Линклар

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошмларимиздан бири Россияда ишлаётган жияни бедарак кетганини айтиб, уни топишда ёрдам сўради.


Бахтиёрни кўрган борми?

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида туғилган 24 ёшли Бахтиёр Ибрагимов олти ойдан буён бедарак кетган. Бахтиёрнинг аммаси Зулайҳо Ибрагимова жиянининг тақдиридан хавотир олиб, Озодлик мухлислари орасида Бахтиёрни кўрган-билганлар бўлса, хабар беришларини сўрайди.

- Укамнинг ўғли Россияга кетган 2007 йилда. Тўрт йил бўлди кетганига. Олти ойдан бери хат-хабар йўқ. Ибрагимов Бахтиëр Чориевич. 1987 йилда туғилган. 2007 йил феврал ойида кетган Санкт-Петербургга. Ишга кетган. Ота-онаси билан телефон орқали гаплашиб турарди. Онда-сонда пул жўнатиб ҳам турарди. Охирги марта бўласига (аммаваччасига) телефон қилган. Санкт-Петербург, Кировский район, Финляндский вокзалдан иш топиб ишлаяпман деган. Шундан кейин умуман телефон ҳам қилгани йўқ, кўрдим-билдим ҳам йўқ. Энди у қамоқдами, ким билади. Биров сотиб юбориб жаримасига ишлатиб ëтибдими. Бола телефон ҳам қилмаяпти. Кетган ҳамшаҳарлари орқали суриштираяпмиз. Улар “Кўрганимиз йўқ. Кетиб қолган бир жойга” деяпти. Олти ойми, етти ойми бўлдида, умуман дарак йўқ шу боладан,- дейди шўрчилик Бахтиёрнинг аммаси Зулайҳо Ибрагимова.

11 йилда қарор топган ҳақиқат

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, вилоятнинг учта туманидаги архив ташкилоти директори бўлган Неъматжон Сиддиқов Озодликнинг аввалги эшиттиришларидан бирида ўзининг ноҳақ ишдан бўшатилиб, мол-мулки тортиб олингани борасида гапирган эди.

11 апрел куни Озодлик билан боғланган Неъматжон Сиддиқов 11 йиллик югур-югурлар натижасида уни яна ўз лавозимига қайта тикланаётгани ва мол-мулкини қайтариб беришганини маълум қилди.

- Мен учта районда архив директори эдим. Олий Мажлис томонидан архивлар ҳақида қонун қабул қилинган эди. Мени ишдан бўшатиб мулким, уй-жойларим тортиб олинди. Вилоят ҳокимига ëзган талабномам учун менинг мулким тортиб олинди, уй-жойларим тортиб олинди. 11 йилдан бери судлашаяпман. Ҳозирги кунда менинг жойимни қайтариб берди.

Озодлик: Демак, 11 йил судралган иш ҳал бўлди?

- Ҳал бўлди. Худога шукур.

Озодлик: 11 йил давомида неча марта судлашдингиз?

- Ҳозир 24 судга кетаяпман. 25чиси ҳам бўлади.

Озодлик: Ишларингизнинг бирданига бунақа ҳал бўлиши ниманинг ҳисобига бўлди?

- Ҳақиқатнинг ҳисобига холос. Президент номига телеграмма юбордим. Телеграммада мен илтимос қилдимки, “Менинг ишим Фарғона вилоятида бажаришнинг иложи бўлмаяпти. Шунинг учун республикадан вакил беринг илтимос”, дедим. Республика МХХси ўзининг вакилини жўнатган эди. Ўша ëқдан келиб куни бўйи шу ерда туриб 11 йилдан бери ҳал бўлмаган нарсани менга ҳал қилиб берди. Мен жуда хурсандман.

Озодлик: Демак, додингиз президентга етиб борган эканда?

- Борди. Раҳмат. Шунга раҳмат. Шу вақтгача етиб бормас эди. Ҳеч нарса ҳал бўлмас эди. Нечта одам келиб кетдию. Милиция, прокуратура, ҳокимият, СНБ – ҳаммаси келади ҳар сафар. Ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Охирида мана Тошкентдан одам келди.

Озодлик: Мулкдан ташқари архив директорлиги лавозимини ҳам қайтариб беришаяптими?

- Хуллас, архив бўлимининг директори чақирган эди. Бора олмаяпман бу ишлар билан бўлиб. Борсам, ҳал қилиб берадиган бўлаяпти,- дейди Фарғона вилоятининг учта туманидаги архив ташкилоти директори бўлган Неъматжон Сиддиқов.

Чироқчида ҳалиям чироқ йўқ

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан қўнғироқ қилган 27 ёшли Санжарбек аксар ўзбекларнинг доимий муаммосига айланган электр энергияси тақчиллигидан сўз очди.

- Бир кунда 24 соат бўлса, бир соат келадида свет.

Озодлик: Чироқчида ҳалиям чироқ йўқ эканда?

- Чироқчиликлар шам чироқ остида ўтиради. Қишда айниқса қийинчилик бўлади. Ток йўқ бўлгандан кейин, биласиз совуқ бўлади. Болалар касал бўлади. Учта болам бор ўзимнинг. Касал бўлаяпти болалар. 50-100-200 минглаб доктордан қарз бўламиз. Ëқмайдида бу одамга. Бир суткада тўрт соат изма из свет берса, одамлар шунга ҳам хурсанд бўлади. Ҳайрон бўлади ҳамма. Катта ташкилотларга, масалан менинг отам ўқитувчи, Қаршига ëзган, Тошкентга неча марталаб ëзган. Неча марталаб. Унинг сон-саноғи йўқ. Одамлар келгану, лекин жавоб йўқ умуман. Масалан менинг яна бир амаким вилоятга бориб ҳокимга учраган. Ҳоким “Икки соатдан зиëд бера олмаймиз” деган, дейди чироқчилик 27 ёшли Санжарбек.

Сузоқлик уламо оламдан ўтди

Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси журналисти Ёқубжон Хўжамбердиев Озодлик билан боғланиб, Қирғизистоннинг Сузоқ туманида яшаган таниқли уламо Зуҳриддин Махсум оламдан ўтгани, унинг Ўзбекистондаги ихлосмандлари чегара муаммолари боис маракага бора олишмаганинидан ўкинди. Ёқубжон Хўжамбердиевга кўра, Зуҳриддин махсум нафақат Марказий Осиёда балки хорижда ҳам танилган уламолардан бири бўлган.

- Жума куни Сузоқда жуда катта бир мотам бўлди. Катта уламо Зуҳриддин Махсум бува вафот этди. У кишининг ота-боболаридан тортиб Сузоқда одамларни дини исломга чақириб келган инсон эди. Жуда авлиë киши эди у. Бу одам жуда улуғ одам эди. Масалан, бундан уч йил олдин у кишининг 100 йиллигини қилганда, Ҳакимжон қори ҳам шу ëққа келган эди Марғилондан. У кишини жуда кўп жойларда, Марказий Осиëдан тортиб Ҳиндистонда, бошқа жойларда ҳам яхши биладиган одамлар кўп эди. Зуҳриддин махсумнинг катта буваларига Худоëрхоннинг ўзи Сузоқда Аълам қилиб тайëрлаганлиги ҳақида ҳужжатлар бор. У кишига аталган бир шеърим бор эди.


Сузоғимнинг Махсим буваси

Дунë азал ўткинчи карвон,
Чанг кўтарар оту туяси.
Карвон ичра тенги йўқ сарбон,
Сузоғимнинг Махсим буваси.

Замоннинг ҳам тарозиси бор,
Бордир гавҳар, асл жиласи.
Ўшал жила билсанг биродар,
Сузоғимнинг Махсим буваси.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG