Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:05

"Семурғ, Паризод ва Бунëд" - "Der Wundervogel Semurg"


"Семурғ, Паризод ва Бунëд" немис тилидаги DVD диски.
"Семурғ, Паризод ва Бунëд" немис тилидаги DVD диски.

"Семурғ, Паризод ва Бунëд" филми немисчага таржима қилиниб, Германия, Австрия ва Швейцария болаларига намойиш қилинмоқда.


Лекин 1972 йил "Ўзбекфилм" киностудиясида суратга олинган эртак филмнинг оригинал нусхаси Ўзбекистонда йўқ. "Семурғ, Паризод ва Бунëд" филмининг барча ишчи материаллари, негативи ва асл нусхаси Россия давлат филм жамғармасида сақланмоқда, дейди Ўзбекистон миллий кино уюшмаси вакили.

- Госкинофонд, "Белые столбы" деган кино омборида Москвада туради бу кинолар. Бу филмларнинг ҳуқуқий эгаси "Ўзбекфилм" студияси,- дейди шахси сир қолиши шарти билан гапирган Ўзбекистон миллий кино уюшмаси вакили.

Асли "Ўзбекфилм" киностудияси маҳсулоти бўлган ва Тамара Шокирова, Наби Раҳимов, Ғани Аъзамов, Саъдихон Табибуллаев, Санъат Девонов каби кино усталари сиймоси муҳрланган бу филмни сифатли тарзда кўришдан ҳозирча ўзбек ëш томошабинлари махрум қолмоқда, дейди "Ўзбеккино" миллий агентлиги мулозими Аҳмаджон Умаров.

- Бу нарсалар ҳозир йўлга қўйилган. Лекин ҳали охирига етмаган. Бу ҳаммаси катта маблағ талаб қиладиган нарса. Энди-энди бу нарсага эътибор бўлаяпти. "Госфилмфонд"дан (Россия давлат филм жамғармаси - таҳр.) материалларнинг оригиналларини олиб келиш керакда бу ëққа. Ҳамма киноларнинг тоза, сифатли копиялари Москвада "Госфилмфонд"да сақланади. Немислар ўша ердаги оригиналидан копия олишган демак. Лекин "Ўзбеккино"нинг хабари йўқ бу нарсадан,- дейди Аҳмаджон Умаров.

"Семурғ, Паризод ва Бунëд" филмини немис тилидаги дискини Германия, Автсрия ва Швейцариядаги кино дўконларидан 10 еврога сотиб олиш мумкин.
Кинодан таниқли ўзбек бастакори Мухтор Ашрафий басталаган мусиқалар ҳам ўрин олган. Кино муқаддимасидаги қўшиқни ўша пайтда машҳур ашулачи бўлган Муҳаббат Шамаева ижро қилган.

Ҳозир АҚШда яшаётган Муҳаббат Шамаева кино учун аталган бу қўшиқнинг эл орасида машҳур бўлиб кетишини кутмаганини айтади.

- "Йўлларим" деган ашула. Дони Зокиров мусиқаси. Ашрафий фақат опера ëзганлар. Ўша "Йўлларим"ни шахсан менга ëзганлар,- дейди Муҳаббат Шамаева.

Филмда Мухтор Ашрафий басталаган “Бозордаги мозорни кўр” деган қўшиқни ҳам тинглаймиз. Бу қўшиқ худди бугунги кун бозорларидаги вазиятни ҳажв қилгандай таассурот қолдиради.

Филмнинг немис тилига дубляж қилиниб, Германия, Австрия ва Швейцариядаги болалар эътиборига ҳавола қилинганидан севиндим, дейди таниқли кинооператор Умида Аҳмедова.

- Яхши, хурсандмиз. Бундан 40 йил аввал суратга олинган филмларни Германияда кўрсатса, яхши,- дейди Умида Аҳмедова.

Умида Аҳмедова назарида совет даврида ўртамиëна филмлар ҳам катта техник маҳорат ва сарф-харажат билан яратилган.

Суҳбатдош бу каби филмлардан ўзбек томошабинлари бебаҳра қолганидан афсусланишини айтади.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги мулозими Аҳмаджон Умаров айни пайтда ўзбек киноси дурдоналари "Олтин фонд"и яратилаëтгани ва яқин келажакда бу фонддан "Семурғ, Паризод ва Бунëд" филми ҳам ўрин олажагини ваъда қилди.

- Айтаяпманку, биз "Госфилмфонд"дан олиб келиб анча филмларни тиклаб қўйдик. Фимларни ҳозир секин-секин чиқараяпмиз. Мустақилликнинг 20 йиллигига бизлар "Олтин фонд"дан чиқарилган йигирмата филмни чиқаришни бошладик. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Алишер Навоий” каби анча филмларни чиқардик,- дейди "Ўзбеккино" мулозими Аҳмаджон Умаров.

Ўзбек киноси ижодкорлари ўтган асрда яратган “Тоҳир ва Зуҳра”, “Икки дил достони”, “Али бобо ва қирқ қароқчи”, “Шум бола” каби болаларбоп филмлар Ўзбекистон ташқарисида ҳануз намойиш қилинаëтгани бу филмлар маҳоратидан дарак,- дея қўшимча қилди "Ўзбеккино" расмийси.
XS
SM
MD
LG