Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:18

Москвада ўзбекистонликлар суд қилинмоқда


Адвокатлар айбланувчилар айбига иқрор бўлганини айтмоқда.
Адвокатлар айбланувчилар айбига иқрор бўлганини айтмоқда.

Москва шаҳар судида Россияда фаолият олиб борган франциялик таниқли тадбиркор Тьерри Ги Спинелли ва унинг оиласини ўлдирганликда айбланаётган тўрт нафар ўзбекистонлик устидан суд жараёни давом этмоқда. Суд давомида айбланувчилар ўз айбларини қисман тан олганликлари айтилмоқда. Айблов хулосасига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Спинелли оиласи уйига бостириб кириб, тадбиркорни ва қизчасини ўлдирган, хотинини ўлдиришдан аввал эса зўрлаган.


Москва шаҳар судида 2009 йилнинг 20 апрелида Москвада содир этилган қотилликларда айбланаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар устидан суд маҳкамаси давом этмоқда. Москва шаҳар суди матбуот хизмати раҳбари Анна Усачева Ўзбекистон фуқаролари Журабой Аширов, Хуршид Нормуродов, Рустам Харисов ва Вахоб Тўраевлар қотиллик, талон тарож ва жинсий тажоввуз содир этганикда айбланмоқда, дея маълум қилди.

- Жорий ҳафтада ишни кўриш давом этмоқда. Кеча, ундан олдинги кун ва бугун ҳам суд маҳкамас бўлди. Ҳозир прокурор томонидан йиғилган материаллар судга тақдим этилди. Қотилликни содир этганликда гумонланаётган Нормуродов ва Харисовлар франциялик вино ишлаб чиқарувчи Спинеллининг рақифасини зўрлаганликда ва квартирани тунаганликларини бўйнига олди, лекин улар қотиллик содир этганларини тан олмади,- дея маълум қилди Москва шаҳар суди расмийси.

Мазкур иш юзасидан жиноий жавобгарликка тортилган Россия фуқароси Жўрабой Аширов ва ўзбекистонлик Вахоб Тўраевлар Тьерри Ги Спинелли квартирасидан олиб чиқилган буюмларни сотишда ва Ўзбекистонга қочиб кетишга ҳаркат қилган айбланувчиларга кўмаклашганликда айбланмоқда.

Тергов томонидан эълон қилинган материалларга кўра, вино ишлаб чиқариш билан шуғулланган франциялик тадбиркор Тьерри Ги Спинелли, унинг рафиқаси Ольга ва Элиза исмли 3 ёшли қизчасининг жасадлари 2009 йилнинг 20 апрелида Москва марказидаги Тверская-Ямская кўчасидаги квартирада чиққан ёнғинни ўчириш пайтида топилган.

Терговчилар ёнғиндан аввал Спинелли оиласининг барча аъзолари ўлдирилган, деган хулосага келган. Подъездда ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида жиноятчилар икки нафар бўлгани ва улар бир қават юқорироқдаги квартира ремонти билан шуғулланган мардикорлар экани аниқланган.

Россия Бош прокуратурасининг экстрадиция масалалари бўйича бошқарма бошлиғи муовини Вадим Яловицкий сўзларига кўра, квартирадан қимматбаҳо буюмлар ва катта миқдорда валюта ўғирлаб кетилган.

- Нормуродов шериклари билан Франция фуқароси Спинелли квартирасига кириб, унинг рафиқаси ва вояга етмаган қизчасини ўлдирган. Шунингдек, квартирадан йирик миқдорда моддий буюмлар, жумладан 20 минг евро ўмарилган,- деди прокуратура расмийси.

Унга кўра, Нормуродов, Харисов, Аширов ва Тўраевлар воқеадан бир кун ўтиб барча арзигулик буюмларни олиб чиқиб кетган ва изларини йўқотиш мақсадида квартирани ёқиб юборган. Содир этилган қотиллик юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 105 моддаси (қотиллик) бўйича жиноий иши очилган ва ўзбекистонлик муҳожирларнинг айблари тасдиқланса, содир этилган жиноят оғирлигини ҳисобга олган ҳолда, улар 20 йилдан умрбод қамоқ жазосигача бўлган муддатларга маҳкум этилиши мумкин.

Прокуратура тахминларига кўра, Нормуродов ва Харисовлар Спинеллининг “Лексус ” автомобилини ўғирламоқчи бўлган. Дастлаб улар квартира эгасини темир труба билан уриб хушидан кетказган. Сўнгра ваннада ювинаётган Олгани ва 3 ёшли Элизани чавақлаб ўлдирган.

Энг даҳшатлиси, дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган терговчилардан бири, улар жасадлар ёнида зиёфат ҳам қилган: бардаги қиммат конякни ичиб музлаткичда топилган озиқ-овқат билан қорниларини тўйдирган.

Қидирувга берилган Нормуродов сохта хужжатлар билан Қозоғистон чегарасини кесиб ўтаётганда қўлга олинган ва Москвага экстрадиция қилинган, дейди тегов ишларини олиб борган Бош прокуратура ходими Денис Семёнов.

- Биз тез вақт ичида 24 яшар Ўзбекистон фуқароси Нормуродов Хуршиднинг изига тушдик ва йиғилган далил-исботлар асосида Спинелли оиласини ўлдирганлик бўйича айблов эълон қилдик. Шунингдек, қўлга олишда Нормуродовдан Спинелли квартирасидан ўмарилган пул ва буюмлар мусодара қилинган,- дейди Семенов.

Ўзбекистонликларни ҳимоя қилаётган адвокатлардан бири Елена Князевага кўра, бир неча ойдан кейин яна бир ўзбекистонлик Рустам Харисов милицияга ўзи келиб жиноятни содир этганликда иқрор бўлган, дея маълум қилди.

Адвокат Нормуродов ва Харисовлар бу жиноятни содир этишга уларнинг оғир иқтисодий шароитлари мажбур қилганини айтади. Аммо олинган маълумотларга кўра, 24 ёшли Нормуродов олдин ҳам талон-тарож содир этганликда айбланиб Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилган.

Марҳум Тьерри ги Спинелли «Шато Ле Гран Восток» ширкати директори сифатида 2003 йилдан бери Россияда ишлаб келган. Спинелли шунингдек Франциянинг Бордо провинцияси вино ишлаб чиқарувчиларининг Россиядаги расмий вакили ҳам бўлган.
XS
SM
MD
LG