Линклар

logo-print

Тожикистонда бесоқолбозлик атрофидаги баҳслар авж олмоқда


Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Тожикистон учун ёт саналган жинсий озчиликлар собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларида ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, намойишга чиқмоқда.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Тожикистон учун ёт саналган жинсий озчиликлар собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларида ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, намойишга чиқмоқда.

Тожик жамияти учун ёпиқ мавзу бўлиб келган бесоқолбозлик ўтган ҳафта давомида бу мамлакат оммавий ахборот воситаларида кўтарилан асосий мавзулардан бирига айланди. Ҳомосексуализм мавзусининг очиқчасига муҳокама этилгани жамиятда катта баҳсларга сабаб бўлмоқда.


Тожикларга ёт бўлган одат?

Шу кунгача бирор марта жамиятда очиқ муҳокама қилинмаган ҳомосексуализм ёки бесоқолбозлик мавзусининг оммавий ахборот воситаларида кўтарилгани кўпчиликнинг ғашини келтиргани сезилади.

Бу мавзу дастлаб жума куни Душанбе шаҳрида “Имконоти баробар”, яъни “Баробар имконият” номли нодавлат ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган семинарда очиқ муҳокама этилиб жинсий озчиликлар ҳуқуқлари ҳимояланиши лозимлиги таъкидланди.

Сўнгра бир қатор маҳаллий ахборот воситаларининг бош саҳифасидан ўрин олган бесоқолбозлик мавзуси дин уламолари, мустақил таҳлилчилар ҳамда оддий тожикистонликлар орасида кескин баҳсларни келтириб чиқарди.

Баъзилар ҳомосексуаллик тожиклар маданияти учун ёт эканини таъкидлаб, бу мавзунинг оммавий ахборот воситаларида кўтарилишига қарши чиқди.

Бошқалар “касалини яширсанг, истимаси ошкор қилади”, қабилида жамиятда мавжуд бу муаммони тўғри таҳлил қилиш ва унининг олдини олиш борасида бош қотиришга чақирмоқда.

Тожикистонда 50 мингга яқин бесоқолбоз бўлиши мумкин

Собиқ иттифоқ даврида ҳукумат ҳомосексуалликни маънавий бузуқ унсур сифатида жиноий жавобгарликка тортга. Мустақилликни қўлга киритган Тожикистон ҳукумати эса 1998 йил жиноят Кодексига киритилган ўзгартишлар жумласидан жинсий озчилик вакилларини жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутувчи моддани бекор қилган.

Айтиш жоиз Ўзбекистон Жиноят кодексида бундай модда сақланиб қолган ва жинсий озчилик вакилларига озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутувчи жазо белгиаланади.

Гарчи Тожикистон ҳукумати жинсий озчилик вакилларини жазодан озод қилган бўлса-да, бунинг билан жамиятнинг уларга муносабати ўзгармади. Шунинг учун бўлса керак жинсий озчилик вакиллари ўз шахсини жамият учун ошкор қилишдан тийилади. Улар одамларнинг таъна-дашонмларига учрашдан кўпроқ қўрқади, дейди кузатувчилар.

Тожикистонда жинсий озчиликлар жамоаси сонига оид аниқ расмий маълумотлар йўқ.
Аммо 2008 йилда Тожикистонда тадқиқот ўтказган халқаро ташкилотлар уларнинг сони тахминан эллик мингга яқин бўлиши мумкинлигини айтади.

Болаликдан ўрганган одатни тарк қила олмайман

Улардан бири 31 ёшли душанбелик Азизмуроддир (суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра унга шартли исм қўйдик, таҳр.):

- Болалигимдан қизлар билан қўғирчоқ ўйнардим. Тенгдошларим копток тепса, мен аксинча қизлар билан қўғирчоғимизга ҳар хил нарсалар тикардик. Ўз жинсимдаги кишилар билан алоқага киришишни 11 ёшимда одат қилдим. Аввалига кўникиш қийин бўлди. Кейинчалик 14-15 ёшимда ўрганиб кетдим ва ҳозиргача бу одатимни ташлай олмайман.

Азизмурод бесоқолбоз бўлишига қарамасдан, уйлангани ва бир неча фарзанднинг отаси эканини айтади

Тожик жамияти ҳомосексуализмни ҳазм қила олмайди

Тожикистонда кўпчилик назарида “маънавий бузуқ кишилар” саналган жинсий озчилик вакиллари бугун минтақанинг айрим давлатларида бесоқолбозлар ҳуқуқлари ҳимояланаётгани каби Тожикистонда ҳам ўзларига нисбатан яхшироқ муносабатни талаб қилмоқда. Айни пайтда, дин уламолари ва баъзи мустақил таҳлилчилар бу гуруҳ вакиллари жамият учун хавф туғдиришидан огоҳлантирмоқда.

- Бу муаммо Тожикистонга ғарбдан кириб келган. Тожикларнинг душмани бу жирканч унсурни жамиятга ёймоқда. Менимча бесоқолбозлик беморлик эмас, бу келажакда биз учун салбий оқибатлар келтириб чиқарадиган ўта хавфли нарсадир. Менимча, 1998 йил жиноят Кодексида бекор қилинган модда, яъни маънавий бузуқ икишиларни жазолашга оид банд қайтадан тикланиши зарурдир. Нега салафийлар, таблиғчилар ўн йилгача қамаладию, бугун жамиятимизни булғаётган, ёшлар ахлоқини бузаётган ва ниҳоят Ислом қадриятларига қарши қадам ташлаётган шахсларга жазо белгиланмас экан?- дейди таҳлилчи Толибшоҳ Сайидзода.

“Бу муаммо бугун содда кўринса-да, эртага баъзи имкониятлар ва имтиёзларни қўлга киритган бу гуруҳ вакиллари ғарб давлатлари бошига келган қора кунни тожикистонликлар бошига ҳам солиши эҳтимолдан йироқмас”, дея таъкидлади Сайидзода.

Диний масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Саъди Юсуфий ҳам бу фикрларни қувватлашини айтар экан, бесоқолбозик мавзуси жамиятида очиқчасига муҳокама этилишининг олди олиниши зарур, деб ҳисоблайди.

“Имконоти баробар” нодавлат ташкилот раҳбари Киромиддин Гулов эса Тожикистон ўзини халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли ва дунёвий демократик аъзоси деб билар экан, бу мамлакатда ҳар бир фуқаронинг, унинг диний ёик жинсий қарашларидан қатъий назар, эркинликлари ва ҳуқуқлари таъминланиши зарур, дейди.

- Тўғри, мамлакат аҳолисининг 98 фоизи мусулмон. Лекин бу ҳали Тожикистон исломий давлат эканини англатмайди. Яъни бесоқолбозлар шахсий ҳаёти мусулмон дунёси учун бегона эканига оид фикрлар баҳонасида уларнинг ҳуқуқлари топталишига йўл қўймаслик керак. Чунки дунёвий ва демократик деб танилган Тожикистонда ҳар бир фуқаронинг қайси масалада бўлмасин эркинлиги таъминланиши шарт,- дея мулоҳаза билдиради нодавлат ташкилот раҳбари Гулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG