Линклар

logo-print

Ҳуқуқ фаоли Абдулло Тожибой ўғли суд қарорига кўра, ўртача иш ҳақининг 70 баробари (тахминан 3,5 миллион ўзбек сўми) миқдорида жаримага тортилди. 4 апрел куни Тошкент шаҳрининг Ҳамза туман суди Абдулло Тожибой ўғлини Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодекснинг 201- моддасида айбдор деб топди.


Абдулло Тожибой ўғли 4 апрел куни “Қўйлиқ” бозорида 300 нафар мардикорга уларнинг ҳуқуқлари ҳақида тушунтираётган пайтда Ҳамза туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, у дастлаб мардикорларни қўзғолон кўтаришга ундашда айблаб, жиноий иш қўзғашни режалаштиришган, бироқ негадир кейин унга маъмурий жазо бериш қарор қилинган.

Ҳамза туман суди Абдулло Тожибой ўғлини Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодекснинг 201- моддасида айбдор деб топди.

Айни моддада кўча намойишлари ва митингларда тартибни бузганларга карши маъмурий жавобгарлик кўзда тутилади.

Абдулло Тожибой ўғли Озодлик билан суҳбатда суд тафсилотларини гапириб берди.

- Олтидан кейин суд қилишди. Суд бўлиб ўтди. Мен ҳам ўзимнинг қонуний талабларимни айтдим. Мени адвокат билан таъминлашини ва тузилган протокол билан танишиб чиқишимни. Судя албатта рад этди.

Озодлик: Суд қаерда бўлди?

- Жиноий ишлар бўйича Ҳамза туман суди биносида бўлди.

Озодлик: Суд қарори қандай бўлди?

- Маъмурий жиноят кодексининг 201 модданинг 1-банди. Бу ўша митинг уюштириш, кўча юришлари, қандайдир бир собрание қилиш. Менга маъмурий жазо яъни ўртача ойликнинг 70 баробаридаги жарима. Бу тахминан 3,5 миллион атрофида. Ўтган йилги уч марта судланиш ва бу йилги бир марта судланишим билан менга тахминан 15 миллион атрофида жарима солинди.

Озодлик: Абдулла ака, улар сизни қўзғолон кўтаришга ҳаракат қилганликда айблаяпти. Ўзи сиз шунга асос бўлишга арзийдиган бирор ҳаракат қилган эдингизми?

- Мен конституцион ва инсонийлик ҳуқуқларини гапириб ҳамда 2003 йилдаги шаҳар ҳокимининг қарорини айтиб, айнан паспорт режими жорий этилганини айтганимда, ўша 300та мардикорларнинг юзида қандайдир бир норозилик кўринишлари билиндида. Ана шундан кейин ўша ердаги милициялар ва биржанинг директори талвасага тушиб қолишиб, хавфсирай бошлашди. Менга қўяëтган биринчи айбномаси шу бўлган. Мардикорларни бош кўтаришга даъват этаяпти, деган фикрлар айтилган. Шундай гап бўлдики, “Абдулла ака, мана сиз буларга конституцион ҳуқуқларини айтдингиз. Энди булар бизга бўйсунадими?” деяпти. Мен “Сизлар уларни қўрқитиш йўли билан бўйсундирманглар. Уларга ўз ҳуқуқларини тушунтирган ҳолда ўз муносабатларингизни билдиринглар, йўл-йўриқ кўрсатинглар. Ўшанда сизларни ҳурмат қилиб сизга бўйсунади” дедим.

Озодлик: Мардикорлар сизга олдин ҳам мурожаат қилишганмиди?

- Мардикорлар билан шуғулланиш ўзимнинг кўнглимда бор эди. Бунга бир нарса туртки бўлди албатта. Бир мардикор билан суҳбат давомида ўз муаммоларини айта бошлади. Мен унга телефон номерни бердим. Шундан кейин у назаримда кўпчиликка тарқатган. Кейин бирдан телефонлар бошланди. Кимнидир участка нозири олиб кетган. Шахсан участка нозири билан гаплашиб унинг у ердан чиқиб кетишига сабабчи бўлдим. Яна кимдир паспортини олиб қўйиб бермаëтганини айтиб мурожаат қилди. Хуллас жойида ўрганишга ҳаракат қилдим.

Озодлик: Ўзбекистон ичкарисидаги мардикорлар ҳаëтини ўрганибсиз, уларнинг бугунги кундаги энг асосий муаммолари нимадан иборат?

- Уларнинг асосий муаммолари уларни хоҳлаган ерида ушлайди, паспортларини олиб қўяди, зўравонлик билан пулини олади, мажбур қилади. Мана муаммо қаерда. Ўзбекистон ичкарисида уларнинг ҳеч қанақанги ҳуқуқлари йўқ. Ваҳоланки конституцияда президент Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарисидаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоячиси, ҳимоялайман деган жойи бўлишидан қатъий назар ҳуқуқлари ҳимояланмаган, ҳимояланмайди ҳам.

Озодлик: Улар билан учрашганда, уларнинг ҳуқуқларини борлигини уларга айтганмисиз?

- Мен уларга тушунтирдим. Уларнинг конституцион ҳуқуқларини, яъни “Ўзбекистон фуқаросимисан, Ўзбекистоннинг хоҳлаган ерида бемалол ҳаракат қилишга ҳаққинг бор. Ўша ерда бемалол ишлашга ҳаққинг бор” дедим. Ишлаш, яшаш, ҳаëт кечириш ҳуқуқига эгаку. Шундай деб қўйибдику. Шундай бўлгандан кейин эркин яшаш ҳуқуқига эга. Энди улар мажбур. Қани эди иш жойлари бўлса, иссиқ жойларини, ота-онасини ташлаб бошқа жойларга бориб қандайдир соғинч билан мажбур ишлаб юрадими,- дейди Абдулло Тожибой.

Ҳуқуқ фаолининг мардикорлар дуч келадиган муаммолар ҳақида айтганлари Ўзбекистон ичкарисидаги мардикорлар ҳаёти билан қизиқтшимизга туртки бўлди.

Тошкентлик Шавкат Бадаловнинг асли касби ўқитувчилик. Лекин у 21 йилдан буён Тошкентнинг Ибн Сино мавзеъсидаги мардикорлар бозорига чиқади.

Шавкат Бадалов мамлакат ташқарисида тирикчилик қилаётган ўзбек мардикорлари сингари Ўзбекистон ичкарисидаги мардикорлар ҳам бутунлай ҳуқуқсиз синф вакиллари бўлиб қолмоқда, дейди.

- Энг биринчи ўринда турадигани ички ишлар ходимларининг мардикор бозорига чиққанини талаш билан овора, ҳайдаш билан овора. Автобусга босиб РОВДга олиб кетиб ҳам қолади. У ерда бор-йўғини шилиб олиб қўйиб юборади. Мана шу проблемалардан биттаси.

Озодлик: Сизга ўхшаб Ўзбекистон ичкарисида туриб мардикорлик қиладиганларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимояланган?

- Бу ҳақда умуман гап бўлиши мумкин эмас. Ҳеч қанақа ҳимоя йўқ. Аксинча уларнинг ишини ўлдириб, уларнинг ўзини ҳайдаб, автобусга босиб ноҳақ уларни ўша ерда ушлаб турганини ушлаб туради, ëнида пули борининг пулини оладида, яна тағин қўйиб юборади. Яна айланиб келади бозорга. Мана шунақа аҳвол. Мардикорларга ëн босиб буларга қайишадиган, ғамхўрлик қиладиган идоранинг ўзи йўқ. Мардикорлар ишлаб-ишлаб келган жойидан баъзи бирларидан пулини ололмайди. Бу ерда ҳам бирорта ташкилот ëки идора бўлиши керакку. Масалан пешона терини тўлиб у ерда ишлаб келсада, договордаги пулни ололмаса. Бу ерда қўллаб-қувватлаш, ҳимоя органи деган нарсалар ҳеч нарса йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон ташқарисидаги мардикорларнинг пулини ололмай қолиши ҳақида кўп гапирилади. Бу нарса Ўзбекистон ичкарисида ҳам бор эканда.

- Масалан водийдан келган болалар ўзларининг ҳуқуқларини яхши билмайдику. Худди Қозоғистондаги, Россиядаги, у ерда баҳона қилади рус тилини ëмон билади у-бу деб. Мана бу ерда ўзининг она тилида гаплашиб ишлаб юрган жойида ҳам пулини ололмай қолганлар бор.

Озодлик: Ташқаридаги мардикорларнинг қул бўлиб ишлаши ҳақида кўп гапирилади. Ичкарида ҳолат қанақа? Шунақа ҳолатлар бўладими?

- Агар битта-яримта юқорироқ лавозимда ишлайдиган мансабдор шахснинг уйига бориб қоладиган бўлсангиз, энди бизлар шаҳарлик бўлганлигимиз учун, ëшим катта бўлгани учун мен унақа нарса билан билимим кучли, керакли жойда керакли гапни гапириб уйнинг эгасини ҳам токчага ўтказиб қўйишга қурбим етади. Водийдан келганлар гапини топиб бера олмайди. Натижада муомаланинг ўзида қулга айланиб қолади. Биринчи, иккинчи муомаланинг ўзида қулга айланиб қолади,- дейди тошкентлик мардикор Шавкат Бадалов.

Унинг айтишича, биргина пйотахтда Чорсу, Пракент, Қўйлиқ, Фарҳод ва Ибн Сино бозорлари жами бешта мардикор бозори бор.

Шавкат ака бу бозорларга мардикорлик қилиш учун кўпроқ водийликлар келишини, лекин бозорларда мамлакатнинг деярли барча вилоятидан келган одамларни учратиш мумкинлигини айтади. Мардикорлар таклиф қилинган ҳар қандай ишни қурилиш ишларидан тортиб, фаррошлигу, деҳқончилик ишларигача қилишади.

Мардикорлар орасида 17 ёшдан бошлаб, ҳатто 70 ёшли чоллар ҳам бор дейди Шавкат ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG