Линклар

Жиззахда солиқчилар порахўрликда айбланиб қамалди


Солиқчилар пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.

Солиқчилар пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.

Жиззах вилоят солиқ бошқармасининг икки мулозими пораҳўрликда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинди.


Жиззах вилоят солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар Ўзбекистон жиноят кодексининг 210-моддаси яъни пора олганликда айбдор деб топилди.

Жиззах вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Ширин Абдураҳмонов 12 йил, Дилшод Маҳкамов 10 йиллик умрини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимов солиқчиларнинг қамалганига оди воқеадан хабари борлигини айтди Озодлик билан суҳбатда.

- Ширин Абдураҳмонов Жиззах вилоят транспорт бўлимининг бошлиғи бўлган. У ўзининг ëрдамчиси билан биргаликда вилоятдаги бир транспорт фирмасининг ишларини назорат қилиб туриб, камомад топишгандан кейин булар битта жойга чойга бориб ўтириб “Шунча сумма берасан, ишингни ëпиб юборамиз” дейишган. Улар катта миқдорда пул талаб қилишган. Ўша фирманинг бошлиғини мажбур қилгандан кейин “майли берамиз” деб рози бўлишганда, кейин Миллий хавфсизликка мурожаат қилишган. Миллий хавфсизлик билан келишган ҳолда улар ўша порани беришган ва Миллий хавфсизлик томонидан қўлга олинган. Суд бўлиб ўтиб 12 йилдан қамалиб кетишган,- дейди Маъмуржон Азимов.

NewsUz.com сайти тарқатган хабарда ҳам Ширин Абдураҳмонов ва Дилшод Маҳкамов Жиззах шаҳридаги йўловчи ташиш билан шуғулланувчи “Шохрух-Шохинур” ҳусусий корхонасида текширув ўтказиб, корхона эгасидан 2 миллион 250 минг сўм пора олаётган пайти Миллий ҳавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олингани ёзилган.

Солиқчиларнинг ҳуда-беҳуда текширишларидан юраги безиб кетган ўзбек тадбиркорлари солиқ ходимларининг порахўрлигидан шикоят қилиб келадилар.

Ўн йил давомида фермерлик билан шуғулланиб, солиқчиларга кўп марта иши тушган собиқ фермер Маъмуржон Азимов жиззахлик солиқчиларнинг нафси кейинги пайтларда нахангникидан катталашиб кетган эди, дейди. Ўтган йили ўнга яқин солиқчининг порахўрликда айбланиб қамалгани бунга мисол, дея давом этади у.

- Солиқчилар тўғрисида фикр билдирадиган бўлсам, уларнинг ҳар битта ҳаракатида таъмагирлик ëки порахўрлик бўлмаса, қандайдир қинғир ишларни қидириб топиб шундай ҳаракатларни қилишади. Мана 2010 йилда, мен айнан шу рақамларни биламан, 10дан зиëд солиқ ходимлари порахўрлик билан айбланиб қўлга олинди. Пора билан қўлга олинишди. Масалан, Мирзачўл туман солиқ бошқармаси ходими 2010 йилда пора билан қўлга олинди. Зафаробод туман солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи қўлга олинди. Маълум вақт ўтгандан кейин унинг ўрнига келиб ўтирган янги ходим ҳам пора билан қўлга олинди. 2010 йилда 10дан зиëд солиқ ходимлари қўлга олинди.


Ҳуқуқ фаоли ва собиқ фермер Маъмуржон Азимов 10 давомида фермерлик қилиб бирор марта пора бермаганини айтар экан, солиқчилар ўз ҳуқуқини билган тадбиркорлар билан "ҳазиллашишдан ҳайиқади" дейди

- Мен фермерлик фаолиятим даврида бирор марта пора бермаганман. Улар пора талаб қилишни ҳам нима қилишмаган, йўлларини излаб кўришмаган менга нисбатан. Чунки улар жуда яхши билишган ҳуқуқ ҳимоячилигимизни. Агар биздан пора талаб қилса, бутун дунëга шов-шув бўлиб кетишини ҳам улар жуда яхши билишган. Нафақат бизнинг ўзимиздан олиш агар биз бирор жойда порахўрликни талаб қилиб турган жойда ҳам бўлиб қоладиган бўлсак, ўша жойда ўша нарсани улар тўхтатиб ишдан бурилиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлган.

Ўзининг ҳуқуқини яхши билган фирмалар ҳеч қачон пора беришмаган. Улардан талаб қилишдан ҳам, порахўрлик йўналишларига ҳаракат қилишган вақтларида ҳам ўша нарса қилинмаган. Чунки эртага бирор жойда ëзиб юборишидан, норозилик билдириб юқори ташкилотларга ëзишларидан жуда қўрқишади. Шунинг учун ҳуқуқини яхши билган нималардан ҳеч қачон пора талаб қилмайди,- дейди Маъмуржон Азимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG