Линклар

logo-print

Подмосковьенинг Химки шаҳрида ярим йилдан бери бозор ва савдо тармоқларида талон-тарожлик билан шуғулланиб маҳаллий тадбиркорларни қурқувда ушлаб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Асосан шимолий кавказлик ҳамда Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат "байналмилал" босқинчилар ўзларига “Қора мушук” деган ном танлашган.


“Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди” номли машҳур филмдаги бандитларга қиёслаб ўзларини “Қора мушук” деб атаган гуруҳ асосан кечалари турли савдо тармоқлари ва омборларга хужум уюштирган, демоқда терговчилар. Уларнинг ихтиёрида "Сайга-20СВ" ов милтиғи ва совуқ қурол бўлган, дейди Москва вилояти ИИБ Жиноий қидирув бошқармаси расмийси Анна Зуева.

- Айбланувчилар асосан кечаси турли омбор ҳудудларига деворлардаги очиқ жойлар ёки туйнуклар орқали кириб, қоровул ва фирма ишчиларини скотч билан боғлашган. Кейин омборлардаги барча махсулотларни юк машиналарида олиб чиқиб кетган,- дейди Анна Зуева.

Унинг Озодликка айтишича, ўғирланган махсулотларни улар арзон нархда пуллашган. “Қора мушуклар” деб аталаётган бу гуруҳ Химки шаҳрининг битта туманида ҳаракат қилган. Ички ишлар расмийларига кўра, улар изларини йўқотишда моҳирлик кўрсатган, квартираларни тез-тез алмаштириб турган, тўдабошилар гуруҳнинг оддий аъзолари билан шахсан учрашмаган.

Улар ижарага олган квартиралардан бирида катта миқдорда ўғирланган буюмлар мусодара қилингани айтилмоқда.

“Қора мушуклар” кейинги бир ҳафта ичида Москвада қўлган олинган марказий-осиёликлардан иборат биринчи гуруҳ эмас.

Ўтган чоршанба куни Россия пойтахтида машина ўғирлаш билан шуғулланган бир гуруҳ собиқ иттифоқ фуқаролари қўлга олинди. Терговчиларга кўра, тахминан 20 кишидан иборат бу жиноий тўда биргина 2010 йил давомида мингга яқин “иномарка”, жумладан Тойота ва Хонда русумидаги автомобилларни ўғирлаган. Бу жиноятлар ҳам фақат пойтахтнинг битта ҳудудида амалга оширилган, дейди Москва шаҳри Жанубий округ полицияси бошлиғи Александр Подольний.

- Бугунги кунга келиб бу жиноий гуруҳнинг 8 нафар аъзоси қўлга олинган. Улар асосан собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари фуқароларидир. Тергов давом этяпти,- деди Александр Подольний.

Полиция бошлиғининг сўзларига кўра, бу гуруҳга 32 ёшли милиция майори бошчилик қилгани тахмин этилмоқда. Майор ўз шерикларининг ҳаракатларини шахсий “Лексус” автомобилидан бошқариб турган.

Бунда “қора ишни”, яъни машиналарни ўғирлашда асосан Марказий Осиё республикалари фуқаролари ишга солинган.

Ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга кўра, сўнгги пайтларда Москва ва Подмосковьеда бундай халқаро жиноий гуруҳлар сонининг кескин кўпайгани боис полиция бу тузилмаларга қарши ўзбек, тожик ёки қирғиз тилида сўзлаша оладиган махсус агентларни тайёрлашга киришган.
XS
SM
MD
LG