Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:07

Ўзбекистонга депорт қилинган қочқинлар ортга қайтди


Швецияда яшаб келган бошпана изловчи ва унинг оиласи Ўзбекистонга янглиш тарзда депортация қилингани маълум бўлди.


Швеция полицияси исмлари очиқланмаётган бир оилани қочқин мақомини олиш аризсага рад жавобини бериб, жума куни Ўзбекистонга чартер рейс билан учириб юборган эди.

Орадан уч кун ўтиб, душанба куни бу оила Швецияга қайтиб келди.

Швеция полицияси матбуот вакили Мариан Паулсоннинг “Озодлик” радиосига айтишича, улар ўзбек фуқароси бўлмаганликлари учун Тошкентдан ортга қайтариб юборилган.

- Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бу одамларнинг кимлигини обдон текшириб, уларнинг ўзбек фуқароси эмаслигини аниқлаган ва шундан сўнг уларни қайтариб юборган, - деди Паулсон.

Швеция полицияси вакилига кўра, бу одамлар ўзларининг Ўзбекистондан эканини айтиб, полицияга сохта ҳужжатларни тақдим этганлар.

- Улар қочқинлик мақомини, Швецияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ҳужжатларни топширганларида Ўзбекистондан эканликларини айтишди, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистондан олингани ёзилган ҳайдовчилик гувоҳгомасини кўрсатишди. Булар сохта ҳужжатлар экан,- дейди Швеция полицияси матбуот вакили Паулсон.

Швецияда бошпана топган ўзбекистонлик таниқли имом ва ҳуқуқ фаоли Муҳаммадсолиҳ Абутов кейинги пайтларда Швециядан қочқин мақомини олувчилар ўзларини ўзбекистонлик мазлум, этиб кўрсатиши холлари кўпайб қолди, дейди.

- Сабаби Ўзбекистон ўзининг диктатураси ва қаттол режими билан дунёда танилган-да. Қўшни Қозоғистондан келиб, мен ўзбекистонликман, Ўзбекистонда ҳуқуқларим камситиляпти, қайтиб борсам ўлдиришади, қамашади деб, ўзини тазйиққа учраган одам сифатида кўрсатади. Энди бунақалар Европага яхши ҳаёт илинжида келганлар ва бунинг учун шунақа сохта ҳужжатларни кўрсатишга ҳам тайёр. Буларнинг мақсади шу ерда қолиб кетиш. Бунинг ёмон томони ҳам бор. Ҳақиқий мазлум, ҳақиқатда жабр кўрган, қийналган қочоқларга буларнинг зарари тегади, уларнинг сохтакорликлари деб буларни ҳам қочқинлик мақоми олишлари қийинлашади,- дейди Абутов.

Швеция полицияси матбуот вакили Мариан Паулсон эса, Ўзбекистондан келганларга қочқинлик мақомини олиши осон, деган тушунча нотўғри эканини айтади.

- Бу ерга келувчилар шунақа деб ўзларича ўйлашса керак. Лекин, Швеция қонунлари барчага бирдай таалуқли ва муҳтож одамларгагина, яъни ватанида хавф борлигини улар исботласагина қочқинлик мақоми берилади,- дейди Паулсон.
XS
SM
MD
LG