Линклар

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати баҳорги-ёзги жадвал бўйича парвозларни амалга ошира бошлади.


Янги жадвалда Россиянинг Москва, Санк-Петербург, Ростов-Дон ва Калининград шаҳарларига парвозлар сони кўпайган.

Авиакомпания матбуот хизматига асосланиб, Регрум ахборот агентлигининг хабар қилишича, Фарғона - Москва йўналиши бўйича сешанба кунлари қўшимча рейс қўйилган.

Тошкент - Санкт-Петербург йўналишида якшанба кунларига ҳафтанинг тўртинчи рейси белгиланган.

Минеральние Воды йўналишида учадиган RJ-85 самолётлари бундан буён Ургенч шаҳрида тўхтаб ўтади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг самолётлари Тошкент - Ростов-Дон йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта учадиган бўлди.

Фарғона - Самарқанд - Қозон йўналишидаги парвозлар иккига, яъни, Фарғона - Қозон ва Самарқанд - Қозон йўналиши бўйича алоҳида рейсларга ажратилди.

Дастлаб Андижон орқали Новосибирск шаҳрига учадиган самолётлар Наманган орқали учиши белгиланди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати самолётлари Россиянинг Сочи шаҳрига ҳафтада икки марта, сешанба ва шанба кунлари учади.

Бундан ташқари Калининград шаҳрига чоршанба кунлари битта қўшимча рейс қўйилди.

Айни пайтда 2 июндан 2 сентябргача Тошкент - Рига - Нью Йорк йўналиши бўйича битта қўшимча рейснинг қўшилиши режаланган. Бу парвоз ҳафтанинг пайшанба кунлари амалга оширилади.

Тошкент - Франкфурт йўналиши бўйича самолётлар душанба ва пайшанба кунлари учади. Учинчи рейс талабга қараб белгиланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Париж ва Миландан Тошкентга қайтаётган самолётлар вақти-вақти билан Ургенч шаҳрида тўхтаб ўтади.

Бундан буён “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётлари Япониянинг фақат Токио шаҳрига учади. Осака йўналиши бўйича парвозлар бекор қилинди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати 2011 йилда янги йўналишлар бўйича, хусусан, Россиянинг Хабаровск, Ҳиндистоннинг Мумбай, Покистон пойтахти Исломобод шаҳарларига парвозларни амалга оширишни режалаган.

Ҳозирги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати тасарруфида 200га яқин самолёт ва вертолёт бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG