Линклар

Яманда ҳукумат қўшинлари президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг кетишини талаб қилиб, намойишга чиққан оломонга қарата ўт очди.

Воқеа гувоҳлари ва шифокорлар берган маълумотларга кўра, камида 12 киши ўлган, ўнлаб одам жароҳатланган.

Мамлакат жанубидаги йирик шаҳар бўлган Таизда икки кундирки намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашув содир бўлмоқда.

Бугун таизлик намойишчиларни қувватлаб, Яманнинг яна бир неча йирик шаҳарларида намойишлар бўлди. Ҳудайда шаҳрида ҳам полиция намойишчиларга қарши ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани хабар қилинди.

Яманда 32 йилдан бери президентлик қилаётган Али Абдуллоҳ Солиҳнинг кетиши талаб қилинаётган намойишлар бир ҳафтадан буён давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув чоғида 50 дан ортиқ одам ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилган, юзлаб одам жароҳатланган.

Бугун News York Times нашри АҚШ ҳукумати кўп йиллик иттифоқчиси бўлган Яман раҳбари Солиҳга нисбатан сиёсатини ўзгартириб, хусусий каналлари орқали уни кетишга ундаётгани ҳақида ёзди.
XS
SM
MD
LG