Линклар

logo-print

Тожикистон қамоқхонасида яна бир маҳбус силдан ўлди


Кузатувчиларга кўра, Тожикистон қамоқхоналаридаги аҳвол расмийлар қайд этганчалик кўнгилдагидек эмас.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон қамоқхоналаридаги аҳвол расмийлар қайд этганчалик кўнгилдагидек эмас.

Cўғд вилоятининг Хўжанд шаҳрида жойлашган қамоқхонада силга чалинган маҳбус Ваҳҳоб Бобохонов жон таслим қилди.

Марҳум маҳбуснинг қариндошлари сўзларига кўра, Ваҳҳоб Бобохонов тўрт йил олдин очиқ турдаги сил хасталигига дучор бўлиб, вилоят сил касаллиги диспансери назорати остида бўлган. У судгача ва маҳкама чоғида даволанган.

- Ваҳҳобнинг соғлиғи жуда ёмон эди. Шунинг учун ҳам тергов ва суд давомида шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан уй қамоғига қарор чиққан эди. Шу даврда соғлиғи ёмонлашди ва уни касалхонага ётқизишди. Иккинчи марта суд ўтказилганда, Ваҳҳобнинг соғлиғи янада оғирлашганди. Шунга қарамай, у суд залида ҳибсга олинди ва қамоқхонага олиб кетилди, - дейди марҳумнинг қариндошларидан бири Ҳожиумид Ваҳҳобов.

Бобохоновнинг қариндошлари маҳбуснинг қамоқхонадаги шароитсизлик туфайли нобуд бўлганини даъво қилмоқдалар. Бироқ Тожикистон Адлий вазирлигининг Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармаси мулозими Воҳид Абдуллоевнинг айтишича, қамоқхоналардаги шароит у қадар ёмон эмас. Абдуллоев кейинги пайтларда қамоқхоналардаги шароитни яхшилаш учун қатор тадбирлар амалга оширилганини айтади.

- Камераларда ёруғлик етарли бўшиши учун деразалар кенгайтирилган. Цемент ўрнига тахтадан пол қилинган. Маиший шароит, яъни тўйимли озиқ-овқат турлари кўпайтирилди. Ҳар бир колонияда медицина хизмати амал қилмоқда. Шунга қарамай, муаммолар бор албатта, - дейди Воҳид Абдуллоев.

Республика Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакат қамоқхоналарида ўн мингга яқин маҳбус жазо муддатини ўтаяпти. Уларнинг 500 дан ортиғи аёллардир. Лекин Тожикистон социал-демократик партиясининг раиси Раҳматулла Зоиров сўзларига кўра, бу маълумотлар ҳақиқатдан анча йироқ.

- Мамлакатимиз қамоқхоналаридаги маҳбуслар қанчалигини инсон ҳуқуқлари химоячилари, халқаро ташкилотлар вакиллари текширишса, асл манзара намоён бўлади. Яъни республика қамоқхоналарида бугунги кунда қирқ минггача маҳбуслар борлиги аниқланади. Чунки сўнгги саккиз йил давомида авф туфайли 25 минг маҳбус озодликкка чиқди. Адлия вазирлигининг маълумотларига таянсак, бугун қамоқхоналарда ҳеч ким колмаган, - дейди Раҳматулла Зоиров.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, мустақиллик йилларида мамлакатда шароити тузукроқ бўлагн бирорта ҳам қамоқхона қурилмаган. Тожикистондаги қамоқхона бинолари жуда эски бўлиб, улар орасида ҳатто ўтган асрнинг 30-йилларида қурилганлари ҳам бор.

- Казарма усулидаги шароит, бир хонада уч киши урнига 7-8 маҳбус сақланиши қамоқхоналарнинг тўлиб кетганлигидан далолат. Оддий шароит йўқлиги оқибатида республика қамоқхоналардаги маҳбусларнинг 2000 нафари силга чалинган. Боз устига, бу жойларада ОИТС ва бошқа юқумли касалликлари ҳам кенг тарқалмоқда, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Маърифат Ҳожибоева.

Озодликка чиққан собиқ махбус Зикрулло Ҳалимовнинг айтишича, қамоқхонада касал бўлган маҳбус учун бепул даволанишнинг ўзи йўқ.

- Маҳбус касал бўлса, даволанишга бориши керак. Лекин госпиталда пул берсангиз ётқизишади, бўлмаса, бир-иккита таблетка билан жавоб беради. Сил касаллигига чалинганлар ҳам шу аҳволда. Уларнинг аксарияти камбағал, демакки, касалхонага ётқизилмайди. Касаллар бошқа маҳбуслар билан - то жони узилиб қолгунча яшаб, ишлайди, - дейди Зикрулло Ҳалимов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, республика қамоқхоналарида ҳар йили фақат қотиллик туфайли 300 дан ортиқ одам вафот этади. “Касалликлардан вафот этаётганлар сони бундан икки баробар кўп экани инобатга олинса, қамоқхоналардаги ўлим ҳолати билан боғлиқ асл рақамларни билиш мумкин”, демоқда тожикистонлик таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG