Линклар

Тожикистонда СМС талоқ тақиқланади

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийси Абдурахим Холиқов СМС талоқ қонунга ҳам, шариатга ҳам тўғри келмаслигини айтди.

Тожик расмийси Абдурахим Холиқов СМС талоқ қонунга ҳам, шариатга ҳам тўғри келмаслигини айтди.

Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари қўмитаси раҳбари Абдуруҳим Холиқов маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуруҳим Холиқовнинг айтишича, аёлларга бу хил талоқ бериш республика жорий қонунлари ва шариатга зид. Норасмий маълумотларга кўра, сўнги икки йил бадалида тахминан ўн мингга яқин тожикистонлик аёл СМС орқали талоқ олган.

СМС талоқ олган аёл жонига қасд қилмоқчи бўлди

Ҳисор туманида яшаётган 32 ёшли Шоҳсанам Бердиева СМС орқали эридан талоқ олган минглаб тожикистонлик аёллардан биридир.

Айни пайтда Душанбе шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётган Шоҳсанамнинг уч фарзанди унинг синглиси Ситоранинг қарамоғида экан.

Тожикистонда СМС орқали талоқ олиб, фарзандлари билан сарсон бўлаётган аёллар сони кўпаймоқда.
Ситоранинг айтишича, опаси бундан бир ой аввал СМС орқали эридан талоқ олгач, аввалига ишонмаган. “Чунки улар севиб турмуш қурган ва қарийиб ўн йиллик биргаликдаги ҳаётида деярли жанжаллашмаган”, ини айтади Ситора.

Шоҳсанамнинг эри Файзулло давлат хизматчиси бўлган. Аммо йил бошида ишдан бўшатилгач, Россияга иш ахтариб кетган.

Аёлига яхши ҳаёт ваъда қилган Файзулло, кўп ўтмай СМС талоқ юборган.

- Шу қайнона ва қайнотасининг босими билан-да, улар буйруқ берадики, “Болам, сен шу хотинингга жавоб берасан. Бўлмаса бизни демайсан, сени фарзанд ҳисобламаймиз”, дейишган улар. Талоқ келгандан кейин кўрпа-тўшакларини олиб бориб ташлашган. Ҳозир болалари хор-зор, - дер экан, Ситора биргина ўзи яшайдиган “1 Май” қишлоғида январ ойидан буён учта оила шу тариқа ажралганини айтди.

Ситора билан суҳбатдан маълум бўлишича, Шоҳсанам талоқ олган куни ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Зеро бутун умрини оиласига, жуфти ҳалолига бахшида қилганини ва бир кун келиб ундан шундай зарба олишига ишонмаганини айтган бахтсиз аёл.

Норасмий манбалардаги маълумотларга кўра, сўнги икки йил бадалида қарийиб ўн мингга яқин тожикистонлик аёл телефон орқали эридан талоқ олган.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита масъуллари эса СМС талоқ олган аёлларнинг аниқ сони маълум эмаслигини айтади.

Тожикистонлик аёлларни СМС талоқ қилиш тақиқланди

Ниҳоят Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита аёлларга СМС орқали талоқ беришни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилмоқчи.

Бу борада 11 март куни мазкур қўмита раиси Абдураҳим Ҳолиқов билдирди:

Тожик расмийлари СМС талоқ шариатдан эмаслиги ҳақида фатво олмоқчилар.
- Биз бу масала юзасидан аллақачон келишиб олдик. Яқин кунларда бу борада қарор ҳам қабул қилинади. Ислом маркази дин уламолари кенгаши эса телефон орқали талоқ беришни тақиқлаш борасида фатво беради. Чунки телефон орқали талоқ бериш жорий қонунлар ва шариат қонунларига кўра хатодир, - деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Холиқов жаноблари.

Тожик расмийси сўнги йилларда асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб турган тожикистонликлар аёлларини телефон орқали талоқ қилаётганларини айтар экан, бу ўз навбатида ҳукуматни ташвишга солиб қўяётганини тан олди.

Жиддий қадам

Аснода Тожикистон Ислом маркази дин уламолари кенгаши томонидан СМС талоқни тақиқлаш борасида фатво берилишини олқишлаётган кўпчилик диндорлар, буни аёлар ва болалар хуқуқларининг ҳимояланиши учун босилган жиддий қадам ўлароқ баҳоламоқдалар.

- Аёлни биргаликдаги ҳаётга чорлаб, оила бунёд қилган киши бугун келиб бирор зарурат билан оиласидан воз кечар экан, у СМС орқали эмас, балки юзма-юз туриб унга талоқ берсин. Аёлнинг қадрини бунчалик пастга уриб, унга телефон орқали бир ёзув билан талоқ бериш менимча ўта бемаъниликдир, - дейди Душанбедаги Абу Ҳанифа Ислом унверситети ректори Умарали Назаров.

Дунёдаги айрим исломий давлатларда, агар аёл ва эркак олти ой бирга яшамаса, у ҳолда уларнинг никоҳи автоматик тарзда бекор қилиниши қонун доирасида белгилангани айтилади.

Бироқ Тожикистонда бундай қонун йўқ. Тожикистонлик ҳуқуқшунослар ва диндорлар оила бошлиқларидан бир кишининг вафот этиши ортидан аёл ва эркак ўртасидаги никоҳ автоматик тарзда бекор бўлиши мумкинлигини айтади.

Фатво қабул қилинмайди

Тожикистонлик оилалар ва хусусан аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида Тожикистон Ислом маркази дин уламолари кенгаши фатво берар экан буни ҳамма тожикистонликлар ҳам хуш қабул қиладими?

Дин соҳасида мустақил таҳлилчи Ҳожи Салоҳиддиннинг фикрича, ҳамма тожикистонликлар ҳам бунга рози бўлмайди.

- Чунки СМС билан ёки телефон билан талоқ беришни тақиқлаш борасида бирорта шаръий далил йўқ. Қуръонда ҳам бирор оят йўқ. Пайғамбаримиз замонларида телефон бўлмаган ва шунинг учун нутқ билан айтилган талоқ талоқ саналади. Бугун домлаларимиз буни далил қилиб, хоҳ у телефонда талоқ берсин, хоҳ ёзма тарзда берилган талоқ талоқ саналаверади, деб айтишади. Менимча дин уламолари кенгашининг фатвосини аксарият жиддий қабул қилмайди, - деган ишончда дин соҳасида мустақил таҳлилчи Ҳожи Салоҳиддин.

Шу ўринда айтиш лозимки, бир неча йил аввал Тожикистон Ислом маркази дин уламолари кенгаши тожикистонлик аёлларнинг масжидда намоз ўқишларини тақиқлаш борасида ҳам фатво қабул қилган эди.

Бу ўз навбатида тожик жамиятда жуда катта баҳсларга сабаб бўлганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG