Линклар

ЭИГ: "Сурхондарёда норозилик кучаймоқда"


Экспертлар ишчи гуруҳига кўра, Сурхондарёда бюджетчилардан пул ушлаб қолаётган расмийлар бу маблағларнинг жорий йил август ойида вилоятда ўтказилажак “Баркамол авлод” ёшларнинг спорт ўйинлари учун сарфланажагини айтганлар.

Экспертлар ишчи гуруҳига кўра, Сурхондарёда бюджетчилардан пул ушлаб қолаётган расмийлар бу маблағларнинг жорий йил август ойида вилоятда ўтказилажак “Баркамол авлод” ёшларнинг спорт ўйинлари учун сарфланажагини айтганлар.

Экспертлар ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида аҳоли орасида норозилик кайфияти кучаяётганини айтмоқда.

Тошкентда фаолият юритувчи Экспертлар ишчи гуруҳи вакилларига кўра, май ойида Сурхондарёда бўлиб ўтиши режалаштирилган ёшларнинг “Баркамол авлод” спорт ўйинлари арафасида вилоятда қонунбузарлик ҳолатлари кўпайган.

- Ҳақиқатан ҳам аҳолининг баъзи гуруҳлари ўртасида ижтимоий норозилик ҳисси жуда кучайган. Вилоятнинг кўп жойларидаги спорт иншоотларида объектларни қайтадан таъмирлаш ва тозалаш ишларига мажбурий равишда 10 кундан 15 кунгача ўқитувчилар, коллеж ва олий ўқув юрти талабалари жалб этилаётган экан, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Унга кўра, мажбурий меҳнатга жалб этилганлар маҳаллий ҳокимият расмийлари томонидан транспорт харажатлари билан ҳам, озиқ-овқат билан ҳам таъминланмаган.

- Бундан ташқари, талабалар марказий кўча бўйлаб жойлашган хусусий уйлар ва биноларни ҳам ўз чўнтагидан оқлаб, бўямоқда, - дейди Суҳроб Исмоилов.

“Баркамол авлод” спорт мусобақаларида ўрта-махсус таълим муассасалари ёшлари иштирок этади.

Суҳроб Исмоиловга кўра, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида расмийлар ҳар бир ўқитувчи ойлик маошидан 40 минг сўмга яқин маблағни мазкур спорт ўйинларига тайёргарлик баҳонаси билан ушлаб қолмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшовчи нафақахўр Лола Мирраҳимова “Баркамол авлод” спорт ўйинлари учун 40 минг сўм эмас, балки бюджетчиларнинг бир ойлик маоши ушланиб қолаётганини айтади:

- Бир ойлик ушлаяпти, фақат домладан эмас. Тиббиёт ходимларидан ҳам ушлаяпти. Масалан, 200 минг сўм олса, 200 минг тўлайди.Ўзига рўзғорига хеч нарса қолмайди. Буйруқ келган ҳокимиятдан, - дейди Лола опа.

Суҳбатдошимизнинг невараси эса мактабда қуён боқаётган экан:

- Менинг кичкина неварам ўт олиб бораяпти. Мен: “Қаерга олиб бораяпсан?” деб сўрадим. У: “Биз қуён олдик, боқаяпмиз. Сўнг қуённи сотамиз, қўзи оламиз. Кейин мол оламиз”, деди, - дея неварасини гапини келтиради Лола опа Мирраҳимова.

Термиз шаҳри ўрта мактабларидан бирида ишловчи ёш ўқитувчи ҳам мактаб ҳудудида қуён боқилаётганини тасдиқлади.

Экспертлар ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, ўрта мактабларда қорамол, қуён, товуқ минифермалари ташкил этилиши ҳам Сурхондарё вилояти ҳокимининг ташаббусидир.

- Мазкур янгилик билан вилоятдаги гўшт ва тухум маҳсулотларидаги етишмовчилик муаммоси ҳал этилиши кўзланган, - деди Суҳроб Исмоилов.

Суҳбатдошимизга кўра, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларига пул йиғиш билан вилоят ДАН ходимлари ҳам шуғулланмоқда.

- Биз сурхондарёлик ҳайдовчилар билан гаплашдик. Уларнинг кўпчилиги айтиши бўйича, йўлларда ДАН ходимлари нохолис тўхтатиб, мавжуд бўлмаган “йўл қоидабузарлиги содир этилди” деб, пул талаб қилиш ҳолатлари жуда кўпайиб кетган. ДАН ходимлари очиқдан-очиқ эътироз этишаяптики, “бу нарса мана шу “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг сарф-ҳаражатларига йиғилаётган пул” деб. Биз ҳозирча аниқлай олмадик - бу ДАН ходимларининг ўз ташаббусими ёки вилоят ҳокимлигидан чиққан тўғридан-тўғри буйруқми, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Сурхондарё вилоят йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизмати вакилларидан бири Рустам Бобоқуловдан мазкур холат бўйича ахборот олиш имкони бўлмади.

Вилоят ҳокимиятининг иқтисодий-ижтимоий комплекси котибият мудири Зоир Тўлаганов “Баркамол авлод” спорт мусобақаларини вилоятда ташкиллаштирувчи штаб аъзоси. У Сурхондарёдаги ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига коллеж талабалари жалб этилмаганлигини айтди:

- Ҳамма коллеж ва олий ўқув юртларида тўлиқ дарслар бўлаяпти. Ободонлаштириш бошқармаси бор. Унинг вакиллари бор, ходимлари бор. Ўзлари тайёрлашаяпти. Ҳеч қанақа пул-мул йиғилган эмас. “Баркамол авлод”га, биринчидан, республика жуда катта ёрдам бераяпти, маблағ ажратилган, - дея Экспертлик ишчи гуруҳи хабарини инкор этди Зоир Тўлаганов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG