Линклар

Мамлакатда назорат кучайгани туфайли тожикистонликлар америкалик пастор ҳатти-ҳаракатига очиқ норозилик билдиролмаяптилар.

Тожикистон аҳолисининг 98 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Шундай бўлса-да, АҚШда Қуръон нусхасининг ёқилишига оид воқеага тожикистонлик мусулмонлар Афғонистондаги сингари кескин муносабат билдирмаётир.

Лекин бу, душанбелик Хоркаш Сангов фикрича, тожикистонлик мусулмонларнинг муқаддас китобимиз тақдирига бефарқлиги нишонаси эмас.

- Бўлиб ўтган воқеадан ҳаммамиз хафамиз. Алҳамдулиллоҳ, биз мусулмонмиз. Бу иши билан америкалик руҳоний ғазабимизни қўзғатди. Лекин биз бошқа мусулмон давлатлардаги сингари ўз норозилигимизни очиқчасига айтаолмаймиз, чунки бизнинг диний эркинлигимиз чекланган. Диний масалаларда норозиликка чиққан ҳар қандай киши сўзсиз тергов қилинади, - дейди Хоркаш Сангов.

Суҳбатдошимиз ўз сўзларини сўнгги йилларда республика бўйлаб масжидларнинг ёпиб ташланаётгани, соқоли ва ҳижоби учун фуқаролар маҳкамага тортилаётгани билан асослайди.

Рудакий туманида яшовчи Фахриддин ота эса Қуръоннинг ёқилиши билан боғлиқ ҳодиса бутун Марказий Осиё, жумладан, Тожикистонда жим кузатилаётганини минтақада Исломнинг заифлашгани белгиси, деб билади.

- Ана афғонлар митинг ўтказди. Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам Ислом заифлашган эканки, одамлар жим ўтиришибди, - дейди Фахриддин ота.

Қўрғонтепалик Мастона опа Афғонистондаги намойишларни телевизордан кузатиб турганини айтади. Афғонистонда ноҳақ қон тўкилишларга туртки бўлган бу воқеа, Мастона опага кўра, икки дин вакиллари ўртасида низо қўзғаш учун уюштирилган бўлиши мумкин.

- Шуни назарга олган ҳолда, мен майдонга бориб, бу ишни бундай ҳал қилиш нотўғри, деб биламан. Қуръонда: “боринглар, митинг қилинглар, ўлдиринглар”, деб ёзилмаган-ку, тўғрими? Қуръон ўқиган инсон ақлли, идрокли бўлади, - дер экан Мастонахон ўз юртдошларини фитналарга учмасликка чақиришини айтади.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати ҳам Қуръоннинг ёқилишига расмий муносабат билдирмади.

Бироқ кеча мамлакатдаги сиёсий партиялар орасидан Тожикистон халқ демократик партияси баёнот тарқатиб, америкалик руҳоний қилмишини қоралади.

“Бу шармандали воқеа ортида маълум доиралар турганига шубҳа йўқ. Улар миллионлаб одамларнинг диний ҳиссиётига тегиб, мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари орасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига қарши жон-жаҳди билан уринмоқда”, дейилади ҳукмрон партия расмий баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида америкалик насроний руҳоний Терри Жоунс 11 сентябрнинг тўққиз йиллиги муносабати билан Қуръонни ёқиш ёқишни режалаштирган эди. Кўп ўтмай у вақтинча бу ниятидан қайтганини билдирганди. Бироқ шу йилнинг март ойи ўрталарида америкалик пастор оз сонли тарафдорлари қаршисида бу режасини амалга оширди. Бу ишидан ҳам қониқмаган Терри Жоунс 22 апрел куни Мичигандаги йирик масжид қаршисида катта акция ўтказишни режалаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG