрга келишди.

Ўзбекистон генетика ва ўсимликларнинг экспериментал биологияси институти илмий бўлим мудири Сотволди Жадаев модификация қилинган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга кириб келиши назорат остида, деди Озодлик билан суҳбатда.

- Бизнинг институтимизда асосий шуни нима қилаяптику, аниқлаяптику. Ўзстандартдан аниқ нима қилинган. Сертификация олганмиз. Ген нималари ўзгартирилган маҳсулотлар кириб келадиган бўлса, шуларнинг ҳаммасини текширишга бизнинг қобилиятимиз етади. Болаларнинг даражаси ҳам илмий, дейди Ўзбекистон генетика ва ўсимликларнинг экспериментал биологияси институти илмий бўлим мудири Сотволди Жадаев.

Унга кўра, ўзбекистонлик олимлар ҳам геном технологиялари воситасида озиқ-овқатларни модификация қилиш борасида изланишлар олиб бормоқда.

Дунëда илк бор Ўзбекистонда пахта толаси сифатини яхшилайдиган ген яратилди, дея қўшимча қилди Жадаев.

Айни пайтда Ўзбекистонга гени ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб келиши ва хавфсизлиги борасида аниқ ҳуқуқий механизмлар йўқ. Сирдарëда уруғчилик билан шуғулланадиган Шокир ака деган тадбиркорнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, вилоят деҳқонлари тасарруфидаги сабзавот уруғларининг деярли ҳаммаси модификация қилинган уруғлардир.

“Бу уруғлар четдан олиб келинмоқда. Одатда "сортсемовош" деган идора рухсати керак уруғ олиб келишга. Аммо бу анча қийин жараëн бўлгани боис уруғлар Ўзбекистонга рухсатсиз кириб келмоқда”, дейди тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра, бу уруғларнинг ташқи таъсир ва зараркунандаларга бардошлилиги боис ўзбек деҳқонлари гени ўзгартирилган уруғларни ерга қадашни маъқул кўрадиган бўлиб қолган.

Мутахассислар назарида, гени ўзгартирилган маҳсулотлар экология учун хатарлидир. Германиядаги санаотчилар иттифоқи (BÖLW) экологик озиқ- овқатларнинг ген таркиби бўйича мутахассис Петер Рўриг Европа Иттифоқида гени ўзгартирилган маҳсулотларни тақиқлаш тарафдори.

Рўригнинг Озодликка айтишича, гени ўзгартирилган ўсимликлар сув ҳавзалари ва ҳашаротлар, жумладан асаларилар учун ўта хатарлидир. Арилардан олинган бол таркиби ҳам ўзгаргани ҳақида хулосаларимиз бор, дейди Рўриг.

Гени ўзгартирилган маҳсулотларнинг инсон организмига салбий таъсири ҳақидаги “Ҳақиқий тиббиëт” китоби муаллифи биолог Ойдин Солиҳга кўра модификация қилинган маҳсулотларнинг аҳолига зарар кўлами улкан.

- Модификация қилинган маҳсулот инсон организмида ҳазм бўлмайди. Шундай экан бундай маҳсулотнинг нима кераги бор, дейди Ойдин Солиҳ.

Ўзбекистонлик олим Сотволди Жадаев мамлакатга кираëтган гени ўзгартирилган маҳсулотлар қаттиқ текширувдан ўтишини айтди. Ойдин Солиҳга кўра буни текширишнинг иложи йўқ.

“Ўзбекистонда илгари кўрилмаган кўламда касалликларниг кўпайиши гени ўзгартирилган озиқ-овқатлар оқибатидир. Шу боис ЕИда бундай маҳсулотлар чеклови тарғиб қилинмоқда”.

1982 йилда АҚШдаги “Монсанто” ширкати тадқиқотчилари дунëда илк бор гени ўзгартирилган ўсимликни яратиб АҚШ миллий медалига сазовор бўлишган эди.

1996 йили дунë бозорига модификация қилинган соя ва пахта уруғлари чиқарилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG