Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхати узаймоқда


Ўзбекистонда сиëсий маҳбусларнинг аксар қисми амнистиядан бебаҳра қолмоқда.

Ўзбекистонда сиëсий маҳбусларнинг аксар қисми амнистиядан бебаҳра қолмоқда.

АҚШ Давлат департаменти тахминича¸ 2010 йили сиëсий маҳбуслар сафига яна 25 ўзбекистонлик қўшилган.


8 апрел куни АҚШ Давлат департаменти дунëдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик. Анъанага кўра¸”Ўзбекистон авторитар давлат” деб бошланган бу йилги янги ҳисоботда ҳам мамлакатдаги вазият бир неча фундаментал ҳақлар вазияти таҳлилига кўра баҳоланган.

АҚШ Давлат департаменти мулозимлари 2010 йилнинг илк кунларидан сўнггига қадар инсон ҳуқуқларининг амалдаги аҳволига доир ҳар бир фактни ҳужжатлаштиришга ҳаракат қилганлар.

Ҳисоботнинг “Инсон ҳақларига ҳурмат” деб бошланган асосий қисмида 2010 йил давомида Ўзбекистонда сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшилган фуқаролар номлари келтирилган. Янги сиëсий маҳбусларнинг аксарияти¸ Ўзбекистонда қолган саноқли ҳуқуқ фаолларидир.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид бу йилги янги ҳисоботида 2010 йил давомида ҳибсга олиниб¸ қамоққа ҳукм қилинган фуқаролардан ўнтасининг номи сиëсий маҳбус сифатида қайд этилади.

Айни пайтда ҳисобот муаллифлари ўтган йил давомида мамлакатда камида 13-25 нафар шахснинг сиëсий мотивлар билан ҳисбга олингани тахмин қилиниши ва сиëсий маҳбуслар яқинлари уларнинг ҳибсхона ва қамоқхоналарда қийноққа солинганини айтганини алоҳида таъкидлайдилар.

АҚШ Давлат департаменти ҳозирлаган 2010 йилги сиëсий маҳбуслар рўйхати тепасига 2010 йилнинг 13 январ куни аппеляция суди томонидан 5 йиллик қамоқ жазоси кучда қолдирилган кекса ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов номи қўйилган. Ҳисобот муаллифлари Маматхоновнинг ҳуқуқ фаоли бўлгани боис¸ уйдирма айблар билан қамоққа ташланганини қайд этадилар.

18 январ куни Қашқадарë вилоят суди томонидан маҳаллий аэропортда террор ҳужуми уюштиришни режалаган экстремистик диний ташкилот аъзоси деб топилиб¸ 11 йилга озодликдан маҳрум этилган Ғайбулла Жалилов ҳам Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшилган.

“Уйдирма айбларга қийноқлар остида иқрор қилинган Ғайбулла Жалиловга нисбатан кейинги аппеляция жараëнлари давомида ҳам тазйиқ ва қийноқлар қўлланилгани ҳақида хабарлар бор”¸ дейилади ҳисоботда жумладан.

“Тергов давомида қилмаган айбни бўйнига қўйиш учун кучли қийноқлар қўлланилган¸ аммо ҳозирда қийноқлар бир оз тўхтагандек”¸ дейди 11 апрел куни Озодлик билан суҳбатда Ғайбулла Жалиловни 24-26 январ кунлари Зангиотадаги 65-жазони ўташ колониясида кўриб келган турмуш ўртоғи Муқаддас Жалилова.

- Қамоқхонада қандай бўлса, шуда. Қийинчилик бор. Олдин қийинчиликлар кўрганлар. Ҳозир ҳамма қаторида. Қулоғи эшитмайди. Озиб кетганлар. Битта Олий судни қила олмаяпти. Адвокат пулни олиб Тошкентга юборганман¸ дейди.

Ҳозирги борган жойларида унча қийинчилик йўқ дейишади. Бундан бир ҳафта олдин хат келган эди. Болаларга ëзган эканлар. “Мен яхшиман. Газета ўқиймиз, телевизор кўрамиз, иш йўқ қилинадиган. Ўтаяпти бир кун” дебдилар қизларга¸ дейди Муқаддас Жалилова.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида 2010 йили сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшилган тутқунлардан яна бири Дилором Абдуқодировадир.

2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалардан сўнг мамлакатни тарк қилиб¸ Австралиядан бошпана топган Дилором Абдуқодирова Ўзбекистон расмий идоралари ўзи ва оиласига нисбатан ҳеч қандай тазйиқ бўлмаслигини қайта-қайта ваъда қилгач¸ Андижонда қолган тўрт фарзанди олдиган қайтгач¸ ҳибсга олинган эди.

2010 йилнинг 30апрел куни Андижон суди уни конституцион тузумга тажовуз қилиш¸ чегарани ноқоқнуний кесиб ўтганлик каби жиноятларда айбдор деб топиб¸ 10 йилу 2 ойлик қамоққа ҳукм қилди. АҚШ дипломатлари ҳозирлаган ҳисоботда¸ Абдуқодированинг ҳам сиëсий мотивлар билан қўлга олиниб¸ қийноқ остида олинган кўрсатмалар асосида жиноятчига чиқарилгани айтилади.

“Опамнинг тақдири¸ Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг асл вазиятидан берилган яна бир даракчи бўлди”¸ дейди маҳбуснинг Австралиядан бошпана топган укаси Муҳаммаджон.

- Феврал ойида синглимиз билан катта опамиз бориб ҳолидан хабар олишган эди. Аҳволлари яхши эди. Кам-кўстларни бериб, янгиликлар бўлиш- бўлмаслик ҳолатларини сўраб суриштирган бошлиқлардан. Ҳозирча тинчлик, ҳеч гап йўқлигини айтишган.

Кейин ўша ерда бир адвокат билан танишиб қолиб, ишини кўришликни илтимос қилишганда “Олий судга тайëрлаймиз¸ Худо хоҳласа. Имкон бўлса, ўшанда енгиллик бўлади” деб ўшанга ҳаракат қилиниши кетаëтган эди. Бош кунларида қийинчиликлар бўлганини гапирди. Кўринишидан аëн бўлиб турган экан. Кейинги борганларида “Ҳар ҳолда енгилчиликлар яратилди. Ўзим ҳам мослашиб қолдим. Ҳар ҳолда ўртоқлар билан ўртоқлашиб ëзилиб турибман. Лекин қийинчилик бор” деб айтган эди

Австралияга келиб бошпана топиб юрт соғинчида, фарзандлари соғинчида юртга қайтган кунларидан бошлаб ҳар хил айбларни қўйиб жиноий жавобгарликка тортишди. Бу ерда¸ албатта¸ ноҳақлик бўлган. Чунки уларнинг ҳолатини ҳеч эътиборга олишмади. Холбуки ўзлари қаттиқ ваъда беришган эди тегмаймиз деб. Лекин ë тушунмовчилик бўлди ëки у ерда ҳақиқатан инсон ҳуқуқлари қаттиқ бузилганлигини кўриб қаттиқ нима қилдик¸ дейди АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳақлари вазиятига оид янги ҳисоботида сиëсий маҳбуслар рўйхатига киритилган Дилором Абдуқодированинг укаси Муҳаммаджон.

Айтилишича¸ Дилором Абдуқодированинг 10 йилга қамалиши ортидан унинг ўғилларига ҳам тазйиқлар бошланган ва улар ҳам Ўзбекистонни вақтинча тарк этишга мажбур бўлган.

“Ҳозирда ҳаммамиз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилиниши кутилаëтган катта амнистияга кўз тикиб турибмиз”¸ деб давом этади Абдуқодированинг укаси Озодлик билан суҳбатда.

-Энди ҳақиқатан нима дейилаëтган бўлса, ҳаммаси тўғри. Умид қиламиз ҳамма томондан эътибор қаратилса, шу ишларнинг охири бўлса, яхши бўларди. Худо хоҳласа яқинларимиз умид қилишаяпти, шунақа гаплар бўлиб турибди, ўзимиз ҳам эшитиб турибмиз. Ажаб эмас енгилчиликлар бўлиб қолиб тегиб қолса, хурсандчилик кунлар бўларди. Умид қилаяпмиз¸ албатта¸ дейди Дилором Абдуқодированинг укаси Муҳаммаджон.

АҚШ Давлат департаментининг 2010 йилги Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятига оид янги ҳисоботида сиëсий маҳбуслар рўйхатига киритилган шахслар рўйхатида Бирдамлик ҳаракатининг Қашқадарëдаги вакили Азамат Азимов¸ тошкентлик ҳуқуқ фаоллари Анатолий Волков¸ Татяна Довлатова¸ ангренлик коллеж директори ва ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова ва янгийўллик ҳуқуқ фаоли Ҳабибулла Элмуродовлар номи бор.

Ҳисоботда қайд этилишича¸ 2010 йил давомида Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхатига 25 нафарча янги ном қўшилгани ҳолда¸ йил йил давомида Ўзбекистон қамоғидан фақат битта сиëсий маҳбус - 2009 йил тўрт йил озодликдан маҳрум этилган Фарҳод Мухторовгина озод этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG