Линклар

7 апрел Ўш қирғинининг бошланғич нуқтасими?


7 апрелдан 1 йил, июн қирғинидан 8 ой ўтиб, бу воқеалардан сабоқ чиқарилдими, деган савол очиқ қолмоқда.

7 апрелдан 1 йил, июн қирғинидан 8 ой ўтиб, бу воқеалардан сабоқ чиқарилдими, деган савол очиқ қолмоқда.

Мен, журналист Элмурод Озодлик радиоси остонасидан хатлар эканман холис ва адолатли бўлишга, тарафкашлик қилмасликка ўз-ўзимга сўз бераман.


2010 йилги Ўш қирғини бошланган кундан то шу кунгача, ҳар куни эрталаб ишхонамга қадам босар эканман мана шу сўзларни такрорлайман.

Нега? Нима зарурати бор бунинг?

Бу саволлар жавобини ушбу мақоламни хулосалаш жараёнида англаб олишингизга умид қиламан.

Ўш сабоқлари: Ўш қирғинига бир йилдан сўнг ташланган назар

Ўқиётганингиз мақолада “7 апрел Ўш фожеасининг бошланғич нуқтасими?” деган саволга жавоб изламоқчимиз. Бу саволнинг жавоби чалкашиб кетмаслиги учун оддий йўлни танладик: 2010 йил 7 апрелдан то 10 июн - Ўш қирғини бошлангунига қадар бўлган воқеалар ривожи ва жараёнлар хроникасини таҳлил қилмоқчимиз.

Демак, бошланғич нуқтамиз 2010 йил, 7 апрел

Бакиевнинг қарорлари халқнинг қалқишига сабаб бўлди
7 апрел куни ўз қарорлари билан озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун нарх-навони мисилсиз даражада кўтариб юборган Қурманбек Бакиев ҳукуматидан норози бўлган халқ мухолифат қурултойига йиғилиши лозим эди. Бироқ Бакиев ҳукумати 6 апрелдан 7 апрелга ўтар кечаси Таласда, Ўшда ва Бишкекда мухолифатнинг деярли барча лидерларини қамоққа олди.

Қимматчиликдан қийналган халқ эркин фикрлаш ҳуқуқи ҳам тортиб олинаётганидан норози бўлиб, президент саройига юриш бошлади.

7 апрел тушдан кейин Бишкек марказий майдонидаги президент саройига йиғилган одамларга қарши биринчи ўқ узилди.

7 апрел воқеалари иштирокчиси, 50 ёшдаги Восток Абдурахмонов ўша кунни мана бундай эслайди.

- Тушдан кейинги соат иккилар эди. “Олға! Олға!” деб кетаётсак, бирдан менга ўқ тегди. Мен йиқилиб қолдим... Менинг олдимда 18-19 ёшли бир йигит миясидан ўқ еб ётар эди. Менинг олдимга ҳеч ким кела олмай қолди, ўқ отиларди... Бирдан қаердандир 10-12 ёшли болакай пайдо бўлди, менга қўлини узатди... Шундан кейин катта ёшдаги одамлар олдимга югуриб келишди. Мени кўтариб, майдондан олиб чиқиб кетишди. 7 апрелдан кейин ҳаёт ўзгаради, деб ўйлаган эдим. Аммо афсуски, ҳокимиятга янги одамлар эмас, ўша эски амалдорлар келди,- дейди Восток Абдурахмонов.

2010 йил 7 апрел воқеаларида 80 дан ошиқ одам ўлди.
7 апрел куни президент саройини ишғол қилмоқчи бўлган 80 дан ортиқ одамнинг ўлими ва президент Бакиевнинг қочиши билан якунланди.

8 апрел куни эрталаб Бишкекда миллий нафратга асосланган биринчи шиор пайдо бўлди. Президент саройи деворини узунлиги 3 метр, эни 70 сантиметрлик оқ матога қизил бўёқларда ёзилган “Еврейларга Қирғизистонда ўрин йўқ” деган шиор “безади”. Бундай шиорлар бошқа жойларда ҳам пайдо бўлди ва 10 кунгача олиб ташланмади. Орадан 10 кун ўтгач, президент Ўтунбаева бундай шиорлар пайдо бўлгани учун қирғизистонликлардан кечирим сўради.

Аммо мана шу 10 кун давомида Муваққат ҳукумат расмийлари, жумладан, Азимбек Бекназаров этник яҳудийларни, корейсларни ва миллати қирғиз бўлмаган бошқа ишбилармонларнинг барчасини қирғиз халқининг «нонини туя қилаётган»ликда айблади. Бош прокуратурада “карис мафияси”, “яҳудий мафияси” ишлари ўрганила бошланди.

7-15 апрел, Ўш ва Жалолобод

Мамлакатда мана шундай жараёнлар кечаётган бир паллада Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари Ўш ва Жалолободда ҳам сиёсий мураккабликлар пайдо бўла бошлаган эди.

Ўша кунлари Ўш ва Жалолободдаги воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган ҳамкасбим Шерзодни суҳбатга тортаман.

15 апрел куни Ўшда бакиечилар ва муваққат ҳукумат тарафдорлари жанжаллашган эди.
- Ўша кунлари Ўш ва жалолободликлар орасида турли баҳслар кучайган эди. Гўёки Қурманбек Бакиев Ўш ва Жалолободни Қирғизистондан ажратиб олиб, ўзи бошқариши ҳақида миш-мишлар кенг тарқалган эди. 15 апрел куни Ўшда муваққат ҳукумат тарафдорлари қурултой ўтказадиган бўлишди. Аммо бу қурултойга Бакиев тарафдорлари ҳам келишди. Бакиевнинг ўзи ҳам етиб келди. Муваққат ҳукумат тарафдорлари Бакиевнинг гапиришига йўл қўймай, уни марказий майдондан қувиб чиқаришди. Шундан сўнг бакиевчилар Ўшдаги қирғиз драма театри олдига йиғилишди. Аммо муваққат ҳукумат тарафдорлари уларга митинг ўтказишга йўл бермай, Қурманбек Бакиевни Ўшдан қувиб чиқаришди. Бакиев яна Жалолободга қочди,- дея эслайди Шерзод.

Қурмонбек Бакиевни ҳозирча Жалолободда қолдириб турамизда, яна Бишкекка қайтамиз.

20 апрел. Яна қон тўкилди ёки амалдаги миллатчилик

20 апрел куни минглаб қирғиз ёшлари Маевка қишлоғига йўл олди. Бу ерда улар этник туркларга тегишли еттита уйни ёқдилар, уларнинг ерларини эгаллаб олишга ҳаракат қилдилар. Этник турклардан 5 киши ўлдирилди, ўнлаб одам оғир тан жароҳатлари олди.

Маевка воқеалари 7 апрелдан кейинги биринчи этник можаро эди.
Орадан бир неча ой ўтиб, Маевкадаги тартибсизликларни уюштирганликда айбланганлар устидан суд бошланди. Қўлга олинган 120 кишидан 5 кишигина суднинг қора курсисига ўтирди. Уларнинг тўрттаси шартли жазо олди. Бир судланувчи 7 йилга кесилди. Аммо амнистия тўғрисидаги қонунга асосан унинг жазо муддати учдан бирига қисқартирилди.

Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Акун ўша кунларни эслар экан, мамлакатда бошланган тартибсизлик ва миллатчилик тўлқини бевосита сиёсат билан боғлиқ эканини айтади:

- Апрел воқеасидан сўнг сиёсий эйфория натижасида мана шундай воқеалар содир бўлди. Бундай ҳолатда ҳар қандай оғир жиноятни ҳам сиёсат билан уйғунлаштириш керак бўлади,- дейди Қирғизистон Омбудсмени.

20 апрел – 15 май, Жалолобод

Ҳамкасбим Шерзод билан суҳбатни давом эттирамиз.

Шерзод, Маевка воқеалариниг акс –садоси Ўш ва Жалолободдда ҳам сезилганмиди ўшанда?

- 20 апрелда ҳали миллатлараро низо чиқиши ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалмаган эди. Бироқ ҳар куни қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб ёшлар орасида беш-олтита маиший даражадаги жанжаллар бўлиб турган эди. Миллий низо чиқиши мумкинлиги тўғрисдаги ваҳималар май ойида кучайди. 15 май куни муваққат ҳукумат тарафдорлари Бакиев яшаётган Тейит қишлоғига боришиб, Қурмонбек Бакиевнинг уйини ёқиб юборишди. Шундан сўнг фитначилар томонидан Бакиевнинг уйини ўзбеклар ёқиб юборди, деган гаплар кучайди.

Шу ўринда яна бир неча дақиқага Бишкекка қайтамиз. 14 май куни президент Бакиевнинг маслаҳатчиси Усен Сидиқов қамоққа олинди. У 13 ва 14 май кунлари Ўш ва Жалолободда ҳокимиятни куч билан тортиб олиш ҳаракатларини уюштирганликда айбланди.

Айтиб ўтиш лозим, яқинда Усен Сидиқовга нисбатан маҳкама жараёни якунланди. Усен Сидиқов Жалолободда 13-14 май куни бўлиб ўтган тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб, 6 йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Шерзоддан "13-14 май куни нима бўлган эди?" деб сўраймиз.

- 13 май куни Бакиев тарафдорлари Жалолобод вилоят ҳокимиятини эгаллаб олишди. Ва айни пайтда 13 май куни Бакиев тарафдорлари муваққат ҳукумат тарафдорларига қарши ўқ отди. Бу отишмада бир неча одам ҳалок бўлгач, муваққат ҳукуматнинг заифлиги билиниб қолди.


Қодиржон Ботиров: “Муваққат ҳукумат ўзбеклардан ёрдам сўраган”

Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров жанубий Қирғизистондаги нуфузли ўзбек лидерларидан бири эди. У ҳукумат томонидан 10 июн куни содир бўлган июн воқеалирининг асосий айбдори сифатида тилга олинади. Расмийлар уни ўзбеклар учун автономия талаб қилган айрмачиликда айблаб жиноят иши очди.

Бироқ Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган Ботиров Озодлик билан суҳбатда бунинг аксини айтган эди. Қодиржон Ботировга кўра, 13-14 май воқеаларида ўз заифлигини сезган ҳукумат этник ўзбеклардан кўмак сўраган.

Қодиржон Ботировни қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири эди.
- Авваламбор, бизнинг митингларимиз республикада бўлиб ўтган революцияга хос иш деб биламан. 7 апрелда давлат тўнтарилиб, жанубга Бакиев қочгандан кейин, бунинг бутун қариндош-уруғи, клани, ака-укалари Жалолободнинг яқинидаги Тейит қишлоғида эканлигини биласиз, шу ерга келиб, отасининг уйида штаб тузиб, шундай ҳолатни яратган эдики, уларнинг мақсади ҳолатни миллий жанжалга айлантириш эди. Қирғизистон жанубида ўзбек билан қирғиз орасида катта жанжал чиқариш планларини амалга ошириш йўлида бир қатор провокациялар қилишди. Шу нуқтаи назардан ўзбек халқи шуни билиб, тушуниб туриб, ҳаммаси, хабарингиз бор, Халқлар Дўстлиги университетининг территориясида ҳар кун тўпланиб турди. Халқ ўзаро маслаҳатлашди. Мақсад ана шу провокацияларга йўл қўймаслик бўлди. Революциядан кейин муваққат ҳукумат Бакиев масаласини қандай қилиб охиригача ҳал қилиши катта муаммо бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мени бир неча марта Бишкекка чақиришди...

Озодлик:
Қодиржон ака, ўша митингларда қанақа талаблар қўйилган эди, ўша талаблар орасида автономия талаби бормиди-йўқмиди?

- Биринчидан, митингда асосий талаб тез орада Бакиевни ва ака-укаларини, атрофида юрган командасини ва кўчада юрган преступникларни тез орада қўлга олиш ва уларни эл олдида жазога тортиш талаби қўйилган.

Иккинчи масала халқни янги Конституция лойиҳаси муҳокамасига актив қатнашишга чақириш. Ҳар битта гражданин уни ўрганиб чиққан ҳолда ўзининг ўй-фикрини очиқ-ойдин айтсин ва уларни жамлаб охирида бир Қурултой ўтказайлик, Қурултойда ўзимизнинг фикрларимизни ўзларимизнинг вакилларимиз орқали конституционний совешаниега етказайлик, дедик. Шу масала қўйилган. Лекин автономия бўйича мен эсимни таниганимнинг бу ëғига, ҳаттоки нафақат мен - 20 йилдан бери Жалолобод вилоят Ўзбек миллий маданий марказини бошқариб келаяпман, республика марказини муовин қатори бошқариб келаяпман - нафақат мен, мендан бошқа ўзбек лидерлари ҳам автономия тўғрисида оғиз очган эмас. Автономияни ҳеч ким талаб қилган эмас. Неча марта журналистлар савол берган бўлса, мен “Бизга автономиядан кўра бугун дунë талабига жавоб берадиган, инсоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, яхши шароитини таъминлаб берадиган асосий закон – Конституцияни қабул қилайлик. Бизга бошқа автономиянинг кераги йўқ” деб ўзимизнинг фикримизни очиқ баëн этганмиз, - деган эди Озодликка Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланаётган ва ҳозирда қочқинликда бўлган Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров.

Холисликн иддао қилар эканмиз, шу ўринда Ўш қирғини тафсилотларини ўрганган миллий комиссия раиси Абдуғани Эркебаев берган маълумотларни ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Абдуғани Эркебаев миллий комиссия хулосасини эълон қилар экан, ҳақиқатан ҳам муваққат ҳукумат аъзолари, хусусан, президент Роза Ўтунбаева Қодиржон Ботиров билан телефон орқали музокаралар ўтказгани, аммо бу музокаралар тафсилотлари билан таниш эмаслигини айтган эди.

7 апрел Ўш қирғининиг бошланғич нуқтасими?

Мақоламизни бошида қўйганимиз саволга қайтдик. Бошланғич нуқтамиз 7 апрел эди. 7 апрел Ўш қирғининиг бошланғич нуқтасими?
Бу саволга Қирғизистон парламенти депутати, 7 апрел ва Ўш қирғини воқеасини ўрганиш бўйича махсус парламент комиссияси раиси Тўқўн Мамитовнинг жавобини эшитсак.

- Биз апрел воқеалари, Маевка, Жалолобод ва Ўш воқеаларини алоҳида, бир-биридан ажратиб ўрганиш масаласини ҳам муҳокама қилганмиз. Охир оқибат бу воқеаларнинг ҳаммаси бир жараённинг узвий ҳалқаларидир деган қарорга келдик. Шунинг учун ҳам бу воқеаларнинг барчасига битта сиёсий баҳо беришга қарор қилдик,- дейди депутат Тўқўн Мамитов.

Парламент комиссиясининг хулосаси яқин кунларда эълон қилинади. Вақти келганда бу хуклоса ҳақида ҳам хабар берамиз, албатта.

Сиёсатшунос ва президент маъмуриятининг масъул ходими Ўрўзбек Молдалиев эса Ўш қирғини 7 апрелнинг эмас, ундан ҳам аввалроқ қирғиз ҳукумати юритган миллатчилик сиёсатининг оқибатидир, деб ҳисоблайди.

- Ўзингиз бир тасаввур қилиб қўринг. Сиз ўзбек ишбилармонисиз, солиқчи эса қирғиз. Солиқчи келиб, сиздан пора сўраса, ишингизга тўсқинлик қилса, мени солиқчи эмас, қирғиз қийнаяпти, деб ўйлайсиз. Кадрлар сиёсатидаги номақбул ишлар миллатлар аро низонинг бошланғич нуқтасидир. Милиционер қирғиз бўлса. Кафе, ресторанларнинг хўжайинлари бўлган ўзбеклардан пул таъма қилса, жиноят олами солиқ солса, буларнинг ҳаммаси ижобий натижа берармиди? Буларнинг ҳаммаси қирғизларнинг бошқа миллатлар томонидан яхши кўрилишига сабаб бўлолмайдику. Бошқа миллат ваикллари нима қилсин? Судга борса суд ҳам қирғиз. Унга ҳам пора бериш керак. Миллатлар аро низо куч ишлатар тузилмалар ва ҳукумат тузилмаларининг бир миллатдан иборат бўлиб қолгани ҳосиласидир,- дейди Ўрўзбек Молдалиев.


Хронологик жадвал

Мақолмизга хулоса ясашга яқинлаб қолдик. Шунинг учун унинг асоси бўлган воқеалар хронологиясини яна бир бор такрорлаб ўтсак. Демак 2010 йил:

7 апрел: Бакиев ҳокимиятдан ағдарилди
8 апрел: Бакиев Жалолобод вилоятидаги она қишлоғига кетди. Айни шу куни Бишкекда миллатлар аро нафратга асосланган биринчи шиорлар пайдо бўлди.
9 апрелдан то шу кунгача: Яҳудий, корейс ва бошқа миллат вакилларидан иборат ишбилармонларнинг мол-мулклари қайта тақсимлаш сиёсати нишони бўлиб қолмоқда. Бунга Россия ишбилармонларига тегишли экани иддао қилинаётган "Алфа телеком" ширкати атрофидаги жанжалларни мисол қилиш мумкин.
15 апрел: Жалолободда Бакиевчилар фаоллашди
20 апрел: Маевка қишлоғида тартибсизликлар рўй берди. Этник туркларга тегишли 7 уй ёқиб юборилди, беш одам ўлдирилди. Маевка воқеасида айбланиб судланган 5 кишидан 4 нафари шартли жазога ҳукм қилинди.
13-14 май: Жалолободда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида бакиевчилар тартибсизликларни уюштирдилар. Бу тартибсизликлар раҳбари сифатида президент маслаҳатчиси Усен Сидиқов қамоққа олинди. Усен Сидиқов суд ҳукми билан, кекса ёшдалигини ҳисобга олган ҳолда, шартли равишда 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Шу ўринда эслатишга лойиқ бир факт: Ўш воқеаларида айбланиб қамалганлардан энг кексаси 60 ёшдаги Усмонжон Аблазовдир. Бу қарияни 25 йилга озодликдан маҳрум қилган суд унинг ёшини ҳисобга олмади.


15 май: Муваққат ҳукумат тарафдорлари, жумладан, жалолободлик ўзбеклар бакиевчиларга қарши курашга чиқдилар. Жалолобод ҳокимияти яна муваққат ҳукумат назоратига олинди. Бакиевнинг Жалолобод яқинидаги Тейит қишлоғидаги уйига ўт қўйилди. Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни тарк этди.

Май ойининг кейинги кунларида Жалолободда қирғиз миллатчилари томонидан миллатлараро нафратга асосланган митинглар ўта бошлади. Бу митинглар 2010 йилнинг 10 июн куни Ўш қирғини бошланишига туртки бўлди.

Хулоса

Мақола аввалида айтган фикрларни такрорлайман:
Мен, журналист Элмурод Озодлик радиоси остонасидан хатлар эканман холис ва адолатли бўлишга, тарафкашлик қилмасликка ўз-ўзимга сўз бераман.

2010 йилги Ўш қирғини бошланган кундан то шу кунгача хар куни эрталаб ишхонамга қадам босар эканман мана шу сўзларни такрорлайман.

Нега? Нима зарурати бор бунинг?

Ўйлайманки, бу саволга ўқиганингиз мақоладан ўзингиз учун жавоб топа олдингиз.

Холис бўлмаган сиёсатчилар, адолатли бўла олмаган ҳукумат, тарафкаш бўлган ҳуқуқ-тартибот тизими бор экан, Ўш воқеаси сабоқлари англашилмай қолаверади.

Ўш воқеаларидан ким қандай сабоқ чиқарди?

Бу кейинги эшиттиршларимиз мавзуси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG