Линклар

Ўзбек чегарачилари эътироз билдирди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг қўшни республикалар билан чегараларида нохуш воқеалар тез-тез рўй бериб туради.

Ўзбекистоннинг қўшни республикалар билан чегараларида нохуш воқеалар тез-тез рўй бериб туради.

Тожикистонлик чегарачилар Ўзбекистон ҳудудига бостириб кириб, провокациялар уюштирмоқда. Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига кўра, икки давлат ўртасидаги бир нечта чегара ҳудудларида тожикистонлик чегарачилар контрабандачиларга ҳомийлик қилиб, Ўзбекистон ҳудудига бостириб кирмоқда.


Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган пресс-релизни Regnum ахборот агентлиги эълон қилди. Унда айтилишича, жорий йилнинг 2 апрелида 15 нафар қуролланган тожикистонлик чегарачилар Жиззах вилоятининг Зомин туманига бостириб кириб, контрабандачилар йўлини тўсишга ҳаракат қилган ўзбекистонлик чегарачилар нарядини қўлга олишга ҳаракат қилган.

Расмий хабарномада тожик чегарачиларининг бошқа ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳам келтирилади.

“2011 йилнинг 4 апрелида Наманган вилоятининг Пунгон туманида икки нафар қуролланган тожикистонлик чегарачи (спорт кийимида, бош кийимсиз) икки нафар контрабандачи билан давлат чегарасини бузган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига 15 метр бостириб кирган. Улар қурол ўқталган ҳолда Ўзбекистон чегарачилари олиб қўйган контрабанда ёнилғи маҳсулотларини қайтариб беришни талаб қилганлар. Ўзбек чегарачиларининг қўшимча кучлари келаётганини сезгандан сўнг, улар Тожикистон ҳудудига ўтиб кўздан ғойиб бўлган”, дейилади Ўзбекистон МХХ пресс-релизида.

Хабарга кўра, ўзбекистонлик чегарачиларнинг оғир-босиқлиги туфайли воқеаларнинг фожиавий оқибати олди олинган ва Тожикистон томони бу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон томонидан кечирим сўраган.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда бу воқеалар юзасидан Ўзбекистон расман эътироз билдирмаганини баён қилди. Матбуот хизмати раҳбари мазкур ҳолатлар содир бўлгани ёки бўлмагани обдон ўрганилгандан сўнг, бу ҳақда қўшимча хабар беришини айтди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги чегар ҳудуларида мунозарали воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.

Хусусан, ўтган йилнинг 15 октябр куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманида истиқомат қилувчи Тожикистон фуқароси ўзбек чегарачиси томонидан ўққа тутилган эди. Воқеада яраланган тожикистонлик касалхонага ётқизилган эди.

Ундан бир ой олдин ҳам Тожикистоннинг Зафаробод туманидаги чегара постида ўзбек чегарачиси тожикистонлик фуқарони автоматдан отиб ярадор қилган эди.

Феврал ойида эса тожик чегарачилари Ховос чегара постида турган ўзбек чегарачисини автоматдан отиб яралаган.

2010 йилнинг январ ойида Панжакентнинг Саразм қишлоғи ёнидаги постда ўзбек чегарачилари тожик чегарачисига автоматдан ўт очиб, ярадор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG