Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:32

"Эркин микрофон" фойда бермоқда


Самарқандлик тингловчимиз айтган бу фикр сўз эркинлигининг афзаллигига бир мисолдир.


Жабрланувчидан жиноятчига айланишимизга сал қолди

дейди Сирдарё вилояти Сирдарё туманидан қўнғироқ қилган мухлисимиз. “Малик” ширкатлар уюшмасининг Усмон Юсупов маҳалласида яшовчи 43 ёшли Обид Насриддинов ўзи ва яна уч ҳамқишлоғини алдаб, Қозоғистонга олиб бориб ишлатган ва бир сўм пул бермасдан уйига жўнатган бир шахс устидан судга шикоят қилгани, аммо пировардида жабрланувчилар жиноятчига айланишига бир баҳя қолгани ҳақида куйиниб гапирди.

- Биз жабрланувчимиз. Нуриев Фахриддин бизни (Қозоғистоннинг) Еттисой туманига олиб бориб ишлатиб, пулсиз қайтариб юборган. Ўша ерда катта ишни қилдириб, чўридай ишлатиб оғайнисиникида, кейин пулсиз қайтганмиз. Биз туман прокуратурасига, вилоят прокуратурасига, Омбудсманга мурожаат қилдик. Натижа вилоят судига борди. Вилоят судида Фахриддин деган бизни ўғрига чиқарди. Гўëки унинг фирмасига ўғирликка кирган эканмиз.

Озодлик: Сизлар жабрланувчи эдингизлар, энди жиноятчига чиқаришаяптими?

- Ўша судда сал қолди бизни жиноятчига чиқаришига.

Озодлик: Неча киши кетган эдингизлар?

- Тўрт киши.

Озодлик: Судга тўрт киши мурожаат қилган эдингизми?

- Ҳа.

Озодлик: Суд нима деб қарор чиқарди?

- Суд Нуриев Фахриддин умуман айбдор эмас деб қарор чиқарди. Гўëки Еттисойдаги одам бизни олиб кетган. Шундай идоралар бор эканки, ўша ишни нол қилишга иложи бор эканда. Шу ишларнинг орқасида кимдир турибдида,- дейди Сирдарё тумани “Малик” ширкатлар уюшмасининг Усмон Юсупов маҳалласида яшовчи 43 ёшли Обид Насриддинов.

Тадбиркорлар йилида тадбиркорларга ҳужум кучайди

дейди Қўқонлик тадбиркор йигит Шуҳратжон Аҳмедов. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинган 2011 йилда ўзбекистонлик тадбиркорлар устида фақат қора булутлар айлана бошлади, дейди суҳбатдошимиз.


- Бу йил роса бонг урдик. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар йили” деб эълон қилдик. Аслида мутлақо тескариси бўлаяпти. Мана ҳозир тадбиркорларга бўлган ҳужум жуда қаттиқ тус олаяптида. Ўзим ҳам тадбиркор бўлганлигим учун бизнинг фаолиятимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россияга олиб келиб сотамиз. Хусусий тадбиркорлик патенти бўйича иш қиламиз. Ҳозир фаолиятимизнинг тури қишлоқ хўжалик маҳсулотларини четга экспорт қилиш. Ҳозир тадбиркорлардан бу фаолият турини умуман олиб ташлади. 6 январдан Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан экан. Ўша қарорга асосланган ҳолда 1 апрелгача эски фаолиятлар тугатилсин, янги рўйхатда ëзилган фаолиятлар бўйича чет элга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш фаолият тури умуман йўқ. Рўйхатда бўлмаган фаолият турларини 1 апрелгача рухсат беришган экан. Мана 1 апрелдан ҳамма ëқ мутлақ тўхтади. Энди юридик шахслар томонидан чиқарилади деяпти. Юридик шахс қилиб чиқариш жуда ҳам қийин. Россияга товар олиб келишдан олдин Россиядан қанақадир фирмадан валюта тушириш керак. Бу валютани биз вақтида ололмаймиз. Сабаби очилган валютний счëтда у пул туради. Ярмини мажбурий сотувга беради. Валютада 10 минг доллар пул туширсангиз, ўшанинг 5000 доллари мажбурий сотувга кетади давлат курсида. Қора бозорда 2400 бўлиб турган бўлса, биз 1650ми, 1690 ми ўшандан мажбур сотишимиз керак. Сотганимиздан кейин перечесление бўлиб сўм счëтга тушади. Испарение бўлиб кетадида бизнинг туширган пулимиз. Қолган пулни ҳам обналичка қилиб бермайди. Чет элга яна қайсидир контракт асосида чиқаришимиз мумкин. Биз тадбиркорлар учун “кичик бизнес ва тадбиркорлар” деган сўз ҳеч қанақа наф келтирмадида,- дейди қўқонлик тадбиркор йигит Шуҳратжон Аҳмедов.


"Эркин микрофон" ёрдам берди

дейди Самарқанддан қўнғироқ қилган Абдураим ака. Озодликнинг "Эркин микрофон"ида ёритилган муаммоларнинг баъзилари ўз ечимини топаётганини айтган суҳбатдошимиз ҳамқишлоқларини қийнаётган яна бир масалани тилга олди.

- Сизлар орқали чиқиш қилганимиздан кейин масала ҳал бўлган эдида. Бир врачни ишдан олиб ташлаган эди. Сизлар орқали эълон қилингандан кейин у врач ишга қайтди. Ўзбекистон матбуоти, радиоси, телевидениесида мутлақо танқид, халқни ҳимоя қилиш деган нарса йўқ. Лекин Европа матбуотидан берилган хабарлардан барибир бу ердаги раҳбарлар остидаги стулидан қўрқадими, мансабидан қўрқадими масала ҳал бўлади. Бундан бир ҳафта илгари Отабек деган йигитга ëрдам қилдик. Ерини олиб қўйган эди. Томорқа ерини ҳам туман ҳокими чақириб олиб туриб “Бор, иморат қилавер” деган гапни айтибди. Демак, ўшанда ҳам Озодликнинг роли анча бор деб нима қилаяпманда.

Озодлик: Сиз айтган иккала ҳолатда ҳам Озодликда эфирга берилгандан кейин иш ижобий ҳал бўлди, деб ўйлайсизми?

- Ижобий ҳал бўлаяпти. Ҳозир мен яшаëтган ҳудудда аҳолидан 2006 йилгача қарорлар асосида халққа томорқа ерлар берилган эди. Ана шу томорқа ерлар асоссиз равишда 2010 йил декабр, 2011 йил январ ойларида тортиб олинди. Бу ҳақида аҳоли тўрт марта президентга телеграмма берди, сенатга хат берди, вилоят ҳокимига хат берди. Лекин нимагадир президентга юборилган хатларга мутлақо реакция бўлмаяпти. Демак, бу президентга етиб бормаяпти. Агар президент бундай воқеани билганда эди, масала аллақачон ҳал бўлган бўларди. Кўз олдингизга келтира оласизми, шундай майсазор, буғдойзорларни, дарахтзорларни фермерларга олиб берган. Фермерлар техникалар билан у ерни тозалаб пахта экишга жой очиб ëтибди. Халқ ҳозир кимдан нима қилишни билмайди. Энди шу масала бўйича ҳам биз Озодлик орқали чиқишимиз керак. Шулар орқали президентга арз-додимизни эшиттиришдан бошқа чорамиз қолмаяпти деган фикр билдираяптида,- дейди Самарқанддан қўнғироқ қилган Абдураим ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG