Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Нурсултон Назарбоев яна қасамёдга келтирилди


Қасамёд маросимида Нурсултон Абишевич ўз хурсандчилигини яширмади.
Қасамёд маросимида Нурсултон Абишевич ўз хурсандчилигини яширмади.

Маросимда Назарбоев яна қонунларга амал қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни ваъда қилди.


Навбатдаги беш йиллик муддатга қайта сайланган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 8 апрел куни Остона шаҳрида қасамёдга келтирилди.

5 апрел куни ўтказилган ва халқаро жамоатчилик танқидларига учраган сайловда Назарбоев 95,5 фоиз овоз қозонган эди.

Пойтахт Остонадаги Мустақиллик саройида бўлиб ўтган қасамёд маросимида сўз олган Назарбоев мамлакати қонунларига амал қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, президентлик вазифасини сидқидилдан адо этишни ваъда қилди.

Шунингдек, ўз чиқишида Назарбоев ўзи раҳбарлиги остида Қозоғистон очиқ ва кўп векторли ташқи сиёсат олиб бориши, жумладан Россия ва Беларус билан Божхона иттифоқини ривожлантириш, Хитой, АҚШ ҳамда ЕИга аъзо давлатлар билан стратегик ҳамкорликни кучайтириш, Марказий Осиёдаги қўшнилари билан ҳам яқин қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ниятида эканини қайд этди.

Қозоғистон Конституциясига мувофиқ, Назарбоев расман қасамёд келтирган ондан эътиборан навбатдаги ваколатини бошлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Қасамиёд маросимига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бормади.

Лекин Каримов бир кун аввал Назарбоевни қайта сайлангани билан қутлаб, унга табрик хати жўнатди. Ўзбекистон президенти ўз табрик хатида Назарбоевни узоқни кўра биладиган ва бой тажрибага эга раҳбар сифатида таърифлаган эди.

Назарбоев Қозоғистонни 1990 йилдан буён идора этиб келади. 2007 йилда мамлакат Конституциясига киритилган ўзгаришларга мувофиқ Назарбоев президентликка истаганча қайта сайланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Назарбоевнинг президентлик ваколати 2012 йилнинг охирида ўз якунига етиши керак эди. Лекин унинг жорий муддатини 2020 йилгача узайтириш ташаббуси атрофидаги мунозаралар боис Назарбоев муддатидан аввал сайлов ўтказишни эълон қилган эди.

Нурсултон Назарбоев қасамёдга келтирилганидан сўнг Қозоғистон конституциясига кўра, Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқди.

Назарбоев келаси кунлар ичида янги вазирларни тайинлаши керак.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов унгача вазирлар ўз вазифаларини вақтинчалик бажариб туришини айтди.
XS
SM
MD
LG