Линклар

logo-print

Текшириш навбати "Carlsberg Uzbekistan" ширкатига келди


"Carlsberg Uzbekistan" қўшма корхонаси "Sarbast", "Tuborg", "Балтика" каби пиволари билан ўзбек пивохўрларига таниш.

"Carlsberg Uzbekistan" қўшма корхонаси "Sarbast", "Tuborg", "Балтика" каби пиволари билан ўзбек пивохўрларига таниш.

Ўзбекистон-Дания қўшма корхонаси кейинги ойларда муаммоларга дуч келаётган биринчи хориж ширкати эмас.


Тошкентда "Carlsberg Uzbekistan" ширкатининг хўжалик фаолияти текширилмоқда. “Узметроном” нашри манбасига кўра, компаниянинг тайёр маҳсулотлар омборлари текширув тугагунга қадар муҳрлаб қўйилган.

Юз фоиз хориж капитали ҳисобига фаолият юритадиган "Carlsberg Uzbekistan" қўшма корхонасида ўзбекистонлик пивохўрлар орасида бозори чаққон бўлган "Sarbast", "Tuborg", "Балтика" каби пивони ишлаб чиқариб келган.

Ширкат матбуот хизмати вакили Собир Назаров Озодлик билан суҳбатда бу мавзу “мунозарали масала” эканлигини айтиб, бир оздан сўнг маълумот бера олишини билдирди.

Кейинроқ у киши билан боғланганимизда Собир Назаров, “Узметроном”да берилган хабарни миш-миш, дея атади.

Озодлик мухбири бу ҳақда расмий изоҳ олиш учун "Carlsberg Uzbekistan" ширкатининг бош директори Евгений Шевченко билан боғланишга ҳам урин, лекин бундан натижа чиқмади.

"Carlsberg Uzbekistan” ширкатининг Даниядаги бош қароргоҳи Ўзбекистондаги ширкатга оид саволларга ташкилотнинг Россиядаги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Татьяна Антончик жавоб бера олиши мумкинлигини билдирди.

Татьяна Антончик Озодлик билан суҳбатда "Carlsberg Uzbekistan" қўшма кохонасида бўлаётган текширувлар юзасидан буларни маълум қилди:

- 2009 йил 1 январдан 2010 йилнинг охирига қадар бўлган даврнинг тўлиқ молиявий- хўжалик фаолияти тафтиши ўтган йилнинг 17 октябридан буён давом этмоқда. Унга қадар, сўнгги икки йил ичида турли давлат органлари томонидан компаниянинг фаолияти тўрт маротаба текширилди. Бу текширувлар давомида ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмади. Ширкат Ўзбекистон қонунчилигини ҳурмат қилади ва текширув олиб бораётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Ҳозирги пайтда компания Ўзбекистондаги фаолиятини тўлиқ давом эттирмоқда, ишчи-ходимлар иш вақтини тўлиқ ишламоқдалар. Тайёр маҳсулотларни тарқатиш режимизага кўра олиб борилмоқда,- деди “Carlsberg” ширкатининг вакили Татьяна Антончик.

Айни пайтда йирик пиво ишлаб чиқарувчи ширкат вакили Ўзбекистонда бир неча ойдан буён давом этаётган тафтишни бундай баҳолади:

- Бизнинг фикримизча, хукумат томонидан бўлаётган бу текширувлар нормал ҳолат эмас. Менимча, яхшиси, ширкатни текшираетганлар билан боғланганингиз маъқул.
Ушбу давлатда ишлаб, биз тўқнаш келаётган муаммолар, албатта анча катта муаммолардир. Афсуски, бу ерда бизнинг позициямиз ширкатнинг маҳаллий бошқаруви позицияси билан мос келмайди. Улар анча эҳтиёткорона сиёсат олиб боришга ҳаракат қилишади. Биз эса ўз фикримизни анча очиқ айтишни истаймиз,- деди “Carlsberg” ширкатининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вакили Татьяна Антончик.

Ўз исми ва овози ёзилишини истамаган "Carlsberg Uzbekistan" компаниясига яқин манбалардан бири, бундай текширувлар одатий экани ва ҳар йил ўтказилиб туришини айтди. Унга кўра, мазкур ширкатини йўқ қилиш Ўзбекистон ғазнасини йирик солиқ тўловчидан маҳрум этиши мумкин.

Бироқ шундай ҳаракат бўлганда ҳам, дейди манба, бу "Carlsberg Uzbekistan" компанияси хўжалик фаолиятида қонунбузарликларга йўл қўйгани учун эмас, балки кимнингдир шахсий манфаатларига ҳалақит бераётгани учунгина қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда бир нечта хорижий ширкатлар муаммоларга дуч келди.

Жумладан, Туркияга қарашли “Turkuaz”, Швециянинг “Oriflame”, Американинг “Mary Kay”, Бирлашган Араб Амирликларига тегишли “Comfort Elite” каби ширкатлар ёпилиб, уларнинг ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган.

Шунидек ўтган ой бошида Британиянинг “Oxus Gold” ширкати ўзининг Ўзбекистондаги активларидан ажралиш таҳдиди туғилгани боис, Тошкент ҳукуматини халқаро арбитраж судига берган эди.

Ўзбекистонда “Carlsberg Uzbekistan” ширкатидаги тафтиш борасида маҳаллий расмийлардан ахборот олиш имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG