Линклар

logo-print

Қирғизистонда МХХ билан боғлиқ жанжал авж олди


Қирғизистон собиқ Бош прокурори Қубатбек Байбўлов лавозимидан бўшатилгач, апрел ойи аввалида депутатлар томонидан парламентга таклиф қилинган ва бир қатор шов-шувли баёнотларни берган эди.

Қирғизистон собиқ Бош прокурори Қубатбек Байбўлов лавозимидан бўшатилгач, апрел ойи аввалида депутатлар томонидан парламентга таклиф қилинган ва бир қатор шов-шувли баёнотларни берган эди.

Қирғиз жамоатчилиги Миллий хавфсизлик хизматининг ислоҳ қилинишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ноқонуний тарзда фуқароларнинг телефон суҳбатларини эшитиши ва ёзиб олиши тўғрисида ошкор қилинган маълумот қирғиз жамоатчилигида катта шов-шув пайдо қилди.

Бундай маълумотни апрел ойи бошида “президент, ҳукумат ва парламент ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви олдини олиш мақсадида” деган асос билан ўз лавозимидан бўшатилган собиқ Бош прокурор Қубатбек Байболов қирғиз парламентида қилган чиқишида ошкор қилган эди.

Қубатбек Байболовнинг айтишича, Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабанов ўзига қарашли ширкатларда 700 миллион сўм миқдоридаги солиқни яшириб қолган. Миллий хавфсизлик хизмати эса барча депутатлар, ҳукумат амалдорлари ва оддий фуқароларнинг телефон суҳбатларини ноқонуний тарзда ёзиб олмоқда. Мана шу фактларнинг аниқланиши унинг Бош прокурор лавозимидан олинишига сабаб бўлган.

- Президент ва Дуйшебаев раҳбарлигида Миллий хавфсизлик хизмати қўрқинчли ташкилотга айланди. СОРМ деган система бор. Бундай система фақат Ўзбекистонда ва биздагина мавжуд. Бу система асосида ҳар бир фуқаронинг телефон суҳбатлари ноқонуний равишда ёзиб олинади. Қирғизистон Ички ишлар вазири бундан аввалроқ ўзининг ва депутатларнинг телефон сўзлашувлари мунтазам ёзиб олинишини айтганида мана шу системани назарда тутган эди, - дея билдирган собиқ Бош прокурор.

Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев собиқ Бош прокурор баёнотини асоссиз, деб раддия берган эди.

Бироқ шов-шувли баёнот бўрони остида Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг раддияси аҳмиятсиз қолди. Қирғизистон фуқаролик жамияти президент олдига Миллий хавфсизлик хизматини кескин тарзда ислоҳ қилиш талабини қўя бошлади.

- Миллий хавфсизлик хизмати авваллари бир оилага – президент оиласига хизмат қилар эди. Бакиевлар бу ташкилотни ўзларининг сиёсий қуролига айлантиришган. Айни пайтда ҳам мазкур ташкилот янги ҳукмдорларнинг қуролига айланиб қолган. Шунинг учун биз кесин ислоҳотлар ўтказиш зарур деб ҳисоблаймиз, - деди таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайқан Исмоилова.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг Стратегик тадқиқот ва таҳлил бўлими бошлиғи Ўрўзбек Молдалиев эса Миллий хавфсизлик ташкилотини ислоҳ қилиш масаласи олий даражада муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу ислоҳотни мамлакатга зиён келтирмайдиган даражада ўтказиш зарур. Айни пайтда ислоҳотни ўтказиш механизмлари ўрганилмоқда.

Бироқ президент маъмуриятининг бундай билдирувлари қирғиз депутатларини қониқтирмаган кўринади. Депутатлар мазкур масалани чуқурроқ ўрганиш тараддудидалар.

- Албатта, бу масала парламентда алоҳида ўрганилиши лозим. Миллий хавфсизлик хизмати телефон суҳбатларини ноқонуний эшитиш билан қонунчиликкни бузмоқда. Террорчиликка ва жиноятчиликка қарши қўлланиладиган СОРМ системасининг фуқароларни назорат қилиш тизимига айлантирилиши жуда қўрқинчлидир, - деди депутат Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон парламентидан олинган маълумотга кўра, собиқ Бош прокурор Қубатбек Байбўлов фуқаролар телефон суҳбатларининг Миллий хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилиниши ва ҳукуматдаги коррупцияга оид иккита махсус тингловга таклиф қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG