Линклар

Ливияда Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар мамлакат ғарбидаги Мисрата шаҳрини қайта назоратига олиш учун ҳарбий амалиётларни бошлагани хабар қилинмоқда.

Қаддфий кучлари оғир артиллерия ва танклар ёрдамида шаҳарни бомбалагани ҳақида хабарлар бор.

Ливиянинг учинчи йирик шаҳри ҳисобланган Мисрата ҳозир исёнчи кучлар назоратида қолмоқда.

Кеча исёнчилар Ливия шарқидаги нефтга бой Брега шаҳрини ўз назоратига олган эди.

Айни пайтда Қаддафий маъмурияти Британия учқичлари ҳужуми оқибатида йирик нефт конига ва ундан Ўртаер денгизи портига нефт етказувчи қувурларга зарар етганини билдирди.

Ливия ташқи ишлар вазири ўринбосари Холид Қаимга кўра, Сарир нефт ҳавзасига уюштирилган ҳужумда уч нафар соқчи ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ваишнгтонда қилган чиқишида мавжуд вазият Қаддафий нима қилиши кераклиги борасида буларни айтди:

- Менимча, жаноб Қаддафий нима қилиши кераклигини билади. Ўт очиш тўхтатилиши керак, катта зўравонлик ва кўплаб одам ҳаёти эвазига эгаллаб олинган шаҳарлардан унинг кучлари олиб чиқилиши лозим. Унинг ҳокимиятдан кетиши ва мамлакатни тарк этиши хусусида қарор қабул қилиниши керак,- деди Ҳиллари Клинтон.

Хабарларга кўра, Қаддафий АҚШ Президенти Барак Обамага мактуб йўллаб, унинг таъбири билан айтганда, "адолатсиз уруш"га чек қўйишга чақирган.
XS
SM
MD
LG