Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:40

"Ёнғин Ўзбекистон ҳудудига ўтмаган"


Ўзбекистоннинг "Қалам тўқай" ўрмон хўжалигига ўт кетгани ҳақидаги хабарни Ўзбекистон томони рад этди.


23 март куни тожикистонлик чегарачилар Сўғд вилоятидаги чегара чизиғидаги хас-хашакни йиғиб ўт қўйган. Бироқ олов тезда ёйилиб, “Қалам тўқай” ўрмонига туташгани ҳақидаги хабарни дастлаб 7 апрел куни Қирғизистонда чиқдиган "Белый парус" Интернет нашри тарқатди.

"Кечга бориб, олов 300 метр кенгликда 7 километр масофага ёйилган. Ашт тумани марказидан ўт ўчирувчи машиналар ва Қалам, Пахтакор, Қирққудуқ қишлоқлари аҳолиси ёрдамида тонгга бориб оловни ўчиришга муваффақ бўлинган. Ёнғин Ўзбекистоннинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлган “Қалам тўқай” ўрмон хўжалигидаги барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини нобуд қилди", дейилади хабарда.

Тожикистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Қамчи (собиқ Сервак) қишлоғида яшовчи Маҳрамжон ёнғин ҳақидаги хабарни тасдиқлаб, унинг даҳшатли бўлганини айтади:

- Сўғд вилоятидаги Ашт туманидаги Ўзбекистонга чегарадош Сервак (ҳозирги Қамчи - таҳр.) қишлоғида яшайман. Биздан Қўқонга жуда яқин. Яхши тўқайзор бор эди, қандайдир ёнғин чиқиб кетди, ҳамма нарса ёниб кул бўлди. Ўзи 320 гектар ер эди, шунинг ярми ёниб кетди,- деди тожикистонлик Маҳрамжон.

Бироқ Фарғона вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Муҳаммадали Маҳмудов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳудудида ёнғин содир бўлганини рад қилди:

- Мен Қўқон шаҳар ўрмон хўжалиги бошлиғи Хўжаев Мансурхўжа ака билан гаплашдим. Ҳақиқатан ҳам 23 март куни дарёнинг нариги юзида ёнғин бўлгани тўғри экан. Лекин у жой Ўзбекистонга қарашли эмас экан. Собиқ иттифоқ даврида бу ўрмон Ўзбекистонга тегишли экану, бироқ мустақилликдан кейин давлатлараро келишувга мувофиқ Тожикистонга берилган экан. Ўша жойда ёнғин бўлган. Лекин ўрмон хўжалигининг бошлиғи бизнинг бир туп ҳам дарахтимиз ёнгани йўқ, деб айти,- деди Фарғона вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Муҳаммадали Маҳмудов.

Наманган вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Қодиржон Пўпижонов ҳам вилоят ҳудудида “Қалам тўқай” ўрмон хўжалиги Ўзбекистонга тегишли эмаслигини айтади:

- Агар Ашт тумани Наманган билан чегарадош бўладиган бўлса, бизда ундай ўрмон хўжалиги ҳам йўқ, ёнғин ҳам бўлгани йўқ,- деди Наманган вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Қодиржон Пўпижонов

Тожикистоннинг Сўғд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўрмон хўжалиги бошлиғи Сангинбой Қурбонов Озодлик билан суҳбатда, ёнғин Тожикистон ҳудудида содир бўлганини тасдиқлади. Лекин, деди у, тожик чегарачиларининг ёнғин чиқишига сабабчи эканига оид хабар ҳаиқатдан йироқ:

- 18 гектар майдон ёнди. Бироқ ёнғин қаердан келиб чиққанлиги ҳозирча аниқ эмас. Ёш болалар ўт ўйнаган бўлиши ҳам мумкин. Бу олов Ўзбекистон ҳудудига ўтганми ёки йўқми, бунисини аниқ айтолмайман. Ҳали бу жойларда чегара чизиғи тортилмаган. Махсус комиссия бу фалокат сабабларини ўрганиб чиқяпти. Лекин ёнғин чиққан жой Ашт тумани ўрмон хўжалигига тегишли,- деди Сўғд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ўрмон хўжалиги бошлиғи Сангинбой Қурбонов.
XS
SM
MD
LG