Линклар

Тожикистонда милиция полицияга айлантирилади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда милиция атамаси йўқолиши кутилмоқда.

Тожикистонда милиция атамаси йўқолиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров ЕХҲТ расмийлари билан учрашувдан сўнг билдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан Тожикистон милициясида ислоҳот ўтказиш борасида жума куни меморандум имзолади.

Ички ишлар вазири милиция билан полициянинг фарқига боради

Тожикистон томондан меморандумга имзо чеккан Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров тожик милициясида ислоҳот ўтказиш ва уни ривожлантиришни халқаро ҳамжамият кўмагисиз амалга ошириш имконсизлигини таъкидлар экан, куч ишлатар тизимларга оид янги ҳужжатга биноан Тожикистон милицияси полицияга айлантирилишини маълум қилди.

Суратда: Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров.
- Милициямизнинг бугунги фаолияти ўз номига умуман мувофиқ эмас. Сизга маълумки, милиция калимаси бу хорижий калима бўлиб, жамиятни тартибга келтириш ихтиёрий дружиналари саналади. Дунё мамлакатларидаги қонун ҳимоячилари мутахасислари эса полиция номи билан аталади. Умаман полиция сўзининг маъноси бу ҳимоячидир, - деди Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров.

Расмий айни пайтда бир қатор поссовет мамлакатларида, жумладан, Россияда милиция ўрни полицияга бўшатиб берилганини айтар экан, тожик милициясида кутилаётган ислоҳот албатта ҳуқуқ идоралари ходимларининг касбий фаолиятини ҳаммага маъқул томонга ўзгартиришига ишонишини айтди.

EХҲТ тожик милициясида ислоҳот ўтказилишига умид қилади

Айни ўринда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийси Ивар Викки Ички ишлар вазирлиги билан ўз идораси ўртасида имзоланган меморандум тожик милициясида демократик принципларга жавоб бера оладиган ислоҳот ўтказишга қаратилганини билдирди.

Суратда: EХҲТ расмийси Ивар Викки.

- Биз Ички ишлар вазирлиги билан милиция тизимида ислоҳот ўтказиш борасида самарали ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Шунинг билан бирга полиция аскарларининг одам савдосига қарши кураш ва ахборот олиш маҳоратини халқаро меъёрлар даражасида такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратамиз, - деди ЕХҲТ расмийси Ивар Викки.

ЕХҲТ расмийси Тожикистон томонининг милицияни полицияга ўзгартириш ташаббусини қувватлашини билдирди.

Шу ўринда айтиш лозимки, тожик жамятида шўролардан мерос қолган милиция ўша эски тартиб бўйича фаолият қилади ва кўпинча инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича ташкилотлар танқидига учрайди. Албатта фуқаролар ҳам милиционерлардан кўп ҳам рози эмаслар.

Халқ милиция-полицияга ишонадими?

Ижтимоий тадқиқотлар натижаларига кўра, ҳозирда халқнинг милицияга ишончи деярли йўқ.

Таҳлилчиларга кўра, милиция ходимларининг фуқароларга бўлган ноинсоний муомала, қўлга олинганларни қийнаш, зўравонлик ва порахўрлик каби ҳатти ҳаракатлари бунинг асосий сабабидир.

- Милиса тўхтатса халқ ҳам биладики унинг “саломи”да пул бор. Одамларни сабабсиз тўхтатиб пулларини ўмаради. Мен ўзим бундай ҳодисаларнинг шоҳиди бўлганман. Одамлар ноилож, ҳаққини талаб қила олмай қолади. Бизнинг милиция шундай ишлайди, - дер экан душанбелик Олима Раҳимова, милициянинг полицияга айлантирилишидан жамиятга ҳеч қандай наф тегмайди деган ишончда.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистон ҳукуматининг милицияни полицияга айлантиришга оид қарорида Россияга тақлиддан ўзга нарса кўрмаётганини айтади.

Ҳуқуқшинос, мустақил таҳлилчи Маҳмадраҳим Қосимов мулоҳазасича, Тожикистон аксар вақт қонун қабул қилиш борасидаги қарорларида ҳар доим Россия қонунчилигига тақлид ўлароқ иш кўради.

Таҳлилчига кўра, фақат ном ўзгартирилгани билан тожик милицияси ислоҳ бўлмайди.

- Энг аввало милиция ходимларининг ойлик маошини кўпайтириш, уларнинг ижтимоий ва молиявий шароитини яхшилаш зарур. Чунки биздаги порахўрликнинг, хусусан, милиция ходимлари орасида кучайиб бораётганига, улардаги молиявий қийинчилик сабаб. Кейин ички ишларда ислоҳот ўтказилар экан, у ердаги тасодифий одамлар биринчи ўринда четлаштирилиши лозим. Ўз ишини профессонал даражада билмаган ходимлар билан полицияда ҳам аҳвол шу бўлади. Яъни тўқим янгилангани билан эшак ўша эски эшаклигича қолади, - дейди мустақил таҳлилчи Қосимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG