Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:46

Эзгулик: Араб давлатида ўқиган имомлар ишдан олинмоқда


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари кузатувича, мамлакатда ҳадемай юзлаб намозхон иқтидо қиладиган масжид имомлари ўрнида фақатгина Ўзбекистон диний муассасаларида таҳсил олган диндорлар қолади.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари кузатувича, мамлакатда ҳадемай юзлаб намозхон иқтидо қиладиган масжид имомлари ўрнида фақатгина Ўзбекистон диний муассасаларида таҳсил олган диндорлар қолади.

Тошкент шаҳрида араб давлатларида ўқиб келган ва шу кунларда шаҳардаги масжидларда имомлик қилаётган диндорлар лавозимидан четлаштирилмоқда. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти ва тошкентлик баъзи диндорларнинг Озодликка айтишича, бу араб давлатлари содир бўлган ғалаёнлардан сўнг ҳукумат кўраётган эҳтиёт чоралардан биридир.


Араб дунёсини остин-устун қилиб аввал Тунис ва Мисрда кейин эса бошқа араб давлатларида содир бўлган халқ ғалаёнлари ортидан Тошкент шаҳридаги бир неча масжид – жумладан, “Жўрабек”, “Яланғоч” масжидларининг Саудия Арабистонида таҳсил олган имомлари ишдан олинган.

Бу ҳақда хабар қилган Эзгулик жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, имомларнинг ишдан олинганига оид конкрет маълумотлар бироз муқаддам ташкилотга келиб тушган.

- Тўртта-бешта шахслар билан боғлиқ маълумотлар бизга маълум. Уларнинг ҳаммаси араб мамлакатлари — Миср, Ливия, Саудия Арабистони сингари мамлакатлар олий ўқув юртларида таълим олиб, диний уламо даражасига етиб, бу ерда имомлик қилган ëки бўлмаса мударрислик қилаëтган шахслардан иборат. Энди булар ислом институтини, Тошкентдаги Жўрабек масжидини, ундан ташқари Тошкентнинг Високоволтний деган даҳасида бир масжид бор, ўшанинг имомлари шунақа ҳолатга тушган. Яъни улар ҳозирда лавозимидан четлатилган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эзгулик жамияти берган хабарга кўра, Тошкент Ислом институти проректори Саиджамол Масайидов ва шаҳардаги номи тилга олинган масжидлар имомлари Нажмиддин Ҳасанов, Жабборали Нурматовлар Ўзбекистон ҳукуматининг араб дунёсидаги ғалаёнлардан сўнг кўраётган эҳтиёт чораси туфайли ишдан қуруқ қолган илк кишилардир.

Ташкилот тахминича, бу жараён яна давом этиши кутилмоқда.

- Араб исëнларидан кейин ҳукумат ўзига хавф солиши мумкин бўлган ҳар хил шахслардан, бошқалардан қутулиш, уларни зарарсизлантириш, ҳар хил эҳтиëт чораларини кўриш мақсадида, менимча бу нарсаларни амалга оширди. Лекин умумий маънода қарайдиган бўлсак масалага, умуман диндорларга нисбатан муносабат кейинги пайтда Ўзбекистонда жуда ҳам ўзгарди ва бу нарса умумий кампаниянинг навбатдаги бир қисми, дейди Эзгулик фаоли.

Эзгулик ташкилоти тарқатган бу хабар бўйича ҳозирга қадар Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ва Мусулмонлари идорасида бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

Аммо, бу жараённи Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган бир неча диндор ҳам тасдиқлади.

Улардан бири Абдуллоҳ ўзи қатнаб турадиган “Ёнғоқ” масжиди имоми билан боғлиқ ҳолни тилга олар экан, у ҳам асосан Тошкент шаҳрида кузатилаётган бу жараён сабабини араб дунёсидаги ғалаёнлар билан боғлади.

- Сал олдинроқ “Ёнғоқ” масжидига имомлик қилган қори бор эди, улар ҳам Мисрда илм олган эканлар. Уларни ҳам олиб ташлашган. Анча бўлган бу нарса бошланганига. Айтмоқчи бўлганим, бу диндорларга қарши босимни охирги босқичи деб ўйлайман. Ўзи бошқа ҳеч ким ҳам қолмади терадиган. Дарахтнинг илдизи бўладида булар. Охирги нуқтаси. Илдиз отиб кетмасин деб шу илдизни ҳам чопишаяпти менимча, дейди тошкентлик диндор Абдуллоҳ.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида Тошкент шаҳридаги Миср тил ўргатиш маркази ва бу марказнинг йирик университет ҳамда институт талабалари учун уюштирган машғулотлари ортидан Мисрга бориб таҳсил олиб келган талабалар кўпчилик бўлган эди.

Буни яхши хотирлаган Абдуллоҳ ҳозир ўша илми толибларнинг кўпчилиги шаҳар масжидларида имомлик қилаётгани ҳақида сўзлади.

- Сизга нима десам бўларкан, Мисрга бориб ўқиганлар 1995-1996 йилда борганларда. Ўша пайтда бемалол эди. Давлат томонидан кетганлар бор, ўзи кетиб ўқиганлар бор. У пайтлар бунақа жуда ваҳимали динга қарши ишлар бўлмаëтган пайтлар эди. Булар ўша пайтда фойдаланиб, илм олиб келган одамлар. Ўшалар ҳозир кўп масжидларда имомлик қилишаяпти. Ҳозир ўшаларга ҳам йўл беришмаяпти, дейди тошкентлик диндорлардан бири Абдуллоҳ.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатда шу кунларда Саудия Арабистонида таҳсил олаётган Абдулла Азим Миср ғалаёнларидан сўнг ҳукуматнинг текин самолётида Ўзбекистонга қайтган 200 га яқин ўзбекистонликдан 4 нафари ҳибсга олиниб, сўнгра қўйиб юборилгани ҳақида эшитгани бир маълумотни тилга олди.

- Мисрда ўқиб юрган биродаримиздан маълумот келди. 200 тага яқин одамни олиб кетишган ва Ўзбекистонни аэропортида уч-тўрттасини олиб қолишган. Кейин уларни ҳам сўроқ қилиб қўйворишган, деб эшитдик. Ўзи ҳукуматни рўйхатида турадиган одамлар бор ёки Мисрда ҳам ҳукуматнинг одамлари бор. Улар шу Мисрда юрган пайтида бирор ёмон маълумот берган бўлса, боргандан кейин сўроқ қилишган, менимча, деди Абдулла Азим.

Қўшимча қилиш жоиз, бир неча кун бу ҳақдаги хабар Озодликнинг электрон манзилига ҳам келиб тушган эди. Шу кунга қадар бу борада ҳам Тошкент расмийларининг бирор бир расмий изоҳига гувоҳ бўлмадик.

Аммо, Мисрда таҳсил олаётган ва Озодликка микрофонсиз сўзлаган ўзбекистонликлардан бирининг сўзларига кўра, ҳукуматнинг бепул учоғида Тошкентга кетган ҳамюрт талаба танишларидан бирортаси ҳали ортга қайтмаган ва қайтиш истагидан ҳам сўз очмаган.

Эзгулик жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов аараб давлатларида аввал ёки шу кунларда таҳсил олганлар мамлакатда диндорларга қарши бораётган кўп йиллик репрессиянинг навбатдаги қурбонларига айланиши мумкинлигидан хавотирга тушиб қолган.

- Ҳозир ишдан бўшаган имомлар ҳам осон қутулганига шукр қилиб туришибди, дейди ҳуқуқ фаоли бу имомларнинг суҳбатлардан хулоса қилиб.
XS
SM
MD
LG