Линклар

Тожик-қирғиз чегарасида яна можаро чиқди


Исфара ва Боткен ўртасидаги чегарада биринчи марта можаро чиқаётгани йўқ.

Исфара ва Боткен ўртасидаги чегарада биринчи марта можаро чиқаётгани йўқ.

6 апрел куни Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманларидаги чегарада икки республика аҳолиси ўртасида можаро юзага келди.

Сўғд вилоятининг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” деҳқон хўжалиги раиси Неъмат Олимовнинг Озодлик радиосига айтишича, икки республика аҳолиси ўртасидаги можаро 6 апрел куни эрталабдан бошланган.

- Ворухлик бир савдогар Боткен ва Исфара чегарасида ўтадиган чоршанба бозорига нарса олиб келаётганда йўлда қирғизистонлик ГАИ вакили тўхтатиб, пул талаб қилган. Исфаралик уч сомоний (тақрибан 70 цент – таҳр.) бериб, “бошқа пул йўқ”, деган. Милиционер унинг киссасига қўл урмоқчи бўлган, исфаралик қаршилик кўрсатган. Шунда қирғиз милиционери унинг бошига тўппонча билан урган. Буни кўриб қолган тожикистонликлар ватандоши тарафини олишган. Йўлнинг у томонида турган қирғизлар эса ўз ватандошига ёрдамга келишган, - деди Неъмат Олимов.

Унинг айтишича, воқеа жойида Қирғизистон томонидан тахминан 150 киши, Тожикистон томонидан эса 500 кишига яқин одам тўпланган.

Можаро чоғида тожиклар қирғизларга қарашли битта енгил автомашина ва Қирғизистон фуқаросини гаровга олишган. Қирғизлар ҳам исфаралик савдогар ва автомашинасини гаровга олишган.

- Воқеа жойига етиб келган Исфара шаҳри раиси Субҳониддин Ашуров ва Боткен тумани раҳбари Ҳаитали Айқуновлар икки республика аҳолиси ўртасидаги можаронинг аланга олишига чек қўйишди. Гаровга олинганлар қўйиб юборилди, - дейди Неъмат Олимов.

Исфара шаҳар хукуматидан олинган маълумотларга кўра, икки республика расмийлари жорий йил 8 апрел куни учрашиб, юзага келган муаммо юзасидан мулоқот ўтказишга келишишган.

Эслатиб ўтамиз, март ойининг охирларида мазкур чегарада икки халқ ўртасида можаро юзага келган эди. Ўшанда Қирғизистон куч ишлатар тизимлари Тожикистоннинг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” дехқончилик хўжалигидаги 400 дан ортиқ ўрик дарахтларни таг-томири билан кўчириб ташлашганди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегарада дастлабки можаро шўролар даврида -1989 йилда юзага келган эди. Ўшанда икки республика аҳолиси бир-бирига қарши кетмону белкураклар қўтариб чиққан. Пировардида уч киши халок бўлган эди.

Сўнгги йилларда эса мазкур ҳудудда саккиз маротаба можаро юзага келди. Бунга ҳам Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида шўролар давридан буён давом этиб келаётган ер ва сув жанжали сабаб бўлган.

- Айтайлик, исфараликнинг сув келадиган қувурини боткенликлар кесиб ташлашди, боткенликнинг ерини эса исфаралик тортиб олди. Натижада можаро. 1989 йилда можаро юзага келган пайтда Тожикистон раҳбари Қаҳҳор Маҳкамов ва Қирғизистон раҳбари Абсамат Масалиев икки республика аҳолиси билан учрашиб, муаммони ҳал қилишга ваъда беришган эди. Бироқ орадан 22 икки йил ўтса ҳамки, масала ҳал бўлмади. Ҳукумат вакиллари келади, кўради, эшитади ва “масалани хал қилинглар” дея, маҳаллий ҳукумат аъзоларига топшириқ берадию кетади. Бу “раҳбарлар ҳеч нимани ҳал қилмай кетди”, деган гап. Мавжуд муаммо эса йиллар, ўн йиллар мобайнида ҳал қилинмаяпти. Расмийларнинг катта хатоси шундаки, улар икки халкнинг фикрига қулоқ солмаяпти, - дейди таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Ўтган йиллар мобайнида икки давлат расмийлари чегара масаласига оид бир нечта ҳужжат имзолаганлар. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, чегаралар қонуний жиҳатдан белгилаб олингунига қадар баҳсли ҳудудлардан ҳар икки давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG