Линклар

Ўш қирғини - уйғониш учун чалинган қўнғироқ


Қирғизистонда миллий асосдаги зўравонликларнинг яна қайта бошланмаслигига кафолат йўқ¸ дейди Нил Мелвин.

Қирғизистонда миллий асосдаги зўравонликларнинг яна қайта бошланмаслигига кафолат йўқ¸ дейди Нил Мелвин.


“Қирғизистонда зўравонлик¸ хусусан миллий асосдаги можаронинг қайтарилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ”¸ дейди Халқаро тинчлик бўйича Стокҳолм тадқиқот институти қошидаги Қуролли можаролар ва можароларни ҳал қилиш дастури директори Нил Мелвин (Neil Melvin).

5 апрел куни жаноб Мелвин “Барқарор ва кўпмиллатли Қирғизистонни рағбатлантириш: Зўравонлик сабаб ва қолдиқларини тугатиш” деб номланган янги ҳисоботни эълон қилди ва унда ҳам Қирғизистон ҳукумати¸ ҳам барқарор Қирғизистон бўлишидан манфаатдор халқаро ўйинчиларга мамлакатнинг 2010 йилнинг июн ойидаги каби қонли можаро гирдобига қайтмаслигини таъминлаш борасида тавсиялар берди.

Нил Мелвин 2001-2005 йилларда ЕХҲТ нинг Миллий озчилик масалалари бўйича олий комиссарининг махсус маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ва минтақа¸ хусусан Қирғизистондаги миллий озчилик вазиятини бевосита ўрганган.

"Шу боис¸ гарчи 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юзага чиққан қонли можаролар юзасидан ўнлаб ҳисоботлар ëзилган бўлса-да¸ мен 20 йилдан бери тадқиқ этиб келаëтганим Марказий Осиëдаги бу можаро¸ энг муҳими унинг такрорланмаслиги учун ўз сўзимни айтишни лозим деб билдим"¸ дейди ҳисобот муаллифи Озодлик билан суҳбатда.

- Мен бу ҳисоботда Қирғизистонни ўтган ëзда қуролли зўравонликлар домига ташлаган сиëсий жараëнларни¸ миллий низо деб айтилаëтган бу можаро ортидаги кенгроқ ва чуқурроқ сабабларни ўрганишни ўзимга мақсад қилиб қўйдим. Шу пайтгача эълон қилинган ҳисоботларнинг аксарияти асосий диққатни алоҳида олинган ҳодисалар¸ хусусан июн ойидаги қирғин давомида рўй берган воқеалар¸ уларнинг бевосита бошланиш нуқталарига бериб келди. Мен эса ўз ҳисоботимда Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар учун замин ҳозирлаган Қирғизистондаги кейинги 20 йиллик этник ва миллий сиëсатни тушунишга уриндим¸ дейди Озодлик билан суҳбат муқаддимасида Нил Мелвин.

Бу каби жиддий тадқиқотга Нил Мелвиннинг кейинги 20 йил давомида Марказий Осиë¸ хусусан Қирғизистонга қилиб келган мунтазам сафарлари¸ Қирғизистон сиëсатидаги ўйинчилардан яхши хабардорлиги¸ мамлакатдаги этник муносабатлар тадрижини кузатиб келаëтгани қўл келди.

“Ҳисоботни ҳозирлаш жараëнида мен яна Қирғизистон¸ хусусан мамлакат жанубига бир неча бор сафар қилдим¸ имкон қадар ҳамма томон¸ табиийки¸ ўзбек жамоаси вакиллари билан сон-саноқсиз суҳбатлар ўтказдим”¸ дейди Нил Мелвин.

-Тадқиқот давомида келган хулосам шу бўлдики¸ ўтган йил июн ойида Қирғизистон жанубида ўзбек ва қирғиз жамоалари ўртасида миллий низо юзага чиқди дейиш¸ вазиятга тўғри ва тўлиқ баҳо бермаслик бўлади. Менинг фикримча¸ аслида Қирғизистондаги узоқ йиллик сиëсий жараëнлар зўравонликка айланди ва Ўшда 10 июн куни бошланган миллий можаро унинг кучли таркибий қисмларидан бири бўлди¸ холос¸ дейди “Барқарор ва кўпмиллатли Қирғизистонни рағбатлантириш: Зўравонлик сабаб ва қолдиқларини тугатиш” деб номланган ҳисобот муаллифи Нил Мелвин.

- Қирғизистонда юзага чиққан зўравонликлар асл моҳиятига кўра қирғизлараро кураш эди. Зотан Қирғизистон сиëсий саҳнасидаги асосий ўйинчилар қирғизлар эди¸ барча партия ва ҳаракатлар қирғизларники эди. Мустақилликдан бери сиëсат асосан қирғизлар иши бўлиб келди ва мамлакатдаги миллий озчилик¸ хусусан ўзбеклар сиëсий жараëнлардан четга қолиб келди. Айниқса¸ 1990 йили Ўш ва Ўзганда юзага чиққан миллий низодан сўнг ўзбеклар қирғизлар бошқараëтган сиëсий жараëнларга деярли қўшилмай¸ сиëсий саҳнада кўзга кўринмай юрди.

Аммо бу вазият 2010 йил баҳорига келиб ўзгаргандек бўлди. Ҳокимият учун қирғизлараро кураш майдонига¸ 1990 йилдан бери илк бор¸ ўзбеклар ҳам кириб келди. Ўзбеклар томонидан кўрсатилган озгина сиëсий фаоллик¸ мамлакатда давлат тизимларини қўлга олиш¸ белгиловчи амаллар¸ давлат заҳираларини назоратга олиш учун бораëтган қирғизлараро курашни ўзбекларга қарши зўравонлик ўзанига буриб юборди. Шу боис мен Ўш ва Жалолобод воқеаларини миллий низо эмас¸ Қирғизистондаги сиëсий жараëнларнинг зўравонликка кўчган давоми¸ деб тушунаман¸ дейди 2010 йил Қирғизистон жанубида юзага чиққан зўравонликлар моҳиятини тадқиқ қилган британиялик таҳлилчи.

"Ўшдаги миллий можарога Қирғизистон сиëсатчиларининг миллий озчиликка нисбатан рисоладагидай сиëсатининг йўқлиги¸ давлат тепасига келганларнинг Қирғизистонни алоҳида миллий жамоалар¸ ëки улар тилида турли диаспораларга бўлинган эмас¸ балки турли миллат фуқароларининг бари учун бирдек ватанга айлантира олмаганликлари¸ буни истамаганлари сабаб бўлди.

Бугунги қирғиз сиëсатчилари Ўш ва Жалолобод воқеаларидан сабоқ чиқариб¸ ўз фуқароларини ўзбек ëки қирғизга ажратмасдан¸ уларнинг барчаси учун сиëсий-ижтимоий¸ иқтисодий-маданий жараëнларда қатнашиш имконини бермас экан¸ Қирғизистондаги жараëнларнинг яна бир бир қонли миллий тўқнашувга элтмаслигига кафолат йўқ"¸ дейди британиялик тадқиқотчи¸ ЕХҲТ нинг Миллий озчилик масалалари бўйича Олий комиссарининг собиқ маслаҳатчиси Нил Мелвин Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG