Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:22

Норвегиядаги ўзбекистонлик қочқин депортация қилиняпти


Ҳасанбой Худойберганов.
Ҳасанбой Худойберганов.

“Ҳизбут-Tаҳрир” фаолларидан бири бўлгани айтилаётган асли фарғоналик 37 ёшли Ҳасанбой Худойберганов Норвегиянинг Осло шаҳридаги кўчалардан бирида, 6 апрелда қўлга олинган.

Норвегиядаги инсон ҳуқуқи фаоли Евгений Дьяконовнинг Озодликка айтишича, Ҳасанбой Худойберганов айни пайтда Трандум шаҳарчасидаги депортация лагерида сақланмоқда ва яқин кунларда Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин.

- Мен Ҳасанбой Худойберганов иши билан жиддий шуғулланяпман. У Ўзбекистон қамоқхонасида қийноқларга солинган собиқ маҳкумлардан бири. Ҳасанбой Ўзбекистон қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлган ва Европада тўққиз йил, сўнгги тўрт йил Норвегияда яшаган. Қочқинлик мақоми олиш учун у икки марта Норвегия миграция хизматига мурожаат қилган. Бироқ унинг аризалари рад этиб келинмоқда. Биз миграция хизматининг рад жавоби юзасидан Норвегия Олий судига мурожаат қилдик. Бироқ ҳали суд бу мурожаатни кўриб чиқмасидан бурун уни Ўзбекистонга депортация қилишмоқчи. Бу амалдаги Норвегия қонунларига зид,- деди Евгений Дяконов.

Унга кўра, Норвегия миграция хизмати Ҳасанбой Худойбергановнинг қочқинлик мақоми олиш учун келтирган далилларини тан олмаяпти. Агар у Ўзбекистонга депортация қилинса, биз уни бошқа кўрмаслигимизга аминман, у қамоқдан тирик чиқмайди, дея қўшимча қилди Евгений Дьяконов.

Ослодаги “Ўзбек-Норвегия маданий маркази” раҳбари Шуҳрат Тошев Озодлик билан суҳбатда Ҳасанбой Худойбергановни яхши танишини айтади:

- Ҳасанбой уч-тўрт йилдан буён қочқинлик мақомини олишга ҳаракат қилади. Унинг ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда муаммоси бор. Бироқ у буни исботлаб беролмаяпти, шекилли. Норвегия полицияси ҳам Ўзбекистондан келганларга жуда қаттиқ текшириш олиб боряпти,- дейди Шуҳрат Тошев.

“Ўзбек-Норвегия маданий маркази” раҳбарига кўра, ҳар йили Норвегияга 100-200 нафарга яқин ўзбекистонликлар келмоқда. Уларнинг аксарияти сайёҳлик визаси билан келади, бироқ уларнинг асосий мақсади бу ерда қолиб ишлаш, дейди Шуҳрат Тошев.

- Қочқинлик сўраётганлар орасида ҳақиқатан 5-10 фоиз сиёсий ва диний мотивлар билан келганлар бор. Лекин аксарият келганлар, ишлаб қолиш мақсадида бошпана олиш учун миграция хизматига ёлғон маълумотларни айтадилар. Полиция уларнинг далиллари ёлғон эканлигини билгач, уларни депортация қилмоқда. Ҳасанбойга ўхшаган муаммоси бор одамлар эса ана шу одамларнинг касрига қолмоқда,- дейди Ослодаги “Ўзбек-Норвегия маданий маркази” раҳбари Шуҳрат Тошев.
XS
SM
MD
LG