Линклар

Тошкентда ЕИ ва МО вазирлари учрашади


ЕИ стратегиясини амалга ошириш йўлларига бағишланган навбатдаги йиғилиш Тошкентда ўтказилади.

ЕИ стратегиясини амалга ошириш йўлларига бағишланган навбатдаги йиғилиш Тошкентда ўтказилади.

7 апрел куни Тошкентда Европа Иттифоқи мулозимлари ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ўтказилади. Ўзбекистондаги учрашувда Европа Иттифоқининг жорий раиси Венгрия ташқи ишлар вазири Янош Мартони, ЕИнинг ривожланиш масалалари бўйича комиссари Андрис Пибалгс ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел иштирок этади. Бу учрашувлар Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини амалга тадбиқ этишга оид масалалар муҳокама қилинадиган майдонга айланган. Жаноб Моррел Озодликнинг навбатдаги йиғинда, айниқса Ўзбекистон учун долзарб бўлган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокама қилинадими, йўқми, деган саволини очиқ қолдирди.


Пьер Моррел жаноблари Озодлик билан суҳбатда Тошкентга аллақачон етиб келганини маълум қилди.
ЕИ мулозимлари Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари билан муҳокама қилажак масалалар хусусида жаноб Моррел бундай деди:

- Саволингизга бу Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирларининг Европа Иттифоқи билан йиллик учрашуви, деб жавоб беришим мумкин. Лиссабон келишуви қабул қилинганидан бери (ЕИ) Тройка формати бекор қилинди, чунки Кэтрин Эштон хоним ўта банд бўлганлари боис барча тадбирларда қатнаша олмайди, лекин вазифаларни самарали тақсимлаш тизими йўлга қўйилган. Демак бу учрашувда Венгрия Ташқи ишлар вазири Янош Матони, комиссар Андрис Пибалгс ҳамда камина ЕИ номидан иштирок этамиз. Ва 2007 йилдан бери бўлиб келгани каби учрашув кун тартиби ҳам икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларни ўз ичига олвучи кенг қамровли бўлади,- деди жаноб Моррел.

ЎзА агентлигига кўра, йиғилишда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан Янги шериклик стратегиясини амалга ошириш доирасида ЕИ ва МО давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболлари, савдо-иқтисодий алоқалар, энергетика, атроф-муҳит ҳимояси, сув ресурсларидан фойдаланиш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинади.

На ЕИ мулозим, на ўзбек расмийлари Европанинг минтақага оид стратегиясининг тамал тошларидан бири экани айтиладиган ва, айниқса, Марказий Осиё учун дозларб бўлган инсон ҳуқуқлари масаласи муҳокама қилинишини тилга олди.

Бу учрашув Ҳюман райтс уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташқилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилгани эълон қилинишидан икки ҳафта ўтиб уюштирилмоқда. Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент аккредитация бермагани боис фаолияти шундоқ ҳам тўхтаб қолган нуфузли ташкилот ваколатхонасини ёпиш буюрилгани ҳақида 15 март куни маълум бўлган эди.

Ўшандан кейин Брюссел расмийлари "Ҳюман Райтс Уотч ваколатхонаси ёпилганига норозилик ўлароқ Европа Иттифоқи Тошкентда ваколатхонасини очишдан воз кечади", дея баён қилди.
Лекин орадан бир-икки кун ўтиб, ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштоннинг матбуот хизмати бу баёнот ё нотўғри талқин қилингани, ё “англашилмовчилик” бўлгани ҳақида баёнотларни эълон қилди.

Кэтрин Эштон Тошкент учрашувига махсус вакил Морел айтмоқчи ўта бандлиги боис келмадими, ё Ҳюман райтс уотч ваколатхонасининг ёпилиши ва унга доир ЕИ баёнотлари билан боғлиқ анчайин уятли вазият туфайли бошқа ишлар билан шуғулланишни маъқул кўрдими, бу ҳақда тахминлар қуриш мумкин холос.

Ҳар қалай, Ҳюман райтс уотчнинг Тошкентдаги офиси ёпилгани масаласи Тошкент расмийлари билан муҳокама қилинадими, деган саволимизни эшитиши биланоқ жаноб Моррелнинг, “лип этиб”, лифтга чиқадиган фурсати келиб қолди.

- Сизга айтганимдек, икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар бўлиб ўтади. Биз одатда кун тартибида бўладиган барча масалаларни муҳокама қиламиз. Кечирасизу, шу ерда гапимни тўхтатишим керак, чунки лифтга чиқиб кетаяпман,- деди Тошкентга аллақачон етиб борган ЕИнинг МО бўйича махсус вакили Пьер Моррел.

2007 йилдан бери йилда камида бир марта, баъзан эса икки марта ҳам уюштирилаётган ЕИ-МО машваратларида Германия иттифоққа раислик қилаётган даврда ишлаб чиқилган стратегияни амалга ошириш доирасидаги масалалар муҳокама қилиб келинади.

Буларга табиий заҳираларга бой минтақа давлатлари билан энерегетика соҳасидаги ҳамкорлик, Афғонистондаги НАТО операциясига оид масалалар киради. ЕИ расмийлари МО давлатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш мазкур стратегиянинг ажралмас қисми эканини айтиб келади.

Лекин халқаро ва маҳаллий ташкилотлар демократия ва инсон ҳуқуқлари қадриятларини стратегик манфаатларга қурбон келтириш дея атаган бу сиёсат амалга тадбиқ этила бошлаганидан бери, айниқса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кун сайин ёмонлашиб бораётгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG