Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

Халқаро меҳнат ташкилоти Тошкентдан жавоб кутмоқда


Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосини ғарблик баъўи сиёсатчилар "замонавий қулликнинг кўриниши", дея таърифлаган.
Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосини ғарблик баъўи сиёсатчилар "замонавий қулликнинг кўриниши", дея таърифлаган.

ILO Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишга рухсат берилишини кутмоқда.


Халқаро меҳнат ташкилоти - ILO Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишга рухсат сўраб, Тошкент раҳбариятига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

- Ўзбекистон ҳукумати мурожаатимизга ҳали ижобий жавоб бермади. Яна ҳам лўнда айтадиган бўлсак, улар ҳали на “ҳа” ва на “йўқ” деб жавоб беришди,- деди ILO матбуот вакили Мартин Марфи.

Январ ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи чоғида Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэль Баррозо ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилар гуруҳини Ўзбекистонда 2011 йил пахта йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати муаммолари юзасидан мониторинг ўтказишлари учун уларни мамлакатга киритишни сўраган ва ILO тавсиясини шахсан унинг қўлига тутқазган эди.

- Пахта йиғим-терими кузда бошланади. Ўзбекистон ҳукумати эксперт гуруҳимиз мониторингига рухсат беришига умид қиламиз. Ўзбекистон масаласи ташкилотнинг июн ойида бўладиган йиғинида яна мухокама этилади,- деди Мартин Марфи.

Аммо, ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти мурожаатига ижобий жавоб беришига шубҳа билдирмоқда. Уларга кўра, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистондан ҳайдалгани бунга мисол бўлиши мумкин.

Март ойида Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тошкентдаги ўз офисининг тугатилиши ҳақида Ўзбекистон Адлия вазирлигидан жавоб олинганини билдирган эди.

Брюсселга ташрифи пайти президент Ислом Каримовдан Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти фаолиятига ҳам изин бериш сўралган эди.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Ўзбекистондаги аккредитацияси, қолаверса Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг Ўзбекистонга киритилиши масаласи Европа Иттифоқи мулозимлари ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 7 апрел куни Тошкентда ўтган йиғинида кўтарилгани ҳақида маълумот йўқ.

ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Косянчич Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон расмийлари билан бўладиган мулоқотда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масалалаларига алоҳида ўрин берилишини айтган эди.

“Ҳар галги музокараларда бу масала кўтарилади, жумладан Ҳюман Райтс Уотч билан боғлиқ масала ҳам”, деган эди ЕИ расмийси.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига болаларнинг мажбурий жалб этилиши ҳоллари ҳар йили кузатилади.

Лондондаги Шарқ ва Африка давлатлари тадқиқотлари марказининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистонда болаларни меҳнатга мажбурлаш ҳоллари, айниқса ўтган йили кўзга ташлангани таъкидланган.

Ўзбек расмийлари дала ишларида болалар меҳнатидан фойдаланилишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG