Линклар

logo-print

Республиканинг ҳар вилоятида тўй учун турлича чиқимлар қилинади. Ўзбекистонда қиз узатиш арзонми ёки ўғил уйлантириш?

Ўзбек кино санъатида тўй машмашалари ҳақидаги энг машҳур киноасарларидан бири бу “Учрашув” телеминатюраси бўлса керак.

Бундан 40 йил олдин суратга олинган мазкур телеминиатюрада, ёдингизда бўлса, куёвнинг қариндоши ролини ўйнаган Эргаш Каримов қизнинг қариндошларидан тўй харажатлари ҳақида эшитганидан кейин ақлдан озаёзади.

- Водопровод сувини юборайликми? Шуни айтмадинглар-ку. Ҳаво керак эмасми? Сизга яна нима керак? Бир қарич тил керакми? Велосипед, фотоаппарат, магнитофон. Самолёт, трактор, экскаватор керак эмасми? Самосвалчи? Балки асфальт қиладиган машина керакдир? - деган эди машҳур филмда куёвнинг қариндоши ролини ижро этган Эргаш Каримов.



Бугунги ўзбек тўйлари харажатлари, орадан 40 йил вақт ўтган бўлса-да, кўпайса кўпайдики, зарра камайгани йўқ.

Бу харажатлар тўй эгалари Ўзбекистоннинг қайси вилоятида яшашига қараб, ўғил уйлантирмоқчи ёки қиз узатмоқчи бўлган ота-оналарнинг бўйнига тушади.

Бундан 30 йил муқаддам бухоролик йигитга турмушга чиққан асли андижонлик Майрамхон ая Ўзбекистоннинг икки вилояти одатларини яхши билади.

Бир неча ўғил-қизни уйлантириб, турмушга узатган аянинг айтишича, Бухорода ўғил уйлантириш қийин, Андижонда эса қиз узатиш катта харажат талаб қилади.

-Ўғил уйлантириш Бухорода қиммат. Ҳаммасини ўғил томон қилади, қиз ҳеч нарса қилмайди. Қиз иккита кўрпа, иккита кўрпача қилиб боради, тамом, - дейди суҳбатдошимиз.

Майрамхон аянинг айтишича, Тошкент ва Фарғона водийсида, аксинча, қиз узатиш қийин:

- Яланғоч қилиб уйни қўяди. Қиз бориб, пардаларигача ўзи қилади. Андижонда менинг укам кеча тўй қилди, ўғил уйлантирди. Иккита қўчқор, бир миллион сўмга сарпо олди. Борди, келинни тушириб келди. Йигирмата кўрпа, йигирмата кўрпача, йигирмата ёстиқ, қирқта кўйлак, қишлик-ёзлик кийимгача ҳаммасини ўзи қилиб келди келин томони. Қип яланғоч уйга келинни киритди. Тўрт миллион сўм билан келин олиб келди уйига, - дейди Майрамхон ая.

"Бухорода эса ўғил уйлантирмоқчи бўлган ота-она камида ўн миллион сўм пул сарфлайди", дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Қашқадарёлик Бухор Юсуповнинг тўрт ўғлию уч қизи уйли-жойли қилинган. Фарзанд уйлантириб, турмушга чиқаришни ўз бошидан кечирган Бухор Юсупов Қашқадарёда қиз узатиш арзонроқ эканлигини гапиради:

- “Иккита қўй олиб келасиз, 25-30 килодан кам бўлмаган, бир центнергача гурунч олиб келасиз, сабзи топиб келасиз”, дейди. Сандиқ олади, сандиқча олади, қизга сарпо олади, камида ўнта импортний кийим олади. Уни ҳаммаси пул-да. Ҳозирги шароитга 5-6 минг доллар ҳам етмайди. 6 минг долларни ўзи 12-15 миллион бўлиб кетади - етмайди. Мен ҳали қизга йигит томонидан бериладиган нарсани айтаяпман. Куёв томон қарзга ботади. Пули йўқ одам қарзга ҳам ботиб қолади, қарзни узгунча, жанжал ҳам бўлиб кетади, қарздан қутула олмай, ажралиш ҳам бўлиб кетади. Аста-секин қарздан ҳам қутулади. Ўзи мақолимиз бор - “қарз олма, хотин ол” деган, - дейди қашқадарёлик Бухор Юсупов.

Бироқ суҳбатдошимиз айрим ўзбекистонликлар "Қарз узилар кетар - хотин ёнга қолар" мақолига таяниб иш кўраётганларини айтмайди.

Бухор Юсуповга кўра, Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тўйларни кам чиқимли қилишга ҳаракатлар бўлса-да, одамлар онгига ҳали бу янгиликлар тўла кириб борган эмас.

Айни пайтда ўзбек маҳаллаларида маҳалла раислари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, маслаҳатчилар тўйларни кам ҳаражатли қилишга уринмоқда.

Тошкент шаҳри маҳаллаларидан бирининг тўй маслаҳатчиси Мавлуда опа ҳозирда ўзи яшаётган маҳаллада ўтказилаётган тўйлар анча саранжомлашганини айтади:

- "Келинсалом" бўлаётгани йўқ, "чарлар" бўлгани йўқ, "Пул сочар"лар бўлгани йўқ. Имконига қараб, чўнтагига қараб, болаларининг бахтли-саодатли бўлиб кетиши учун ота-онанинг қилган харажатлари бўлди. Икки қуда келишган ҳолатда - бири озиқ-овқатни, бири бошқасини қилиб, тўйни ўтказишди, - дейди яқинда ўтган тўйлардан бирини эслаган Мавлуда опа.

Бироқ тўй харажатларининг қисқартиришда маҳалла фаолларининг хизмати катта бўлаётганини таъкидлаган суҳбатдошимиз бу уринишлар доим ҳам кутилган натижани бермаётганини қўшимча қилади. Мавлуда опанинг айтишича, айримлар "пул ўзимники, тўйимниям хоҳлаганимча қиламан" дея исрофгарчиликка йўл қўймоқда.

Аснода Ўзбекистонда тўй қилиш машаққат бўлгани туфайли уйланиш ёшига етган йигитларнинг кўпи хорижга чиқиб, меҳнат муҳожирлигидан тўплаган пулини уйга, бўлажак тўйи учун ота-онасига юборишга ҳаракат қилаётир. Уйланган йигитлар эса тўйдан сўнг қолган қарзларни узиш билан ой ва йилларини ўтказмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG