Линклар

logo-print

Африка Иттифоқи Ливияда сулҳ ўрнатишга уринмоқда


Африка Иттифоқи делегациясининг Ливия раҳбари М. Қаддафий билан учрашуви, Триполи, 10 апрел 2011 йил

Африка Иттифоқи делегациясининг Ливия раҳбари М. Қаддафий билан учрашуви, Триполи, 10 апрел 2011 йил

Ливиядаги исёнчилар саккиз ҳафтадан бери давом этаётган қуролли можарога чек қўйишга қаратилган Африка Иттифоқи таклиф этган ўт очишни тўхтатиш режасини кўриб чиқишини маълум қилди.

Исёнчилар ва мамлакат раҳбари Муаммар Қаддафий режими ўртасида сулҳ эршилишига уринаётган Африка Иттифоқи делегацияси Қаддафий билан якшанба куни Триполида музокара ўтказганидан кейин бугун исёнчилар назоратида бўлган Бенғози шаҳрига жўнаб кетди.

Музокаралардан сўнг Африка Иттифоқи делегациясига бошчилик қилаётган Жанубий Африка Республикаси Президенти Жэйкоб Зума Қаддафий можарога чек қўйишга қаратилган “йўл ҳаритасини” қабул қилганини баён қилди.

Жазоир вакили, Африка Иттифоқининг тинчлик ва хавфсизлик бўйича комиссари Рамтан Ламамра таклиф қилинган “йўл ҳаритаси” ўт очишни дарҳол тўхтатиш ҳамда исёнчилар ва Қаддафий ҳукумати ўртасида музокаралар бошлашни назарда тутишини айтди.

Бироқ у мамлакатни ким бошқариши кераклигини Ливия халқи ҳал қилиши керак, дея қўшимча қилди.

- Африка Иттифоқи Ливия халқи ўз раҳбарларини демократик йўл орқали танлаши керак деган умумий принципга қўшилади. Ҳеч қандай хорижий куч, жумладан Африка Иттифоқи ҳам Ливия халқи номидан мамлакатга кимлар раҳбар бўлиши масаласини ҳал қилмаслиги керак,- деди Рамтан Ламамра.

Айни пайтда, НАТО Африка Иттифоқининг Ливияда ўт очишни тўхтатиш таклифини инобатга олишини, бироқ Қаддафий кучлари тинч аҳолига таҳдид солишда давом этса, улар нишонга олинишини айтди.
XS
SM
MD
LG