Линклар

logo-print

Расмийлар Минскда яна портлаш рўй берганини инкор қилди


Минск марказидаги "Октябрьская" метро станцияси, 11 апрел 2011 йил

Минск марказидаги "Октябрьская" метро станцияси, 11 апрел 2011 йил

Минскнинг "Москва" автобус бекатида 12 апрел куни портлаш рўй берганига оид хабарни расмийлар инкор қилди.


Минскдаги "Озодлик" мухбирларига кўра, бекат яқинида автобус портлаган.

Қурбонлар ва талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Бу Минскда сўнгги 24 соат ичидаги иккинчи портлашдир.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги ўзининг интернет сайтида портлаш ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

11 апрел куни Беларус пойтахти Минск марказидаги "Октябрьская" метро станциясининг ўтиш жойида содир этилган портлаш оқибатида ўндан ортиқ одам нобуд бўлди, 150 га яқин одам яраланди.

Беларус прокуратураси президент Александр Лукашенка идорасига яқин ерда жойлашган метродаги портлашни “террорчилик акти” деб атади.

Минск метросида портлаш юз берганидан кейин телевидение орқали чиқиш қилган Беларус президенти Александр Лукашенка бу жиддий чақириқ эканини айтди.

- Мен сизларга шуни айтмоқчиманки, бизга жиддий чақириқ ташланди. Бу жуда жиддий чақириқ эканини биз тан олишимиз керак. Бунга муносиб жавоб қайтариш керак. Бу жавоб топилиши керак, дея баёнот берди Беларус президенти.

Метродаги портлашни мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш йўлидаги уриниш дея бахолаган президент Лукашенко портлашга хорижликлар алоқадор бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

12 апрел куни Беларус Бош прокурори ўринбосари Андрей Швед метродаги портлашга алоқадорликда гумон қилинган бир неча шахс қўлга олинганини айтди. Швед бу ҳақда бошқа маълумот бермади.

Ундан олдин Минскда ўтказилган матбуот анжуманида Беларус Ички ишлар вазири Анатолий Кулешов душанба кунги портлашни амалга оширганликда гумон қилинган икки шахснинг фотороботи ишлаб чиқилганини эълон қилган эди.

Беларус Хавфсизлик хизмати қўмитаси раиси Александр Антонович метродаги портлаш кучи 5 килограмм тротилга тенг бўлганини айтди.

- Портловчи мосламанинг кучи тахминан 5 килограмм тротилга тенг бўлган, деди Беларус КГБси раиси.

Антоновичга кўра, метродаги портлаш оқибатида 12 киши нобуд бўлган, 149 одам турли даражада яраланган. Ҳозир касалхоналарда яраланган одамларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Антонович ярадор бўлганлардан 22 нафарининг аҳволи оғир эканини айтди.

12 апрел куни Минс шаҳар милицияси бошлиғи Леонид Фармагея душанба кунги портлашда ўлган 12 кишидан тўққиз нафарининг шахси аниқланганини айтди.

Ички ишлар вазирлиги портлашдан кейин Минск метросида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини, хусусан станцияларга ўндан ортиқ металл детекторлар ўрнатилганини билдирди.

Беларус Ички ишлар вазири Анатолий Кулешов милиция ходимлари кучайтирилган тартибда ишлаётгани ҳамда "Сирена", "Тоннель" ва "Арсенал" номли учта махсус режа амалга оширилаётганини айтди.

Интерфакс-Украина ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати мутахассислари Минск метросидаги террор акти юзасидан текширув олиб бораётган беларуслик ҳамкасбларига ёрдам бермоқда.

Беларус ҳукумати Минскда содир этилган террор акти қурбонлари хотираси учун 13 апрелни пойтахтда мотам куни деб эълон қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG