Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

Япониядаги ҳалокатли табиий офатга бир ой тўлди


Фукусима Дайичи атом электр станцияси, 31 март 2011 йил.
Фукусима Дайичи атом электр станцияси, 31 март 2011 йил.

Японияда кучли зилзила ва ҳалокатли цунами юз берганига 11 апрел куни бир ой тўлади. Токио ҳукумати Фукусима АЭСида ядровий фожиа ва унинг оқибатларини тугатиш уринишларини давом эттирмоқда. Айни пайтда кўчирилган фукусималикларнинг баъзилари уйларига қайтишни истамоқда.


10 апрел куни Япония ҳарбийлари бир ой олдин рўй берган зилзила ва цунами қурбонлари жасадларини қидириш ишларини қайта бошлади.

22 минг япон аскарлари АҚШнинг 110 ҳарбийлари билан бирга ер, ҳаво ва денгизда қидирув ишлари олиб бормоқда.

11 март кунги таббий офат оқибатида 25 минг одам нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда. Бироқ шу кунгача фақат 13 минг кишининг нобуд бўлгани расман тасдиқланди. Сув кўп жасадларни денгизга оқизиб кетгани сабабли уларни қидириб топишга умид йўқ.

Япония полициясига кўра, табиий офат натижасида 14865 одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Япония шимоли-шарқида 11 март куни 8,9 баллик зилзила ва у ҳосил қилган цунами Фукусима Дайичи атом электр станциясига катта зарар етказди ва унинг атрофига кучли радиация тарқала бошлади. Шундан сўнг ҳукумат станция атрофидаги бир неча ўн километр масофада хавфсизлик зонаси эълон қилиб, у ерда яшовчи аҳолини бошқа жойларга кўчирди.

Бироқ эвакуация қилинган айрим фукусималиклар соғлиғига таҳдид бўлишига қарамай, уйларига қайтиш истагини билдирмоқда.

Фукусима атом станциясидан 18 километр узоқликда жойлашган Минамисома шаҳрида яшовчи Цунакавалар оиласи фожиа юз берганидан кейин ҳамма қатори мажбуран кўчирилган эди.

Хавфсизлик зонасидан шимолроқда ташкил қилинган эвакуация марказида бир ой яшаган 62 яшар Садаму Цунакава уйига бориб хўжалигини ўз кўзи билан кўришга қарор қилди.

- Мен улар ядровий муаммога имкон қадар тез фурсатда барҳам беради деган умиддаман. Биз уйга қатишимиз учун неча йил керак бўлишини аниқ билмайман. Биз тезроқ уйимизга қайтишимиз учун улар муаммони тезроқ ҳал қилишини хоҳлайман,- дейди Садаму Цунакава.

Аммо Цунакава ва унга ўхшаган минглаб оилаларнинг уйларига қачон қайта олишлари номаълум.

Ҳозирда япониялик мутахассислар Фукусима атом станцияси реакторидан денгизга радиоактив сув сизиб чиқишини тўхтатиш ва шикастланган реактордаги радиоактив сувни насослар ёрдамида чиқариб олишга умид қилмоқда.

Агар кўзланган мақсад амалга ошса, бу ядровий фожиани бартараф этишда жиддий ютуқ бўлишига умид қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG