Линклар

logo-print

Баҳор фаслида табиат уйғонади. Бу уйғониш фаслида одамларнинг ҳиссий дунёсида ҳам жонланиш кузатилади.

Қирғизистонда баҳор фаслида одамларда Оқ уй олдида норозилик намойишларини ўтказиш туйғуси-да уйғонади.

Бундай намойишчиларни ўз ҳақ-ҳуқуқини демократик давлатда ифода этувчи фуқаролар деса ҳам бўлади. Фақат негадир уларни кўрганда хаёлимга “кичик тадбиркорлар” деган ибора келаверади.

Ўтган йили мен 7 апрелни “Янги тарих туғилган кун” дея номлаган эдим.

Ҳа, мен учун ўша кезларда одамларнинг норозилик намойишига чиқиши, ўқ овозидан ҳам чўчимасдан ташланиши бир қаҳрамонлик эди. Балки бу қаҳрамонлик ҳамдир.

Секин-аста бундай норозилик намойишларига одамлар неча қирғиз сўмига чиқиши, уларга ташкилотчилар томонидан сўнг қандай ваъдалар берилишини билмаган Басира учун йил давомида янги-янги "инқилобий саҳифалар" очилаверди. Ижтимоий ва иқтисодий аҳволи ачинарли халқнинг ҳаёти арзон сотилар экан.

Аммо бу фикр бир йил олдин - Олатоғ майдонида турганимда, бир неча минг қирғизистонликларнинг норозилик ҳайқириқларини эшитганимда хаёлимга ҳам келмаганди. Гарчи ғазабнок намойишчилар афти ғазабдан бўриққан, бошида бейсболка, спорт кийимидаги ёшларнинг кўзлари қонга тўлган эди...

Норозилик намойишларини Ўзбекистонда бирор маротаба ҳам кўрмаганим учун ўша пайтда бунга қизиқиш билан қараган эдим.

Апрел инқилобидан сўнг Қирғизистон жамиятида “Не буди во мне киргиза” - “Менда қирғизни уйғонтирма” каби иборалар пайдо бўлди. Кимдир норозилигини ифода этмоқчи бўлса, “керак бўлса яна инқилоб қиламиз”, “Оқ уйни оламиз” қабилида хитоб қилиши бу ерда одатий ҳол.

Бу гапни ўзи эмас, учи Ўзбекистонда чиқсин-чи, шерюракларни аҳволи не бўлар экан…

Хаёлан Ўзбекистонни эслаб, яна Қирғизистонга - ўтган йилги 7 апрел воқеаларига қайтаман.

7 апрел куни ўқдан халок бўлган мурдаларни кўравериб кўзим ва этим кўникиб кетган экан. Инқилоб ўтгандан кейин эса шомдан кейин кўчада юришдан чўчиб қолганман.

Кўчада тўда-тўда спорт кийими кийган, бошига бейсболкани бостириб олган одамларни кўрсам, йўлни у бетига тезроқ ўтиб кетишга ҳаракат қиламан.

Потенциал “Оқ уйни ишғол қилувчилар” Қирғизистон жамиятида анчагина эканлигини яхши тушунаман.

Бу яхшими ёки ёмонми - мен учун тушуниш қийин бўладиган бир ҳолат. Ўзбекистон билан қиёслашда давом этавераман. Балки Ўзбекистонда ҳам бордир ичига хукуматдан норозилик кайфиятини ютиб яшаётганлар, ўз вақти-соати келишини кутаётганлар.

Балки Ўзбекистонда ҳам мана шундай потенциал тўдалар бордир. Балки у давлатда ҳам норозилик намойишидан сўнг прокуратура ёнар, парламент ҳужумга учрар, савдо дўконлари талаб кетилар. Балки…

Аниқ айтиш қийин, чунки оломондан нима кутишни одам билмас экан. Оломон бир зумда ҳимоя қилиб, бир зумда хужумга ўтиши мумкин экан.

Оломон ўз ишини қилади, аммо унинг ортида турган кўринмас шахслар ўқ остига ўзини отмас экан. У тайёрига, ишғол тугаб, оломон ғалаба қозонганидан сўнг пайдо бўлади.

Қирғизистон ҳукумати революция кунлари халқ истаги амалга ошганини бот-бот айтади, халқига инқилоб учун раҳматномалар ёғдираверади. Аммо бу билан халқ ўзи истаган ёруғ кунга чиқдими?

7 апрел - Қирғизистонда янги тарих туғилган кун.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG